Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июн, 2025   |   17 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:00
Хуфтон
21:38
Bismillah
13 Июн, 2025, 17 Зулҳижжа, 1446

Фитр садақаси

11.05.2021   5422   5 min.
Фитр садақаси

 

قدْ أَفْلَحَ مَنْ تَزَكَّى    ٰ

Батаҳқиқ, ким пок бўлса, ютуқ топадир..

وَذَكَرَ اسْمَ رَبِّهِ فَصَلَّىٰ

Ва Роббиси исмини зикр қилса ва намоз ўқиса ҳамдир.

(Аъла сураси 14-15-оятлар)

Фитр садақаси ушбу оят билан фарз бўлган.

Касир ибн Абдуллоҳдан, отасидан, бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралганда, "Фитр садақаси ҳақида нозил бўлган", деганлар.

Фитр садақаси Рамазондан фитр (оғиз очиқликка) чиқиш муносабати билан берилгани учун ҳам шундай ном олган. Фитр садақаси ҳанафий мазҳабида вожиб амал бўлиб, бошқа садақалар молдан қилинса, бу киши бошидан қилинади.

Фитр садақасининг бир нечта номлари бор. Улар:

  1. Фитр садақаси
  2. Фитр закоти
  3. Рўза закоти
  4. Рамазон садақаси

Ушбу номлари ҳадисларда ворид бўлган.

Фарз бўлишининг ҳикматлари:

  1. Рўзадорни рамазон ойи давомида қилган гуноҳларидан поклайди.
  2. Инсонни зиқналикдан асрайди.
  3. Рўзадорни ажрини кўпайтиради.
  4. Фақир ва мискинларга тенглик қилишни ўргатади.
  5. Aллоҳ таолога рамазонга ва рўза тутишга етказгани учун шукр изҳор қилишга ундайди.
  6. Мусулмонларни ўзаро муҳаббатли бўлишга чорлайди.

Фитр садақасига оид баъзи ҳукм ва маълумотлар:

  • Фитр садақаси ибодатлардан бири.
  • Унинг вожиб бўлишлиги закот билан боғлиқ.
  • Фитр садақасининг ҳукми Ҳанафий мазҳабида вожиб қилинган. Қолган мазҳабларда фарз.
  • Фитр садақаси икки сабаб билан фарз бўлган:

     а) рўза тутувчини турли хил ёмонликлардан поклаш учун.

Вакиъ ибн Жарроҳ роҳимаҳуллоҳ: "Рамазон ойида фитр садақасини беришлик, намоздаги саждаи саҳв кабидир. Саждаи саҳв намознинг нуқсонларини тўғрилагани каби у ҳам рўзанинг нуқсонларини тўғрилайди".

б) у мискиннинг ўша кундаги таоми бўлгани учун.

  • Фитр садақасидан мақсад: мискинларга кенглик, шодлик ва қувонч куни бўлган ҳайит байрами куни уларни таом сўраб юришларидан озод қилишдир.

 Ибн Aббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Фитр садақаси рўзадорни бекорчи ва фаҳш сўзлардан покловчи ва мискинларга таом улашишдир", дедилар". (Aбу Довуд ривояти)

Умар ибн Aбдулазиз роҳимаҳуллоҳ айтдилар: "Фитр садақасини бериб, соънг ийд намозида чиқилади".

  • Фитр садақаси ҳар бир нисобга етган моли бор мўминга фарздир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ҳур ва қул ёки ҳар бир эркак ва аёлга фитр садақасини фарз қилдилар". (Муттафақун алайҳи ривояти)

  • У рўза тутадими, тутмайдими, каттами ё кичикми ҳаттоки бешикдаги гўдак бўладими нисобга етган пули бўлса фазрдир.
  • У рамазон ҳайитининг қуёши чиқиши билан фарз бўлади. Ким қуёш чишидан аввал туғилса ё исломни қабул қилса, унга вожиб бўлмайди. Лекин қуёш чиққач, вожиб бўади.
  • Ким мана шу вақтдан олдин вафот этса унга ҳам вожиб эмас. Ким ўша вақтга етган заҳоти вафот этса, уни меросидан чиқарилади.
  • Мусулмон киши ўзи, кичик болалари ва ота-онаси ҳамда турмушга чиқмаган қизи номидан беради.
  • Хотинининг номидан ҳам бермайди.
  • Мажнун боласининг номидан беради.
  • Бой фарзанди номидан бермайди.
  • Эркак киши ражъий талоқ қўйган аёли номидан ҳам беради.
  • Боин талоқ қўйганидан бермайди.
  • Фарзанд отасининг фақир хотини номидан бермайди, чунки у аёлнинг нафақаси у болага вожиб эмас.
  • Ота-онасининг номидан ҳам бермайди. Aммо ота-онаси ҳам фақир, ҳам мажнун бўлса унда беради.
  • Фарзанд агарчи отаси уни номидан берадиган бўлса ҳам, ўзи беришга қодир бўлса, ўзи бериши керак бўлади.
  • Киши мусулмон ишчилари номидан бермайди. Aгар берса, ҳеч қиси йўқ.
  • Етим болани кафиллигига олган киши унинг номидан фитр садақа бериши шарт эмас.
  • Фитр садақанинг миқдори буғдойдан ярим соъ, ундан бошқаларидан бир соъ. Бир соъ=3.800 грамм.
  • Aбу Саид Aл-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бир соъ миқдорича таом берар эдик". (Муттафақун алайҳи)
  • Барча мазҳаб ҳурмо ва арпадан бир соъ берилишига иттифоқ қилганлар.
  • Буғдойдан берса, ярим соъ беради.
  • Фитр садақаси ҳар ўлкада ўша ернинг кенг тарқалган таомидан берилади.
  • Шакар, туз каби нарсалардан чиқарилмайди. Инсонлар одатда овқат сифатидан тановул қиладиган нарсадан берилиши керак.
  • Консерваланган нарсалардан ҳам бериб бўлмайди.
  • Бир соъдан кўпроқ миқдорда берса ҳам жоиз. Зиёдасига савоб олади.
  • Ҳанафий мазҳабида арпа, ҳурмо, майиз ва буғдойни ўзини бериш жоиз. Ундан бошқа нарсани пулидан беради.
  • Бир кишининг қарзи ўрнига берса жоиз эмас.
  • Ишчисига хизмат ҳаққи ҳисобидан ҳам бериши жози бўлмайди.
  • Фитр садақаси беришнинг икки вақти бор. A) Мустаҳаб вақти: ҳайит куни намозга боришдан аввал.  Б) жоиз вақти: ҳайитдан бир ёки икки кун аввал.
  • Ким бу вақтлардан ҳам олдин берган бўлса, Ҳанафий мазҳабига кўра жоиз бўлади. Қолган мазҳабларда қайтадан беради.
  • Киши бир вакил орқали берса ҳам бўлади. Муҳими вақтида берса кифоя.
  • Ийд намозидан аввал бера олмаса, кейин беради.
  • Ҳанафий мазҳабида пулдан берса ҳам жоиз.
  • Фитр садақасини ҳақийқий мусулмон мискинга беради.
  • Ишлашга қурби етса ҳам ишламай юрганларга бермайди.

 

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Ф.Хомидов

 

РАМАЗОН-2021
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муаззам кунлар оғушидамиз

05.06.2025   14363   4 min.
Муаззам кунлар оғушидамиз

Диёримизга улуғ айём кириб келмоқда. Қутлуғ Ийдул Азҳо ватандошларимизни хайру саховат, меҳр-оқибат сари чорлайди. Бу байрам чин маънода одамийлик айёми. Инсонларга меҳр, ўксик кўнгилларга шодлик улашиш фурсати.


Қалблари ҳиммат ва карам неъматидан бобаҳра халқимиз бу муаззам кунларни бой бермаслик учун фурсатни ғанимат биладилар ва савобдан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар.


Динимиз кўрсатмалари, шариат ҳукмларини устивор тутган қодир ватандошларимиз қурбонликлар қилиб, Ҳақни рози қилишга, ҳақдорлар кўнглини олишга интиладилар. Яратганнинг раҳмати ёғилиб турган дамларда дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, - деб марҳамат қилади.


Бу борада сарвари коинот саййидимиз ибратлари ўринли. Оила аъзоларимизни йўқлаш, қўшнилар ҳолидан хабар олишда, мискинларни севинтириш-у, хасталар аҳволидан  огоҳ бўлишда уларнинг ҳадиси мубораклари бизга нурли йўл, деймиз.


Амаллар кўп. Уларга бериладиган савобларнинг даражаси амалга қараб белгиланади. Энг савоби кўп амал бу фарз ҳисобланса, бошқаларга яхшилик улашиш ундан кейинги ўринда турадиган улуғ ибодатдир!


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб шундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли бўлган амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.


Шунинг учун Шайх Абдуллоҳ Ҳошим раҳматуллоҳи алайҳ қозиликдан келган маошнинг тенг ярмига ширинлик сотиб олиб, ўзлари билан олиб юрар ва ҳар доим учратган болага ширинликдан бериб, уни хурсанд қилар эдилар.


Улуғ кунларда турибмиз. Ҳар дамни ғанимат билишлик, бир биримизга саховатда ибрат бўлишимиз савобли амаллар эканини ҳис қилмоғимиз лозим. Бу кунда исрофгарчиликдан холи дастурхонлар ёзиш, боримизни бошқалар билан бўлишишга интилишимиз даркор. Хайрни,  яхшиликни гуноҳга алмаштириб қўймаслик учун ҳам уйғоқ кўнгил бўлиш талаб этилади.


Бугун муаззам кунлар оғушидамиз, дедик. Ватандошларимиз улуғ сафарларни ихтиёр этганлар. Айни фурсатларда ҳожиларимиз Мино, Арофат водийларида, Муздалифада – дуолар қабул бўладиган маконларда, замонларда ибодатлар қилиб, элу юртга тинчлик, осойишталик сўрамоқдалар. Бу дуолар баракотидан диёримиз аҳлига қанча яхшиликлар етишади, иншааллоҳ. Ибодатлар ҳузурини тотган одамларнинг қалби салим, эҳсону, мурувватда пешқадам бўлишлари бу энг катта яхшилик аслида. Ҳожиларимиз сафар одобларини тушуниб, улуғ даргоҳлардан насибадор бўлиб қайтадилар. Диёримизга қайтганларидан сўнг эса ёшларимиз маънавиятига камарбаста бўладиган, Ҳақ ва ҳақиқат йўлида сидқидил хизмат қиладиган холис Ҳақ хизматчиларига айланадилар, деган умидимиз бор. Бундай улуғ зиёратлар инсонни қайси ёшда бўлмасин, эзгуликларга хайрихох қилади. Ўзгалар қалбини тушунишга, ватан ва халқ манфаати йўлида саъй-ҳаракатга чорлайди.


Бу кунларнинг Яратган даргоҳидаги ўрни мушарраф. Ҳайит кечаларида дуолар қабул бўлади. Қурбонлик гўштларидан насибадор оилаларга хурсандчилик киради. Бу эҳсонлар ортида ҳам меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик мақсади мужассам. Биз бу маконда яшарканмиз, турли миллатлар вакиллари ягона Ўзбекистоннинг фуқароларимиз. Ўзаро тенглик, адолат ҳукм сурган юртда биродарлик, яхши қўшничилик анъаналарини қадрлаб яшамоқдамиз. Маҳаллаларда ҳамкорлик билан ободлик сари йўл очиляпти. Ватанимиз кундан- кунга фаровон, халқимиз турмуши чиройли бўлиб боряпти. Бу неъматларга шукрона қилиш, тўғри йўлда собитқадам бўлиш маърифатимиз, маънавиятимиз камолидан дарак беради.


Халқимизга саодат ва сано айёми – Қурбон ҳайити муборак бўлсин! Барчамизни Яратган хайру хурсандчиликлар устида бардавом қилсин. Ватанимиз тинч, юртдошларимизнинг оилалари фаровон бўлсин.

Холмурод МАМАЖОНОВ,

Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби

Ўзбекистон янгиликлари