«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг)саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара, 185).
Аллоҳ таоло йил ойлари орасидан рамазон ойини мақтади, Қуръонни нозил қилиш учун ойлар ичидан уни ихтиёр қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Иброҳим алайҳиссаломга саҳифалар рамазон ойининг биринчи кечаси нозил бўлган, Таврот рамазон ойининг олтинчи куни, Инжил ўн учинчи куни нозил бўлган. Қуръони карим эса Қадр кечаси нозил қилинган” (Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойида Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссаломдан ўтказиб олар эдилар. Вафот этадиган йилларида икки марта ўтказиб олганлар.
Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ рамазон ойи кирса: “Бу ой Қуръон тиловат қилиш ва таом бериш ойидир”, деб айтардилар.
«...Одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир». Аллоҳ таоло Қуръонни унга имон келтирган, эргашган ва уни тасдиқлаган бандалар учун ҳидоят этиб, уни тушунадиганлар учун, очиқ-ойдин далил, ҳужжат қилиб, ҳақ ва ботилни, ҳаром ва ҳалолни ажратиб берувчи Фурқон этиб нозил қилди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Ким Аллоҳ китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта ҳасана бўлади. Бу бир ҳасана ўзига ўхшаган ўнта ҳасана билан бирга бўлади. Мен «Алиф лам мим» битта ҳарф деб айтмайман. Балки, алиф бир ҳарф, лам бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир» (Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Мана бу Қуръон Аллоҳнинг одобномасидир. Унинг одобномасидан имконингиз борича ўрганинглар. Бу Қуръон Аллоҳнинг қатъий аҳди, ёрқин нур ва фойда берувчи шифодир. Унга амал қилган кишига саломатлик, унга эргашган кишига нажотдир. Унинг ажойиботлари туганмас, кўп такрорлаш билан эскирмас. Уни ўқинглар, Аллоҳ сизларга унинг ҳар бир ҳарфига ўнтадан ҳасанот беради. Мен «Алиф лам мим» битта ҳарф деб айтмайман. Балки, алиф бир ҳарф, лам бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир (Имом Ҳоким ривояти).
Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори кироман котибинлар (яхши ва ёмон амалларни ёзиб турувчи улуғ фаришталар) билан (бир мақомда)дир. Қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”, деганлар» (Бухорий, Муслим, «Сунан» соҳиблари, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Аллоҳ таоло: “Қуръон (тиловати) ва Менинг зикрим кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўровчиларга бериладиган (нарсаларнинг) энг афзалини ато этаман, дейди” (Имом Термизий ривояти). Доримий ва Байҳақий ривоятида: “Қуръон қироати ва Менинг зикрим кимни Мендан сўрашдан машғул қилиб қўйса, унга сўровчиларга бериладиган энг афзал савобни бераман”, дейилган.
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар, зеро, у қиёмат куни ўз соҳибига шафоатчи бўлади”, деб айтганларини эшитганман» (Имом Муслим ва Имом Аҳмад).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза ва Қуръон (қиёмат куни) бандани шафоат қилади. Рўза айтади: “(Эй Раббим,) мен уни кундузи таом ва шаҳватлардан тўсдим, энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Сўнгра Қуръон айтади: “(Эй Раббим,) мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Бас, у иккисига (бандани) шафоат қилиш имкони берилади» (Имом Ҳоким).
“Ким рамазон ойида ҳозир бўлса”, яъни муқим ва соғлом ҳолда рамазон ойига етиб борса, рўза тутиши фарз саналади. Сафардаги одамга рўза фарз эмас, улар рўза тутиш ва тутмасликда ихтиёрлидирлар.
«...Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди...» Бу оятдаги “енгилликдан” мурод сафарда рўза тутмаслик, “оғирлик”дан эса сафарда рўза тутиш назарда тутилган.
«...Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун...». Сафар ёки касаллик сабабидан рўза тутмаганлар сафардан қайтгач ёки соғайгач, қолдирган рўзаларининг қазосини тутиб берсинлар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ой йигирма тўққиз кун ҳам бўлади”.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, янги ойнинг чиққанига икки киши гувоҳлик бериши лозим. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Агар Шавволнинг янги ойи заволдан кейин кўринса, у келаётган туннинг ойи саналади. Агар заволдан олдин кўринса, у ўтган туннинг ойи ҳисобланади”.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эътибор берган кишини маҳзун қиладиган учта нарса бор. Уларнинг ҳар бири алоҳида жиҳат бўлиб, уларга қараган қиз албатта маҳзун бўлади. Мана шу уч нарсага қарашни бас қилсак, ҳаётимиз розилик, саодат ва сакинатга тўлади.
Маҳзун қилувчи биринчи нарса: Атрофдаги одамларнинг қўлидаги неъматларга қараш.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Синов учун дунё ҳаётининг кўрки қилиб, айримларни баҳраманд қилган нарсаларимизга кўз тикма. Роббингнинг ризқи яхшидир, боқийдир"(Тоҳо сураси, 131-оят).
Кўз тикиш – бировларнинг қўлидаги дунё матоҳларига ҳасад, тамагирлик билан қарашдир.
Бировнинг қўлидаги нарсаларга қараш ҳам икки хил бўлади:
Биринчиси – табиий, беихтиёр қараш. Бунда атайлаб, қасд қилиб қаралмайди. Одамларнинг қўлидаги нарсаларга, уларга Аллоҳ берган неъматларга беихтиёр кўз тушиб қолади. Бундай пайтда кўзини четга олган одамнинг қалби тамагирликдан узилиб, хотиржам бўлади. Аслида бунақанги пайтларда чин дилдан ҳавас қилиш, бу неъмат ўша кишига буюрсин, бардавом бўлсин деб дуо қилиш, бу кишига неъмат берилганига хурсанд бўлиш керак. Лекин кўз тикиб тураверса, «Нега шу нарса менда йўқ? Нега нуқул унинг омади келаверадию, менинг ҳеч ишим юришмайди?» деб, ҳасад қилса, ўша кишидаги бу неъмат йўқ бўлишини истаса, бундай пасткаш одам ўзига ғам-ғуссани тилаб олган бўлади.
Иккинчиси – атайлаб кўз тикиш. Бу – бировларнинг мол-мулкига, уларга берилган неъматларга атайлаб, бирор ёмон мақсад билан қараш ва бу ишни қайта-қайта қилишдир. Аллоҳ таоло қалбимизни маҳзунликдан асраш учун бизни бу нарсадан қайтарган. Шундай экан, қалбингиз хотиржам бўлиб, қайғусиз яшашни истасангиз, бошқаларга берилган неъматларга кўз тикманг!
Бир қиз айтади: «Бир куни онам мени ҳайрон қолдириб, "Кел, қизим, бугун сенга 37 йилдан буён қалбимнинг туб-тубида сақланиб келаётган бир сирни айтаман", деб қолдилар. Бориб, ёнларига ўтирган эдим, бундай дедилар:
«Ёшлигимда бировларнинг қўлидаги неъматларга кўп кўз тикардим. Аллоҳ уларга берган нарсаларни кўриб, ҳасад қилардим. Уларни ўзимдан устун деб, ўзимни эса жуда ночор деб билардим. Аллоҳ менга берган неъматлар эса кўзимга кўринмасди. Шунинг учун бирор кун розилик деган нарсани ҳис қилмай яшадим, қайғу мени бир сония ҳам тарк этмади. Охири бориб, тушкунликка – депрессияга тушиб қолдим.
Маҳзунлигимнинг сири мана шу эди. Лекин мен сенинг бундай бахтсиз бўлишингни истамайман. Шунинг учун, бойликда ҳам, чиройда ҳам доим ўзингдан пастроқларга қарагин, қизим. Шунда дунёю охиратда бахтли бўласан. Одамларнинг қўлидаги неъматларга қарасанг, қайғу-ҳасратдан бошинг чиқмайди, бундан ўзингни ҳимоя қилгин, болам!»
Иккинчи қиз айтади:
«Яширмайман, онам бировларга кўп ҳасад қиларди. Гапининг асосий мавзуси кимнингдир нимагадир эришган бўлар эди. Ўзининг аҳволидан эса фақат нолир эди. Яхшиям дадажоним донолик билан иш тутдилар. Бўлмаса мен ҳам онамнинг аҳволига тушиб қолишимга бир баҳя қолган эди. Отам онамнинг бу хунук одатига ажойиб услубда ёндаша бошладилар. Ҳар гал онам: "Фалончининг фалон-фалон нарсалари бор, бизда эса ҳеч нарса йўқ" деса, отам: "Одамларнинг қўлидаги нарсаларни кўп гапирсанг, обрўйинг тушиб кетади. Энг ёмони – Аллоҳнинг адолатига шубҳа қилган, берган ризқига норози бўлган бўлиб қоласан", дер эди.
Онам ўзининг аҳволидан нолиб, "Фалончихон бой-бадавлат, мен бечора эса…" деб қолса, отам яна ўша ҳикматли сўзларини такрорлар эди.
Отам бу сўзларни сокинлик билан, табассум билан айтар эди. Отамнинг бутун жисми-жонида, онамнинг акси ўлароқ, ҳар доим розилик, хотиржамлик уфуриб турарди, «Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бизда неъматлар жуда кўп!» деган сўзларни бот-бот такрорлар, ортидан эса Аллоҳ бизга берган, бошқаларда йўқ неъматларни санаб берарди.
Кўпинча отамнинг саодати билан онамнинг маҳзунлигини таққослаб кўрардим. Онамнинг одамлар қўлидаги нарсаларга қараб, хурсанд бўлмаслиги, отамнинг эса ўзига берилган неъматларга шукр қилиб, хотиржам яшаши ҳақида кўп ўйлардим. Ниҳоят, икки томонни солиштириб кўриб, отамга ўхшашга онт ичдим, бирор сония ҳам онамга ўхшаб қолмасликни Аллоҳдан сўрай бошладим. Чунки онам бировга берилган мол-дунёга қараб, ўзининг аҳволидан нолиб, ҳаётини барбод қилди, обрўсини тушириб, Роббининг адолатига шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолган эди».