Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Май, 2025   |   27 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
04:56
Пешин
12:25
Аср
17:30
Шом
19:47
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Май, 2025, 27 Зулқаъда, 1446

Марҳумларга тиловат савобини бағишлаш масаласида салафийларга раддия

11.05.2021   2581   4 min.
Марҳумларга тиловат савобини бағишлаш масаласида салафийларга раддия

Ўзбек ҳалқининг гўзал одатларидан бири маййит чиққан ҳонадон аҳлига таъзия изҳор этиб, ўтганлар ҳаққига Қуръон оятларидан тиловат қилиб, савобини бағишлашдир. Бу одат аслида ҳалқимизга Ислом дини таълимоти асосида кириб келган. Қуръон оятилари нафақат  марҳумларга ҳатто уни ўқигувчиларнинг ўзига ҳам манфаатлидир. Аҳли суннат таълимоти бўйича, тириклар томондан қилинган яхши ишларнинг савоби албатта, марҳумларга етиб боради. Бу этиқод ҳалқимизнинг қон-қонига синггиб кетганки, ҳатто уни Ислом дини илмларидан тўлиқ хабари йўқлар ҳам билади. Маҳалла-кўй, таниш-билишлар орасида таъзия бўлса, дарҳол бориб ҳонадон эгаларига тасалли бериб, фотиҳа ўқиб келиш одати ҳам шундандир.

Аммо, кейинги даврларда янги чиққан айрим адашган тоифаларнинг талқин қилишича, Қуръон ўқиб савобини ўтганларга бағишлашнинг фойдаси йўқ эмиш. Такфирчи салафийларнинг раҳнамоларидан бири саналмиш, ибн Бознинг “Ал-фатава”, деб номланган китобида бу ҳақда қуйидаги маълумотни учратасиз:

ان قراءة القرءان على أموات المسلمين ضلال

Яъни, “мусулмонларнинг ўликларига Қуръон тиловат қилиб савобини бағишлаш ҳаромдир!”.

Ибн Бознинг бу фатвоси салафи-солиҳлар жумлаи жаҳон аҳли сунна мусулмонларининг фикрига хилофдир. Шу билан бирга унинг бу ва бу каби бошқа бидъатлари тинч-тотув яшаб келаётган мусулмон миллатлар орасида фитна, адоват ва ихтилоф уруғларини сочувчи омил вазифасини ҳам ўтаб берди.

Маййитларга тиловат савобининг етиб бориши уммати муҳаммадиянинг ижмоъси билан исботланган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг машҳур “Ал-азкор” номли асарида айтади:

”Тириклар дуосининг ўтганларга манфаъати бор, амалларнинг савоби ҳам етиб боради, деб уламолар ижмоъ қилганлар”.

Шунингдек, имом Нававий ҳазратлари имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидагича ривоят қилган:

ويستحب أن يُقرأ عند الميّت شىء من القرءان وإن ختموا القرءان عنده كان حسنًا

Яъни, “маййитнинг қабри олдида Қуръон оятларидан ўқишлик мустаҳабдир, агар Қуръоннинг ҳаммасини ўқиб хатм қилинса, янада яхши бўлади”.

Имом Шофеъийнинг бу сўзлари “тиловат савобини бағишлаш ҳаром”, деган салафийларнинг барчасига қарши ҳужжат бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, اللهم اغفر لاهل البقيع , “Эй Аллоҳ Бақиъ қабристон аҳлини кечиргин”, деб дуо қилганлари машҳур ҳадисларда келган. Ва яна, жаноза намозининг ўзида ҳам учинчи такбирдан кейинги ўқиладиган дуода “тирикларимиз ва ўтганларимизнинг гуноҳларидан ўт”, деб дуо қилинади. Бу дуони ҳатто ўша ибн Бознинг ўзи ҳам, издошлари ҳам ўқиб келишади.

Маъқал ибн Ясорнинг ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

اقرءوا يـس على موتاكم

“Ўликларингизга Ясин сурасини ўқинглар”, деган тавсиялари айтилган.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган бир ҳадисда айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кун қабристондан ўтар экан, тўсатдан икки ёнма-ён қабр олдида тўхтайдилар ва асҳобларига бирон новда келтиришни буюрадилар. Асҳоблар дарҳол хурмо новдасини келтиради, Расулуллоҳ новдани иккига бўлиб, иккала қабр устига санчиб қўяди. Бу ҳолга ажабланиб қараб турган саҳобаларга Ул зот: “Шу икки қабр эгалари қабрида азоб чекишмоқда, уларнинг бири бавлидан сақланмас, иккинчиси эса бировларнинг айбини ташиб чақимчилик қилар эди. Зора, шу новда қуригунча уларнинг азоби енгиллашса..”, дедилар. Худди шу ҳадиснинг шарҳида имом Нававий айтганларки: “Оддий бир новданинг айтган тасбиҳларидан қабр аҳлига манфаат бўлса, инсон зоти ўқиган оятларнинг қандай нафи бўлмасин?! Албатта, Қуръон оятларининг нафи новданинг тасбиҳидан кўпроқ бўлади”.

Бу каби ҳужжат далилларни кўплаб келтириш мумкин. Қадимдан мағрибу-машриқ мусулмонлари ўқилган оятларнинг савоби марҳумларга етади, деб эътиқод қилиб келган. Кейинги даврларда салафийлар пайдо бўлди-ю уммат қабристонлари пайҳон қилинди. Улар томондан мусулмонлар аввал мушрикка чиқарилди сўнгра эса, аллома-ю авлиёларнинг мақбаралари бузиб ташланди, портлатилди. Бирдам, ҳамжиҳат мусулмонлар орасига душманчилик киритилди. Салафийларнинг қилаётган бу каби ҳаракатлари нафақат мусулмончилик, балки инсонийликка ҳам мос келмайдиган ваҳшийликдан бошқа эмасдир.

 

Андижон вилояти

Тожибоев Ботиржон

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Аллоҳ бундай бандаларни яхши кўради

19.05.2025   4613   5 min.
Аллоҳ бундай бандаларни яхши кўради

Ҳар бир ишни пухта қилиш – бу инсоннинг ўз вазифасига жиддий, масъулиятли ва профессионал ёндашишини англатади. Пухта ишлаш нима? Пухта ишлаш – ишни юзаки эмас, балки чуқур ўйлаб, режа асосида, керакли билим ва маҳорат билан мукаммал бажаришдир.

Шу билан бирга, бу сифатга эътибор бериш, масъулиятни ҳис қилиш, ҳар бир қадамни аниқ режалаштириш, тафсилотларга эътибор қаратиш ва натижадан қониқиш ҳиссини олиш деганидир.

Пухта ишлаш бир неча омилларга кўра муҳим саналиб, улардан:

  1. Иш сифатли чиқади – хатолар камаяди, қайта тузатишга эҳтиёж қолмайди;
  2. Ишонч пайдо бўлади – одамлар сизга ишонади, бирор юмушни ишониб топширади;
  3. Вақтни тежайди – илк босқичда пухта бажарилган иш юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этади.
  4. Рақобатбардошлик ошади – ишда муваффақият эҳтимоли ошиб, хизматга талаб юқори бўлади.

Ислом нуқтаи назаридан қараганда, ҳар бир ишни пухта бажариш инсоннинг имоний бурчларидан биридир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳ бирортангиз иш қилсангиз, уни пухта бажаришингизни яхши кўради” (Имом Табароний ривояти).

Мазкур ҳадисдан маълум бўладики, ҳар қандай ишни пухта, сидқидилдан бажариш исломда ҳам катта фазилат саналади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам ишни пухта ва сидқидилдан бажариш зарурлиги тўғрисида “Ижтимоий одоблар” асарида қуйидаги фикрларни билдирган:

Мусулмон инсон жамият юзидаги энг кўркам ва гўзал хол бўлиши лозим. У инсон зоти чиройини очиб турувчи омил бўлиши керак. Бу эса, ижтимоий одоблар орқалигина юзага чиқади.

Мўмин кишининг ҳар бир ишни яхшилаб ва пухта қилиши мақбулдир. Бу барча инсонларга севикли Набийнинг ислом умматига амри, фармони, тавсияси ва насиҳатидир.

عَنْ عَائِشَةَ : قَالَ النَّبِيُّ ﷺ: «إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ إِذَا عَمِلَ أَحَدُكُمْ عَمَلًا نْ يُتَّقِنَهُ». رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизлардан бирингиз иш қилганда, уни яхшилаб, пухта қилишингизни севади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таолонинг севгисига сазовор бўлай деган инсон катта-кичик ҳар бир ишни фақат ва фақат яхшилаб, чин дилдан пухта бажаришга уринади. Бу сифат эса ижтимоий одобларни ўрнига қўйиш билан юзага чиқади[1].

Қандай қилиб ҳар бир ишни пухта қилиш мумкин?” Бу борада қуйидагиларни тавсия қилиш мумкин:

  1. Фикр сўраш, маслаҳатлашиш. Агар мумкин бўлса, ҳар бир ишни бажаришдан олдин тажрибали ва олим инсонлар фикрини олиш, улар билан маслаҳатлашиш зарур. Бу кишининг шахс сифатида камол топиши, ривожланиши ва бажарилаётган ишнинг мукаммал бўлишига ёрдам беради.
  2. Аниқ мақсад қўйиш. Бу иш нима учун керак? Яхши натижа нима? каби саволларга жавоб топиш, зарур бўлса, тажрибали инсонлар билан маслаҳатлашиш.
  3. Режа тузиш. Ишга киришишдан аввал вазифалар рўйхатини тузиш лозим.
  4. Иш пайтида диққатни жамлаш ва халақит берувчи омилларни бартараф этиш.
  5. Масъулиятни ҳис қилиш. Киши ўзи бажараётган ишнинг охиратда сўрови борлигини унутмаслиги, унга сидқидилдан ёндашиши лозим.
  6. Бажарилган ишни текшириш. Иш тугагач, уни қайта кўриб чиқиш ва хатоларини тузатиш лозим. Бу эса ишни пухта бажаришнинг асосий омили ҳисобланади.

Ҳар бир ишни пухта бажариш – бу муваффақиятнинг асосий омилларидан биридир. Чунки ҳозирги кунда бозор муносабатлари шароитида ўз ўрнига эга бўлиш учун ишни пухта бажариш, энг майда деталларига қадар эътибор қаратиш муҳимдир.

Ҳар бир ишни пухта бажариш қуйидаги натижаларга олиб келади:

  1. Масъулиятни кўрсатади – ҳар қандай ишни пухта, чуқур ўйлаб, юксак масъулият билан бажариш инсоннинг касбий етуклиги ва шахсий маданиятини намоён этади.
  2. Сифат кафолати – пухта бажарилган иш маҳсулот ёки кўрсатилган хизмат сифатининг юқори бўлишини таъминлайди.
  3. Ишда самарадорлик – пухта режалаштирилган ҳолда бажарилган иш вақт ва ресурсларни тежашга ёрдам беради.

Хулоса қилганда, ҳар бир ишни пухта қилиш нафақат шахсий ўсиш, балки жамият ривожи учун ҳам муҳимдир.

[1]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ижтимоий одоблар. “Ҳилол-Нашр”. Тошкент 2024. –Б.26-27

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими