Ислом байроғи остида фаолият кўрсатаётган экстремизмнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши тарихнинг муайян даврида устувор бўлган кўплаб омиллар, турли жараёнларнинг ўзаро таъсирлашувининг натижаси деб тушуниш мумкин. Ўрганиш, дин ниқоби остида пайдо бўлган экстремистик ҳаракатларнинг ғоявий илдизлари ислом тарихининг биринчи асрига бориб тақалишини кўрсатади. Республикамиз биринчи Президенти таъкидлаб айтганларки: “Асримиз вабоси бўлмиш бу жирканч иллатнинг фақат шафқатсиз кўринишларини эмас, балки илдизларига етиб бориб, жамият ҳаётидан, дунё халқлари ҳаётидан уни таг-томири билан суғуриб ташлаш – барча давлатларнинг энг долзарб вазифаси бўлиши керак, бу йўлда барчамиз бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз, қаттиқ кураш олиб боришимиз шарт”[1].
Тарихий манбаларда мазкур оқимларнинг тарқалиши, фаолияти ва уларнинг ўзига хос йўналишлари батафсил таҳлил қилинган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган деярли барча экстремистик гуруҳлар ўша оқимларга хос хусусиятларни ўзида жамлаган ҳолда, улар қўллаган услуб ва ғоялардан кенг фойдаланиб келмоқда.
Ислом ниқобидаги экстремизмнинг илк вакиллари сифатида 657 йили халифа Али розияллоҳу анҳу аскаридан ажралиб чиққан, ўзларини ҳақиқий мусулмон, сафларига қўшилмаганларни «диндан қайтган» деб эълон қилиб, уларга қарши муросасиз кураш олиб борган «хорижийлар» (арабча – «ажралиб чиққанлар», «исёнчилар») оқими фаолияти фикримизнинг исботи бўла олади[2].
Демак, Исломда дастлаб пайдо бўлган фирқа хорижийлардир. Бошқа динларда бўлгани каби мусулмонлар ичида ҳам фирқалар бўлган. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек, Ислом динида 73 та фирқага бўлиниш юз беради. Уларнинг биттасигина тўғри йўлда, қолганлари эса, залолатда ҳисобланади. Қуръон оятлари ва ҳадисларда ҳам фирқаларга бўлинмасликка буюрилади. Хорижийлар ўз талқинларидаги «соф» ислом қоидаларига қатъий риоя қилиш тарафдори эди. Илк Исломда инсон эътиқодини белгилашда ниятга эътибор берилган бўлса, хорижийлар амалга қараб баҳо берди. Айнан хорижийлар ўз қарашлари ва фаолиятига қўшилмаганларни кофирга чиқариш, уларга қарши «жиҳод» олиб бориш ҳақидаги ғояларни ишлаб чиқиб, террор услубини қўллаш орқали ҳукмдорларни жисмонан йўқ қилиш амалиётини бошлаб берган эди. Шунингдек, хорижийлар диндор кишининг ислом арконларига содиқлигини қилган ишларига қараб баҳолаш керак, деб ҳисоблаб, ўзларининг талқинидаги Ислом қоидаларига риоя қилмаган ҳар қандай ҳукмдорга бўйсунмаслик, уни ағдариб ташлаш зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари сурган эди. Бундай ғоялар ҳокимият учун курашнинг зўравонликка асосланган усуллари келиб чиқишига ва минглаб кишиларнинг ҳалок бўлишига олиб келди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:»Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Насоролар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда. У – жамоатдир» ибораси зиёда қилинган[3].
Ҳадиснинг давомида эса келажакда Ислом уммати етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ҳақида хабар берилмоқда. Минг афсуслар бўлсинким, бу гаплар юзага чиқди. Исломга эътиқод қилиб юрганлар ичида ҳам турли-туман фирқалар пайдо бўлди. Кези келганда шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу ҳадисда ва шу маънодаги бошқа ҳадисларда зикр қилинган фирқалардан мурод ақийдавий фирқалардир. Баъзи бир ҳаддидан ошганлар ўйлаганидек, фиқҳий мазҳаблар эмас. Чунки фиқҳий мазҳаблар ўз номи билан мазҳаб, фирқа эмас. Фиқҳда ихтилоф, бир-бирини кофир қилиш йўқ. Фиқҳда сиртдан хилоф бўлиб кўринган нарса аслида бир нарсани адо этишнинг турли кўринишлари, холос. Эътиқоддаги бўлиниш эса фирқачилик деб номланади. Бунда ҳар бир фирқа бошқасини кофирга чиқаради. Уларнинг келишмовчиликлари тавҳид асослари, қазои қадар, Пайғамбарлик шартлари каби масалаларда бўлади. Ақийда китобларида ана ўша фирқаларнинг асосини қуйидаги олти фирқа ташкил этиши айтилган[4]:
«Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда, у жамоатдир». Яъни, Ислом умматида пайдо бўлган етмиш учта эътиқодий фирқадан етмиш иккитаси дўзахга, биттаси жаннатга тушади. Ўша жаннатга тушадиган фирқа жамоат фирқасидир. Яъни, мусулмонларнинг асосий оммасини жамлаб, Китоб ва Суннатга амал қилувчи тоифадир. Бу саодатли тоифа «Аҳли сунна ва жамоа» номини олган, яъни эътиқод бобида Суннатга мувофиқ иш кўрувчи ва мусулмонларнинг оммавий жамоасини бирлаштирувчи мазҳабдир. Алҳамдулиллаҳ, бизнинг юртимиз мусулмонлари доимо шу мазҳабда бўлиб келганлар ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолиши учун ҳаракат қилмоқ лозим.
VII асрнинг иккинчи ярмида хорижийлар орасида раҳбарларининг исми билан аталадиган бир неча фирқалар пайдо бўлди. Ана шундай мутаассиб фирқалар орасида энг муросасиз ва шафқатсиз жамоа номини олган Нофиъ ибн Азрақ бошчилигидаги «Азрақийлар» оқими алоҳида ўрин эгаллайди. Азрақийлар гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган барча мусулмонларни «кофир» деб, уларнинг таълимотига қўшилмаган кишиларга қарши жиҳод эълон қилиш, ҳаттоки, қария, аёл ва болаларнинг қонини тўкишни ҳалол, деб билганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматнинг 73 фирқага бўлинишини айтганлар. Бу айтганлари вафотларидан кейин ўз тасдиғини топди. У фирқалардан қадария, муржиа ва хаворижларни ўз ҳадиси шарифларида номма-ном келтириб, улардан огоҳ бўлишни васият ҳам қилганлар. Хулафои рошидинлар замонидан то Имом Мотуридий замонасигача, асосан қуйидаги фирқа ёки оқимлар пайдо бўлиб, уммати муҳаммадия ўртасига тафриқа ва фитна солишга ҳаракат қилган эдилар. Улар – қадария, муржиа, хавориж, шиа, мўътазила, равофиз (рофизийлар), сабаия, зирория, жаҳмия, ботиния, каромита, ҳуррамия, карромия (мужассима[5]), жорудия, сулаймония (жаририя), бутрия, баҳния, мугирия, жаноҳия, мансурия, хаттобия, ҳулулия, азориқа, нажадот, суфрия, ажорида, хозимия, шаҳбия, маълумия, мажҳулия, маъбадия, рашидия, мукаррамия, ҳамзия, иброҳимия, воқифа, ҳафсия, ҳорисия, язидия, маймуния, мўтазила фирқаларидан – Василия, амрия, ҳузалия, наззомия, мурдория, маъмария, самомия, жоҳизия, хобития, ҳимория, хатотия,шаҳламия, асҳоби Солиҳ қубба, марисия, каъбия, жуббоия, баҳшамия, муржиа фирқаларидан – Абу Шимр, Муҳаммад ибн Шабиб ва Холидий фирқалари, яна муржиага – юнусия, ғассония, савбония, сумания, марисия, нажжориялардан – бурғусия, заъфарония, мустадрика, карромийлардан – ҳақоиқия, тароқия, исҳоқия. Демак, зикр этилганлардан 20 фирқа рофизийлар, 20 фирқа хаворижлар, 20 фирқа кадарий ва муржиалар, 12 фирқа қолган нажжория, бакрия, зирория, жаҳмия, карромия каби оқимларга тақсимлаб чиқилса, умумий сони ҳадиси шарифда айтилган 72 та адашган фирқаларнинг ададига тўғри келади[6].
73-фирқа эса, Аҳли Сунна вал-Жамоа дея аталувчи мазкур ҳадиси шарифда қайд этилган ножия (нажот топувчи) фирқадирким, Абу Ҳанифа (Имом Аъзам), Имом Молик, Имом Шофиий, Имом Аҳмад, Авзоий, Саврий каби буюк мужтаҳид алломалар ва уларнинг издош ва маслакдошлари унга мансубдирлар.
4-курс талабаси Абдусаттаров Муҳаммад Мубин
[1] Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. 1-жилд. – Тошкент: Ўзбекистон, 2002. – Б. 105-106.
[2] Мутаассиб ва адашган оқимларнинг пайдо бўлиш тарихи (1-қисм). http://muslim.uz/
[3] Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
[4] https://savollar.islom.uz/s/54243
[5] Тажсим – Аллоҳни жисм кўринишида тасаввур этиш; кўпинча ташбиҳнинг синоними сифатида ишлатилади. Тажсим издошларини мужассима фирқаси деб аташади.
[6] А. Тулепов Ислом ва ақидапараст оқимлар. Иккинчи нашр – Т.: «Sharq», 2013. – 41Б.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимнинг шарафлилари Қуръонни (ёдлаб) олиб юрувчилар ва кечаси қоим бўлувчилардир” (Имом Табароний ривояти).
Анна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. Улар кимлар, деб сўрашди. У зот алайҳиссалом “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб жавоб бердилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ё Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, инсонлар худди Аллоҳнинг байтини тавоф қилганлари каби фаришталар қабринг атрофини тавоф қилади” (Имом Абу Нуайм ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, Уни ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръон бойликдир, ундан сўнг фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ” (Имом Абу Аъло, Имом Табароний ривояти).
Қуръони карим зиё, ойдинлик сочган бир нурдир. Қуръони каримни ёд олиш мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Яъни, бир шаҳарда Қуръони каримни ёд олмаган ҳофиз инсон бўлмаса, шаҳар халқининг барчаси гуноҳкор бўлади. Бир ёки бир неча инсоннинг Қуръонни ёд олиши билан уларнинг устидаги фарз соқит бўлади.
Кунлардан бир кун қориларнинг султони Ҳофиз Исҳоқ Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳузурига келди. Мавлоно унга катта ҳурмат кўрсатиб, ўрнидан турди ва юқорига чиқиб ўтиришини илтимос қилди: “Меҳмонни қандай иззат-ҳурмат билан кутиб, уни уй тўрига ўтқазиш лозим бўлганидек, Қуръони карим қориларини ҳам худди шундай иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, энг юқорига таклиф қилиш лозимдир. Қалбида Қуръони карим нури бўлган инсон жаҳаннам юзини кўрмас! Бир қоғоз парчасига Қуръони карим ояти ёзилган бўлса, унга ҳурмат кўрсатиб, уни оловга отмаслар, бунга Қуръони карим ёзилган дерлар. Қалбида Қуръони карим нури бўлган, бутун бир Қуръони каримни ўзига жо қилган бўлса, уни қандай қилиб, жаҳаннамга отишади?” деди.
Қуръони каримни қалбига ва ҳофизасига нақш этган илк инсон Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Улардан кейин тўрт буюк халифа ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳумдир. Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Абу Зарр Ғифорий, Абу Дардо, ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳум каби саҳобийлар Қуръонни ёд олишган.
Имом Бухорий, Ибн Сино, Амур Темур каби улуғ аждодларимиз, буюк алломаларимиз Қуръони каримни жуда ёшликларидаёқ ёд олганлар.
Ҳофиз фақат Қуръони карим лафзини ҳофизасига олиб, ёдлаган бўлиши эмас, балки унинг маъносини қалбига жо қилган, ҳукмларини муҳофаза этган, уни яхши кўрган, буйруқларига итоат этиб, қайтариқларидан қайтган бўлиши керак. Қуръонни унутган, Қуръонга амал этмасдан, дунёнинг зеб-зийнатларига алданган инсонни Қуръон ҳам унутади ва Маҳшар куни унга жуда оғир бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг шарафлиси Қуръони каримни ёд олганлардир”, деганлар.
Ҳазрат Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръони карим аҳли (яъни, уни ўқиган ва унга амал қилган инсонлар) жаннатга кириши билан “Ўқи ва юксал!” дейилади. У эса ўқиб, юксалади. Ҳар оят учун бир даража берилади. Шу усулда у билган оятларини охиригача ўқийди (ва ҳар бири учун бир даража юксалади)”, деганлар.
Муоз ибн Жуҳайний розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръони каримни ёдлаб, унга амал қилса, қиёмат кунида унинг ота ва онасига бир тож кийдирилади. У тожнинг зиёси дунёда уйлардаги қуёш нуридан ҳам порлоқ”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Буюк валийлардан бири Суфёни Саврий “Киши Қуръони каримни ўқиган пайтда фаришта унинг икки кўзи орасидан ўпади. Яъни, ўқувчига ҳурмат ва ўқиганига таъзим учун фаришталар Одам боласидан Қуръони каримни тинглашга зиёда ошиқдир”, деган (“Иҳёу улумид дин”дан).
﴿إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ﴾
«Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукур қилувчидир» (Фотир сурасии, 29-30).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради ва баъзи қавмларнинг даражасини туширади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган қалбни азобламайди. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг зиёфатидир. Ким унга ташриф буюрса, омонда бўлади. Кимки Қуръонни яхши кўрса, бас, у қувонсин”, дедилар (Имом Доримий ривояти).
Абдулҳамид ибн Ҳаммоний айтадилар: “Мен Суфён Саврийдан: “Сиз учун ғазот қиладиган киши суюклими ёки Қуръон ўқийдиган кишими?”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон ўқийдиган киши. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатганларингиздир”, деб жавоб бердилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон (қироати)га моҳир киши итоаткор улуғ фаришталар биландир. Қуръонни тиловат қилиб (тили) дудуқланган ва бу унга машаққат бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Қуръони карим тунлари бедор бўлиб қироат қилиб чиққан кишини Қиёмат кунида шафоат қилади. Бу ҳақда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қуръон ва рўза Қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй Роббим, мен (бандангни) кундузлари таом ва ўзи қаттиқ хоҳлаб турган нарсалардан тўсдим, мени унга шафоатчи қилгин”, деб айтади. Қуръон: “Роббим, мен уни тунлари уйқудан қўйдим, мени унга шафоатчи қилгин”, дейди ва иккиси бандани шафоат қилади”.