Муалло ибн Фазл айтадилар: "Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар".
Саҳобаи киромлар Рамазон ойи кириб келиши билан жуда ҳам хурсанд бўлар ва ўзларидаги шоду хуррамликни зоҳир қилишар эди.
Зубайд Ёмий розияллоҳу анҳу саҳобаи киромларни жамлаб, Қуръон тиловат қилиш ва уни бир мартабадан кўп хатм қилиш борасида мусобақалашар эдилар.
Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кириши билан бошқа ишларни қуйиб, Қуръон тиловати билан машғул бўлар эдилар.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи кириши билан ҳадис айтиш ва илм мажлисидан узулиб, мусҳафдан Қуръон тиловатига киришардилар.
Аллома Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: "Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида намоздан ташқари олтмишта хатм қилардилар".
Имом Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кирса: "Албатта бу ой Қуръон тиловат қилиш ва мискинларга таом улашиш ойидир", деб айтардилар.
Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойида ҳар куни кундузи битта хатм, Рамазондан сўнг эса ҳар уч кунда хатм қилар эдилар.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи келиши билан ўзларига вазифа қилиб олган вирдларини тўхтатиб, Қуръон тиловат қилиш билан машғул бўлардилар.
Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: "Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди".
Аллоҳ таоло бу муборак ойни барча мусулмонлар учун манфаатли қилиб, бу ойдан улкан ажр-савоблар билан чиқишимизни муяссар айласин.
Ҳашр сурасининг илк оятлари Аллоҳга тасбеҳ билан бошланиб: “Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтур. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” (Ҳашр сураси, 1-оят), сўнгги оятлари ҳам тасбеҳ билан якунланади: “Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (зот)дир” (Ҳашр сураси, 24-оят).
“Ҳашр” – “Жамлаб сургун қилиш” деган маънони англатади. Йигирма тўрт оятдан иборат ушбу сура Мадинаи мунавварада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Баййина” сураси нозил қилинган сўнг нозил бўлган.
Ҳашр – Қиёмат кунининг номларидан бири саналади. Охиратда инсонларнинг барчаси маҳшаргоҳда тўпланади. Ҳаётлик вақтларида қилган ҳар бир яхши ва ёмон амаллари учун Аллоҳ таолонинг олдида жавоб беришади.
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонг оттирганда уч марта “Аъузу биллаҳис-самийъил аълийм минаш шайтонир рожийм” деб туриб, “Ҳашр” сурасининг охиридан уч оятни тиловат қилса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди. Улар унга кеч киргунча салавот айтадилар. Агар у ўша куни ўлса, шаҳид ҳолида ўлади. Ким ўшаларни кеч кирганда айтса, худди ўшандоқ бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД