ШАВВОЛНИНГ ОЛТИ КУНЛИК РЎЗАСИ
— Рамазон ойидан кейин тутиладиган олти кунлик рўза ҳақида батафсил маълумот берcангиз.
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий розияллоҳуу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши йил давомида рўза тутганлик савобига эришар экан. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).
Ушбу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.
Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – ёлғиз Парвардигор! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.
Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро, бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”.
ШАВВОЛ ОЙИ РЎЗАСИДА ҚАНДАЙ ДУО ҚИЛИНАДИ?
— Рамазондан кейин Шаввол ойида тутиладиган 6 кун рўзада қандай дуони ўқиш керак?
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шаввол ойида рўза тутиш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Рамазон ойи рўзасини тутиб, унга қўшимча тарзда шаввол ойида олти кун рўза тутган киши йил бўйи рўзадор бўлган кабидир” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Бу рўзада муайян дуо йўқ. Нафл рўзаси каби тутилади.
НАФЛ РЎЗА КАФФОРАТИ
— Нафл рўзани қасдан бузганда ҳам каффорат борми?
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Йўқ Рамазони шарифнинг ҳурматидан фақат Рамазон рўзасини қасдан бузганларга каффорат буюрилган. Бошқа рўзалар қазо, назр ёки нафлларда қасдан бузганларга каффорат буюрилмайди. Уларни қасдан бузилганда, фақат ўша куннинг қазосини тутиш буюрилади, холос.
ҚОЛДИРГАН РЎЗАЛАРИМНИ ҚАНДАЙ ТУТАМАН?
— Ўтган йиллари тутолмаган рўзамни шу йил тутмоқчиман. Ушбу қолиб кетган рўза қандай тартибда тутилади? Буни ҳам узлуксиз тутиш керак-ми ёки орада дам олиб тутса бўлади-ми?
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазон рўзасини тутмаган кунлари учун қазосини тутиб бериш кишининг зиммасидаги фарз амалдир. Яъни рамазон ойида тутмаган бўлса, бошқа ойларда уни тутиб беради. Рўзани қазосини тутишда имконига қараб тезроқ тутиб беради, кетма-кет бўлиши шарт қилинмаган. Аммо каффорат рўзасини тутишда олтмиш кун узлуксиз тутади. Мабодо орада бир кун узилса, олтмиш кунни яна бошидан бошлаб кетма-кет қилиб тутади. Рамазон рўзасини ният билан бошлаб, кейин уни қасдан бузса, каффорат вожиб бўлади.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Кеча, 29 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари халқаро конференция доирасида Иордания бош муфтийси Аҳмад Иброҳим Ҳасанот ҳамда Қирол Абдуллоҳ II номидаги Имомлар малакасини ошириш институти директори Абдусаттор Алқуда билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқотда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, мамлакатлар раҳбарларининг дўстона алоқалари турли йўналишлардаги муносабатларга замин бўлаётгани, алоқаларни ривожлантириш бўйича “Йўл харита” ишлаб чиқилгани, унда диний таълим, замонавий фатво ишлаб чиқиш бўйича вазифалар белгиланганига урғу қаратилди. Шунингдек, меҳмонларга Давлатимиз Раҳбари саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Диний идора Фатво маркази уламолари мазкур институтдаги ўқувларда мунтазам иштирок этиб келаётгани, иорданиялик уламолар мамлакатимиздаги анжуманларда доимий қатнашиб келаётгани, хусусан, Исломий илмлар дорулфунуни доктори Шайх Салоҳ Абул Ҳож фаоллиги учрашувда алоҳида таъкидланди.
Иордания муфтийси заминимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби мутафаккирлар етишиб чиққани, юртимиз уламолари дин ривожига катта ҳисса қўшгани, Ислом ақидасини ҳимоя қилишдаги беқиёс хизматларига урғу қаратди.
Аҳмад Иброҳим Ҳасанот Самарқандда ўтаётган конференциянинг долзарблиги ҳақида гапириб, бугунги кунда мотуридийлик таълимотини чуқур ўрганишни тақозо этаётгани, мотуридийлик мактабининг илм-маърифат, мўътадиллик ва бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этишдаги ўрнини юқори баҳолади. Шунингдек, у ўзбекистонликлар файзу барака, илм-маърифатни араб оламидан эмас, балки ўзларининг ўтмишдаги буюк мутафаккирлари меросидан олишлари энг тўғри йўл эканини изоҳлади.
Имомлар малакасини ошириш институти директори Абдусаттор Алқуда ушбу ўқув даргоҳи масжид имом-хатиблари тайёрланиши ва уларнинг малакаси ошириш, диний қадриятларни тарғиб қилиш, экстремизм ва бузғунчи ғояларга қарши курашиш ишлари билан шуғулланишини билдирди.
Учрашув ниҳоясида замонавий фатволарни ишлаб чиқиш, диний соҳа ходимлари малакасини ошириш ва илмий-тадқиқот олиб боришда ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати