Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июл, 2025   |   17 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:19
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:34
Bismillah
12 Июл, 2025, 17 Муҳаррам, 1447

Тарихий кошинлар Ватанимизга қайтарилади

03.05.2021   1435   3 min.
Тарихий кошинлар Ватанимизга қайтарилади

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси Британия музейи билан ҳамкорликда Маданият вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги, Республиканинг қатор музейлари тадқиқотчи ва ходимлари учун маданий ва тарихий мерос буюмларини сақлаш, уларнинг контрабандаси ва ноқонуний савдосига қарши курашиш бўйича онлайн семинар ташкил қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбирда Британия музейининг Яқин Шарқ бўйича бўлими катта куратори Сент-Жон Симпсон, Оксфорд университети профессори Жеймс Аллан, Йорк университети профессори Ричард Макклери ва Давлат Эрмитажининг Марказий Осиё сектори катта илмий ходими Андрей Омелченко маъруза қилди.

Британия музейи вакили ўтган йили Лондоннинг Хитроу аэропортида ислом эпиграфикаси туширилган 6 та тарихий кошин сақлаб қолингани ҳақида сўзлаб берди. Мутахассис кошинлар Ўзбекистон, Буюк Британия, АҚШ, Россия ва бошқа мамлакатларнинг олимлари томонидан ўрганилганини билдирди. XII-XIV асрларга оид ушбу тарихий ашёлар Ўзбекистондаги меъморий обидаларга, хусусан, Самарқанд шаҳридаги Шоҳи Зинда мажмуасига тегишли экани тахмин қилинмоқда.

17 май куни Британия музейи карантиндан кейин илк марта очилади ва ушбу кошинлар Ўзбекистоннинг розилиги билан музей галереяларидан бирида намойиш этилади. Бу музейга ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотади. Бир неча ойдан сўнг Ўзбекистон элчихонаси кўмагида экспонатлар ўз Ватанига қайтарилади.

Британия музейи вакили кошинларнинг идентификация қилиш ва ватанига қайтариш Ўзбекистон вакиллари билан муваффақиятли ҳамкорлик самараси эканини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ноябрь ойида Британия музейи ҳамда Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Унда нафақат ўғирланган ёки ноқонуний муомалада бўлган буюмларни аниқлаш ва консультация қилиш бўйича ўзаро алоқаларни, балки ҳамкорликда илмий тадқиқотларни ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, биргаликдаги тадбирларни ўтказиш масалаларини ҳам қамраб олган.

Онлайн-семинарда сўзга чиққан мутахассислар маданий мерос объектларини сақлаш ва ҳисобга олишда олимлар ва музейлар ўртасидаги ҳамкорликнинг алоҳида аҳамиятини таъкидлади. Шунингдек, улар барча архитектура ёдгорликлари, археологик қазиш ишлари пайтида топилган объектлар фотосуратларининг рақамли маълумотлар базасини яратиш, маданий мерос объектларининг альбомлари ва почта карталарини нашр этиш, артефактлар сотиладиган “ким ошди” савдолари ва онлайн-ресурсларни мониторинг қилиш зарурлигини таъкидлади.

Тарихий буюмлар ҳақида қанчалик кўп маълумот мавжуд бўлса, уларнинг контрабандаси ва ноқонуний савдосига қарши курашиш шунчалик осон бўлиши қайд этилди.

Ўзбекистон вакиллари мамлакатимизда маданий ва тарихий меросни сақлаш ва чет элларда кенг оммалаштиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Хорижий шериклар билан контрабанда ва экспонатларнинг ноқонуний савдосига қарши курашишда ҳамкорлик қилишга қизиқиш катталиги таъкидланди.

Шу нуқтаи назардан, мазкур веб-семинар ушбу долзарб мавзуга бағишланган биринчи халқаро тадбир бўлиб, унда очиқ ва самарали баҳслар бўлиб ўтди.

Маълумот учун, яқин кунларда Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари бадиий ва маданий мерос контрабандасига қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилади.

Онлайн семинар ниҳоясида маърузачилар Ўзбекистонда жорий йил сентябрь ойида ЮНEСКО ҳомийлигида ўтказиладиган «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» халқаро форумида иштирок этиш учун таклиф қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Нажот йўли

11.07.2025   1217   2 min.
Нажот йўли

Ислом дини одамларнинг тафриқага бўлинишни қоралайди. Минтақамиз ва юртимиз мусулмонлари Қуръон ва ҳадисдаги ақидавий ва фиқҳий масалаларни тушунишда Аҳли сунна вал жамоанинг мотуридий ақидаси ва ҳанафий мазҳабидалар.

Аҳли сунна вал жамоа ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг катта қисмини ташкил қилган. Афсуски, ҳозирги кундаги ўзини Аҳли сунна вал жамоаданман деб даъво қиладиган кимсаларнинг айтаётган гаплари ва тутаётган йўллари суннатга зид ҳисобланади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳам Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашни алоҳида буюрган:

“Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар" (Ҳашр сураси, 7-оят).

Демак, "Аҳли сунна вал жамоа"дан ажрамаслик лозим экан. "Ким жаннатнинг қоқ ўртасини ирода қилса, жамоатни лозим тутсин" дейилган.

Жамоатдан ажраб қолиш оқибати ҳам саҳиҳ ҳадиси шарифларда ўз аксини топган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимки жамоатдан бир қарич ажралса, ўладиган бўлса, фақатгина жоҳилият ўлими ила вафот этади!” (Имом Бухорий, Муслим ривояти).

Ҳар бир фирқа вакиллари ўзларини аҳли сунна вал жамоа вакили деб билади ва ўзларининг гуруҳларидан бошқаларни бу йўлдан айрилган, деб билади. Чунки, ҳар қандай фирқа ва оқимнинг бир неча юзлаб, балки минглаб ва миллионлаб вакиллари бўлиши мумкин ва бу ўзига хос жамоатни юзага келтиради, албатта.

Аҳли сунна вал жамоа айтганимиздек, мусулмонларнинг мутлақ кўпчилиги бўлганлар ва суннатга амал қилиб келган мусулмонларнинг катта жамоасини ташкил қилади.

Шундай экан, Аллоҳ таоло барчаларимизни, хусусан ёшларни туғри йўлда собит қадам қилсин.

Косонсой туман бош имом-хатиби Азизов Қодирхон

Манба: @Softalimotlar

МАҚОЛА