Иймоннинг ҳар бир мусулмонда даражаси бордир. Китобларда имоннинг даражаси, қуввати ва нурининг ортиб бориши баҳс мавзуси бўлиб келган.
Иймоннинг илк босқичи инсоннинг калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлишидир. Бу фақат мусулмон бўлишига кифоядир, яъни ишнинг боши, охири эмас... Ояти каримада айтиладики, Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм:
قَالَتِ الْأَعْرَابُ آمَنَّا قُل لَّمْ تُؤْمِنُوا وَلَكِن قُولُوا أَسْلَمْنَا وَلَمَّا يَدْخُلِ الْإِيمَانُ فِي قُلُوبِكُمْ... (سورة الحجرات:14)
Қолатил аъробу оманно. қул лам туъминў ва локин қўлув асламно валаммо ядхулул имону фи қулубикум («Ал-ҳужурот»,14.) Аъробийлар: «Иймон келтирдик», дедилар. /Эй Муҳаммад, уларга/ айтинг: «Сизлар иймон келтирганларингиз йўқ лекин сизлар «Бўйинсўндик», денглар, /чунки ҳали-ҳануз/ иймон дилларингизга кирган эмасдир».
Маълум бўладики, Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига келиб, «мусулмонмиз» деган инсонларнинг баъзиси ноқис иймонли, баъзиси ҳануз шубҳаю гумонда, баъзиси мунофиқлар тоифасидан экан.
Унинг учун мўъминлар «Аллазина йўъминуна билғайби» дея иймон билан мадҳ этилгандирлар.
Фақат бу иймон турли воситалар билан аста-секин қувватланади. Бу нуқтадан сўнгра инсонларнинг Аллоҳга бўлган боғлиқлиги, турли сабаблар билан – бу сабабларга бироз кейинроқ тўхталаман – «илмал яқин»дан «айнал яқин»га, «айнал яқин»дан «ҳаққал яқин»га томон боради ва киши оқибатда «эҳсон» мақомига эришади. «Эҳсон» мақоми биласизки, ояти карималарда ва ҳадиси шарифларда билдирилади. Ҳадиси шарифда:
الاحسان ان تعبد الله کأنک تراه فان لم تکن تراه فانه يراک (خ. عن ابی هريرة)
Ал эҳсону ан таъбудаллоҳа кааннака тароҳу фаин лам такун тароҳу фаиннаҳу ярока – «Эҳсон Аллоҳни кўрган каби унга ибодат қилмоқликдир, гарчи сен Аллоҳни кўрмасанг ҳам у ҳар ерда ҳозиру нозирдир, Аллоҳ сени кўриб туради», – деб Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар беради. Инсоннинг оқибатда бу «эҳсон» мақомига етишиши асос қилиб олинади.
Бир мусулмон учун Аллоҳни билишда бу жиҳатлар жуда унумли, аҳамиятлидир. Буларга урғу бермоқ истайман. Аҳамиятига эътибор беришингизни хоҳлайман. Бир мусулмоннинг Аллоҳ ҳақидаги қуруқ билими кифоя эмас. Фақат «асмои ҳусно»сини билиши, Қуръон ўқиши, бу билимларни миясига жойлаштириши кифоя эмас. Бу билимни шарқшунослар ҳам, Шайтон ҳам жуда яхши билади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга замондош бўлган яҳудийлар ва насронийлар у зоти шарифнинг дунёга келишларини кутаётган эдилар. Ҳақ пайғамбар бўлганини /камо яърифуна абноаҳум /ўз авлодларини билган каби билар эдилар. Бироқ, фақат билганлари уларни мушрикликдан қутқарган эмас. Билишнинг ўзи кифоя қилмайди... Нима қилиши керак?... Аллоҳ маърифатининг инсон ботинида ҳақиқий бир билим ҳолига айланиши учун банда, Аллоҳнинг севги ва ризолигини қозонадиган бир ҳолатга келиши керак. Аллоҳ бир қулни севмаса, унга ҳидоят бахш этмайди. Масалан:
وَاللّهُ لاَ يُحِبُّ الظَّالِمِينَ... (سورة آل عمران: 57)
Валлоҳу ло юҳиббуз-золимин / «Оли имрон» /57./ – «Аллоҳ золимларни севмайди», – деб буюрилади. Шунинг учун:
...وَاللّهُ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ (سورة التوبة: 109)
Валлоҳу ло яҳдил қавмаз золимина «Ат-тавба»,109./ – «Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят этмас», – деб буюрилади.
Қул Аллоҳга итоат этмаса, осий бўлса, у пайтда ҳам ҳидоят бермайди.
... وَاللّهُ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الْفَاسِقِينَ (سورة التوبة: 80)
Валлоҳу ло яҳдал қавмал фосиқина «Ат-тавба»,80./ – «Аллоҳ фосиқ қавмга ҳидоят бермайди». Шунга биноан зулм, исён, гуноҳларни тарк этади, обид ва Аллоҳга итоаткор бир қул бўлади ва бунга чуқур ихлос билан ҳаракат этади.
Аллоҳу таоло қулларига тақво билан ҳаракат қилишларини, тақвога амал қилишни амр қилади:
...وَاتَّقُواْاللّهَ وَيُعَلِّمُكُمُ اللّهُ... (سورة البقرة:282)
Ваттақуллоҳа ва йуаллимукумуллоҳ/ «Ал-бақара»,282./ – «Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга /ҳақ-ҳидоят йўлини/ билдиради».
...وَاتَّقُواْ اللّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ (سورة: 200)
Ваттақуллоҳа лаъаллакум туфлиҳун / «Оли имрон»200./ – «Ва Аллоҳдан қўрқингизким, /шунда/ шояд нажот топгайсизлар!» Яъни, Аллоҳ маърифати бир инсонга етиши, муяссар бўлиши учун бу инсоннинг ўзи тақво аҳлидан бўлиши лозим!... Билимни инсонга Аллоҳ беради. Шу бериши учун тақво лозим!.. Шунинг учун тақвога жуда катта аҳамият берилади.
Кейин нафсни ислоҳ этиши ва гўзал ахлоққа эга бўлиш керакдир. Қуръони Каримда буюриладики:
قَدْ أَفْلَحَ مَن زَكَّاهَا 9 وَقَدْ خَابَ مَن دَسَّاهَا 10 (سورة الشمس:90-10)
Қад афлаҳа ман заккоҳа ва қад хоба ман дассоҳо /»Аш-шамс»9-10./ - «Дарҳақиқат уни /яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан/ поклаган киши нажот топди. Ва у /жонни фисқ-фужур билан/ кўмиб хорлаган кимса номурод бўлади». Шунга биноан нафсини ҳам ислоҳ қилиши керак.
Инсон қалбини поклаши керак. Аллоҳу Таоло инсоннинг суратига, шаклига, мавқе-мақомига, моддий тузилишига эътибор бермайди. Қалбига, амалларига, ниятларига қараб баҳо беради. Шунинг учун инсоннинг қалбини поклаши муҳимдир.
Албатта, бу ерда жуда катта бир масала бор... Суҳбатимиз охирлаб қолди, вақтимиз ҳам тугади. Лекин масаланинг асосий, жон томир нуқтаси будир: Ажабо, бир инсон тақвога, ихлосга қандай эга бўлади, нафсини қандай ислоҳ қилади, қалбини қандай поклайди, ахлоқини қандай гўзаллаштиради? Энг муҳим бўлган нуқта – ана шу!
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мусулмонлар доимо уст-бошларига покиза ва виқор берадиган кийимлар кийиб келади. Ислом дини, ҳам ташқи, ҳам ички покликни шариъат талабларига мувофиқ жорий қилган. Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Салла ана шу ташқи кўринишдаги гўзалликнинг бир қисми бўлиб, бошқа кийимларга қараганда ўзига хос маданиятни англатади. Салла мусулмонларнинг узоқ тарихга эга бош кийими ҳисобланади. У бошга ўраладиган мато бўлиб, кишилар уни вазиятга ва жамиятдаги урфга кўра ўраб юришган. Гарчи уни ўрашнинг бир неча усуллари мавжуд бўлса ҳам, маълум шакли ва ранги талаб қилинмайди.
Салла иссиқдан, совуқдан ва чанг тўзондан ҳимояланадиган бош кийими бўлиб, бу ҳақда машҳур тобеъийн, «Наҳв» фани асосчиларидан бири Абуласвад Дувалий айтган: “Салла жангда қалқон, иссиқда соябон, совуқдан ҳимоя, воизга виқор, турли тасодифлардан сақловчи, инсон қоматига зийнатдур”. Қадимдан салла эркакларнинг мурувватини ва қавм орасидаги обрў-эътиборини билдирган.
Ҳатто ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, салла арабларнинг тожидур, деганлар. Салла кийиш борасида келган ҳадислар шариъат талаб даражасида жорий қилишга етадиган қувватли эмас, лекин Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қавмлари одатига кўра салла ўраганликлари сийратлари ва кундалик ҳолатлари борасида келган ривоятларда айтилган бўлиб, улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
عن إبن عمر رضي الله عنهما مرفوعا: ” عليكم بالعمائم فإنها سيما الملائكة وأرخوها خلف ظهوركم”
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан Набий алаҳиссаломгача етиб борган санад билан ривоят қилинган ҳадисда: “Саллаларни лозим тутинглар, зеро бу фаришталарнинг сиймосидур ва унинг пешини ортингизга ташлаб олинглар”, деганлар.
عن ابن عباس رضي الله عنهما مرفوعا: اعتموا تزدادوا حلما
.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алаҳиссалом: “Салла кийинглар, ҳалимлигингиз зиёда бўлади”, дедилар
عن ركانة قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: فرق بيننا وبين المشركين العمائم على القلانس
Салла ўраш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 833-cаволга жавоб берган. Жавобда шундай дейилган:
“Ўтмишда аҳли илм ва фазилатли кишилар ва кўпчилик маърифатпарвар аждодларимиз саллада юришни одат қилганлар. Лекин шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз керакки, Расули акрам алайҳиссаломнинг ушбу кийиниш одатлари шариъат буйруғи сифатида қабул қилинмаган. Бирор бир олим салла киймаган киши гуноҳкор бўлишини айтмаган. Балки, Ислом келганида эркаклар саллада юришлари урф-одатлардан бири бўлиб, бу борада кофир ҳам мусулмон ҳам баробар бўлган. Бу ҳақда Иордания фатво ҳайъати уламолари шундай дейишади:
وأما لبس النبي صلى الله عليه وسلم العمامة وحمله العصا فهو فعل عادي وقع على عادة العرب ذلك الزمن، وليس فعلا تشريعيا يدل على الاستحباب ولا يتأسى به الناس.
“Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг салла кийишлари ва ҳасса тутишлари одатий феълларидан бўлиб, ўша замон арабларининг урфларига биноан қилинар эди. Бу ишлар мустаҳабликка далолат қиладиган ва одамлар ўрнак оладиган шаръий ҳукмлардан эмас”.
Бош кийимларидан яна бири бу дўппидир. Ҳар бир миллатнинг ўзига хослигини билдириб турувчи либоси бўлиб, миллатнинг маданияти ва баъзи ўринларда динига ҳам далолат қилади. Шунинг учун ҳам ҳар бир миллат ўзлигини сақлаб қолиш учун миллий кийимлар, миллий урф-анъаналар, байрамларини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Айниқса бош кийим бошқа либослардан кўра ўзига хос ўрин тутади, чунки инсон танасидаги аъзолар ичида бош энг азиз аъзо ҳисобланади. Шу эътибордан бош кийимни оёқ остида қолиб кетмаслигига алоҳида эътибор қаратилади.
Шаръий китобларимизга ҳам дўппи масаласи киритилган бўлиб, уламоларимиз баъзи оятлар ва ҳадислардаги маъноларнинг далолатидан сабабсиз бош кийим киймай намоз ўқиш макруҳ деб айтганлар.
Аллоҳ таоло Аъроф сураси 26-оятида: “Эй, Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар”.
Шайх Полонпурий ҳазратлари оятдаги тақво либоси тақводор киши киядиган либоси деб тафсир қилган.
Аъроф сурасининг 31-оятида: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингизни (кийиб) олингиз!”.
Муфассирлар ушбу оятдаги зийнатдан мурод – киши учун виқор бағишлайдиган кийимлар эканига иттифоқ қилишган.
Бош кийимсиз намоз ўқиш борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 109-cаволга жавоб берган:
“Кўплаб мўътабар уламолар бундан бир неча аср муқаддам ўз китобларида ушбу масалага тўхталиб, унинг ҳукмини очиқ-ойдин ёзиб кетганлар. Жумладан: Аллома Ҳаскафий ўзининг “Дуррул мухтор” китобида намоздаги макруҳ амалларни санаб, шундай деган:
وَصَلَاتُهُ حَاسِرًا رَأْسَهُ لِلتَّكَاسُلِ, وَلَا بَأْسَ بِهِ لِلتَّذَلُّلِ ، وَلَوْ سَقَطَتْ قَلَنْسُوَتُهُ فَإِعَادَتُهَا أَفْضَلُ إلَّا إذَا احْتَاجَتْ لِتَكْوِيرٍ أَوْ عَمَلٍ كَثِيرٍ
“Намозхон (бош кийим кийишга) эринчоқлик қилиб, ялангбош ҳолда намоз ўқиши намознинг макруҳларидандир. Агар ўзини хокисор тутиш учун шундай қилса, зарари йўқ. Агар бош кийими (намоз асносида бошидан) тушиб кетса уни қайтариб олиши афзалдир. Лекин, уни ўрашга ёки кўп ҳаракат қилишга эҳтиёж бўлса, бундай қилмайди”.
Қолаверса, бош кийим билан намоз ўқиш одоб, намозга ҳурмат ҳисобланади. Шунинг учун намозни бош кийим билан ўқиш афзал”.
Муртазоев Арабхон,
Тошкент Ислом институти талабаси.