Хоразм имом-хатиблари 15 йил ижарада яшаган, кўришида нуқсони бор оилага 5 хонали уй ҳадя қилди.
Муборак рамазон ойида Хоразм вилояти Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла Кенжаев ташаббуси билан ҳомийлар жалб этилган ҳолда шаҳарнинг “Темирйўлчи” маҳалласида яшовчи кўришида нуқсони бор оила вакилларига 5 хонали уй ҳадя қилдилар. Янги хонадон эгаси 15 йил давомида онаси ва болалари билан уйма-уй ижарада қийналиб яшаб юрган эди.
Ушбу уйни топшириш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев ва Урганч шаҳар ҳокимлиги вакиллари қатнашди.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эҳсоннинг мукофоти фақатгина эҳсондир” (Ар-Роҳман сураси, 60-оят). Яъни, яхшиликнинг мукофоти фақатгина яхшиликдир. Ояти каримадаги биринчи яхшиликни бандалар қилади. Унинг ичига барча эзгу ишлар киради. Иккинчи яхшилик эса Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларга берадиган жаннатдир.
Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўмин биродарининг дунёдаги қийинчилигини енгиллатса, Аллоҳ у банданинг қиёмат кунидаги қийинчилигини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган инсонлардан рози бўлсин, уларнинг эҳсонини даргоҳида қабул қилиб, икки дунё саодатидан баҳраманд қилсин, ана шундан хайрли ишларни қиладиган саҳоватпеша ҳамюртларимиз кўпаяверсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Мақоланинг аудио шакли
Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:
– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:
– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.
– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.
Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:
– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.
Мен:
– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.
Улар:
– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.
– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.
“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД