Бугун, 30 июнь куни Хоразм Маъмун академиясида "Нажмиддин Кубро маънавий-маърифий мероси ва унинг замонавий тадқиқи" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Давлатимиз раҳбарининг Нажмиддин Кубро таваллудининг 880 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида илгари сурган ташаббуси доирасида улуғ аждодимизнинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, бу меросни замонавий тадқиқот методлари асосида таҳлил қилиш ҳамда унинг умуминсоний ва миллий қадриятлар тизимидаги ўрнини белгилаш мақсадида ташкил этилди.
Анжуман доирасида Нажмиддин Кубронинг тасаввуфий ва маърифий ғоялари, уларнинг замонавий маънавий-ахлоқий муаммоларни ҳал этишдаги ўрни, алломанинг ҳаёти ва фаолиятига оид тарихий манбалар, асарларининг бугунги кундаги илмий ва амалий аҳамияти, кубровийлик таълимотининг тарихи ва бугунги ҳолати, шунингдек, ушбу таълимотнинг кейинги тасаввуф мактабларига таъсири кенг муҳокама этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Лавҳул маҳфуз ва қалам нима? Улар ҳақида тушунча берсангиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
“Лавҳ” - Аллоҳ халойиқнинг тақдирларини ёздирган нарсадир.
“Маҳфуз” сақланган маъносида бўлиб, у бошқаларнинг назари тушиши ва ўзгариш ёки бузилишлардан муҳофаза қилинган деганидир.
“Қалам” мазкур лавҳга Аллоҳ таолонинг амри билан бандаларнинг қадарларини ёзган воситадир.
Мўмин-мусулмон одам лавҳ ва қаламга иймон келтирмоғи вожиб. Бу икки нарса ҳам ғайбиёт туркумига киради. Бу ҳақда Садриддин Ҳанафий роҳимаҳуллоҳ бундай зикр қилганлар: "Лавҳ, қалам ва у билан лавҳга ёзилган нарсаларга иймон келтириш вожибдир.
Аллоҳ таоло бундай хитоб қилган: “Балки У Қуръони Мажиддир. Лавҳул Маҳфуздадир” (Буруж сураси, 21–22-оятлар).
Бошқа бир оятда бундай хитоб қилади: “Нуун. Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам” (Қалам сураси, 1-оят).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ лавҳул маҳфузни оқ дурдан яратгандир. Унинг саҳифалари қизил ёқутдандир. Унинг Қалами нурдир. Китоби нурдир. Унда ҳар куни Аллоҳ учун уч юз олтмиш лаҳза бор. Унинг кенглиги осмон билан ернинг орасича. Ҳар куни унга уч юз олтмиш марта назар солади. Халқ қилади (яратади), ризқ беради, ўлдиради, тирилтиради, азиз қилади, хор қилади. Хоҳлаган нарсасини қилади” (Имом Табароний “Мўъжамул кабир”да ривоят қилган).
Қалам ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ биринчи халқ қилган нарса қаламдир. Бас, унга: “Ёз!” деди. У: “Эй Роббим, нимани ёзай?” деди. У Зот таборака ва таоло: “Қиёматгача бўладиган ҳар бир нарсанинг тақдирини ёз”, деди.
(Имом Абу Довуд Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. "Шарҳи ақийдатут-таҳовийя" китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.