«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара, 185).
Дастлаб рўза тутиш маълум кунлардагина фарз бўлган эди. Муоз ибн Жабал, Ибн Аббос, Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳум) ривоятига кўра рўза Исломнинг аввалида олдинги умматларнинг рўзаси каби ҳар ойда уч кун тутилган. Бу ҳолат Нуҳ (алайҳиссалом) даврларидан то Рамазон ойи рўзаси фарз қилингунча давом этган.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида ҳар ой уч кун ҳамда ашуро куни рўза тутганлар. Сўнг: "Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир" (Бақара, 183) ояти нозил бўлди.
Ўшанда соғлом ва муқим киши ихтиёрли бўлиб, хоҳласа рўза тутар, хоҳламаса бир мискинга таом берарди. Салама ибн Акваъдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: "Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги оятни (Бақара, 183)нозил қилганидан сўнг, бизлардан ким хоҳласа, рўза тутар, хоҳламаса рўзаси ўрнига бир мискинга таом берарди".
Сўнгра: "Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин" ояти тушди ва мусулмонлар учун рўза тутиш қатъий лозим бўлди.
Бу оят нозил бўлганида мусулмонлар ифторликдан то уйқуга ётгунгача таомланишлари мумкин эди.
Агар туннинг бир қисмида уйғонсалар таом ейишлари ва аҳли билан яқинлик қилиш мумкин эмасди.
Кейин бу оят: "...Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнгра, рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз!" (Бақара, 187) нозил бўлди ва бандалар кечаси тонг отгунгача еб-ичиши ва бошқа мубоҳ ишларни қилишлари мумкин бўлди.
Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Одам боласининг ҳамма амали бир неча баробар оширилади: битта яхшилик ўн баробаридан етти юз баробаригача оширилади. Аллоҳ таоло: "Рўза ундай эмас. Рўза Мен учундир. Ўзим унинг мукофотини бераман. Зеро, Одам боласи шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилади", деб марҳамат қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Рўзадор учун икки қувонч бор: ифтор қилганидаги бир қувонч, Парвардигорига йўлиққанида бир қувонч. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ таоло учун мушкнинг ҳидидан ҳам ёқимлироқдир. Рўза пардадир. Бирортангиз рўза тутса, ёмон гапирмасин ва бақириб-чақирмасин. Бирор киши уни сўкса ёки уришса, "Мен рўзадорман!" десин" (Муттафақун алайҳ).
Рўза ибодатларнинг энг улуғи, фазилатлисидир. Унинг савоби фақат тутган киши учундир, камайтирилмайди ҳам, бошқаларга олиб берилмайди ҳам. Аллоҳ таоло бу ойни барчамиз учун баракотли қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рўза тутган кишининг тақводорлиги зиёдалашади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда рўзани олдинги умматларга фарз қилганидек, ушбу уммати Муҳаммадийяга ҳам фарз қилганини айтиб, оятнинг сўнгида албатта тақводор бўласизлар деб таъкидлади. Рўза туфайли инсонда Роббисини кўриб турганлигини ҳис қилиш кучи, У зотдан қўрқиш ҳисси янада зиёдалашади. Рўза тутиш билан банда Роббисига бўйсуниб, буйруғига “лаббай”, деб итоат қилган бўлади.
Рўза кўзни номаҳрамларга назар солишдан сақловчи, ёмонликларга ундовчи шайтоний нафсини сусайтирадиган асосий омиллардандир. Чунки унинг ёрдамида инсон нафсининг ҳар қандай хоҳиш-истакларига ғолиб келади. Бу билан инсоннинг қийинчилик, машаққатларга бардош бериш, сабр қилиш тажрибаси ошади.
Рўзанинг яна бир ҳикмати ночор, мискин, фақирларни ҳолатини эслатишдир. Киши оч, чанқоқ бўлмас экан, фақирлар чекадиган қийинчиликларни қаердан билсин! Рўза тутган инсон очлик, чанқоқлик аламини тотиб кўриб, бечора ҳолдагиларни қандай кун кечираётганини ҳис этади. Турмушимизда тўкин-сочин, фаровон ҳаёт кечирар эканмиз, кўп ҳолатларда, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, атрофимиздаги инсонларнинг ҳолати қай даражада кечаётганини, лоақал бир маротаба эслаб қўйиш ёдимиздан кўтарилиб қолади. Кўча-кўйда, автобусда, метрога тушганимизда бозорга борганимизда, умуман олганда кўплаб ўринларда ибрат олишимиз керак бўлган ҳолатларга дуч келамиз-у, аммо эътибор бермасдан ўтиб кетаверамиз. Шунинг учун ҳам халқимизда “Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор” деган ибора бежиз айтилмайди. Ҳақиқатдан ҳам баъзида бечораҳол кишиларнинг олдидан ўтиб кетадиган бўлсак, улар ҳам биз каби инсон, улар ҳам биз каби фаровон ҳаёт кечиришни исташларини, уларнинг олдиларидаги жажжи фарзандлари, бизнинг фарзандларимиз каби ота-онанинг меҳрига, атрофдагиларнинг эътиборига лойиқ эканларини унутиб қўямиз. Ҳа, инсон унутувчан ва баъзан ношукр бўлади, чунки кеча яқинда ўзининг ҳолати ҳам шундай бўлганини, ўзи ҳам бошқаларнинг кўмагига муҳтож бўлганида: “Мен ҳам қачон ўзгаларга ўхшаб кўнглим тусаган нарсани ейман”, деб Аллоҳ таолога дуо қилиб ёлворганини эсидан чиқаради. Ёки бўлмаса, умри давомида тўқчиликда яшаб, тақдири илоҳий билан ўзининг бошига ҳам шундай кунлар тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Шунинг учун ҳам юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, рўза инсонни мурувватга, ўзгаларга, хусусан бечора ҳолларга эътибор қаратишга ундайди. Ким ўзида раҳм-шавқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа рўза тутсин!
Яна бир ҳикмати – узоқ-яқиндаги барча мусулмонларни Рамозон ойида рўза тутишга бирлаштиришдир. Бир вақтда рўзани ният қилиб, бир вақтда рўзаларини очадилар. Шу билан ҳам маънан, ҳам ҳиссан барча умматнинг якдиллиги рўёбга чиқади.
Рўзанинг навбатдаги ҳикмати, рўза бадан учун сиҳат-саломатлик гаровидир. Рўзадор рўза тутиши сабабли, ўз соғлиғини тиклаб олади. Бугунги кунга келиб бутун дунёда рўза нафақат соғлиқни сақлаш учун, балки беморларни даволаш учун ҳам ўта зарур омил эканлиги ошкора айтилмоқда. Яқинда олимлар рўза тутиш йўли билан даволанган беморлар рўйҳатини эълон қилишди. Натижа кишини ҳайратга соладиган даражада муваффақиятли эди. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам мана шу йўл билан шифо топишибди. Рўза турли касалликларга даво бўлиши билан бирга бадандаги ёмон, кераксиз ёғларни, холерик-сафро, флагматик-балғам, сангвиник-қон, меланхолик-қора ўтларни кетказади. Қонни мусаффо қилади, ошқозонни яхшилайди. Натижада рўзадор анча енгиллашиб қолади, зеҳни ўткир, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлади. Кўплаб тиббиёт мутахассислари: “Рўза тутиш баданнинг соғлом ва қувватли бўлишига сабаб бўлади”, деб таъкидлайдилар.
Рўза тутган кишининг гуноҳлари тутган рўзаси сабабли мағфират қилинади.
Рўза тутган киши ўз рўзаси сабабли фаришталар сифати ила сифатланади. Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги билан айнан ана шу сифатларга соҳиб бўлади.
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ