Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Ноябр, 2024   |   22 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:58
Қуёш
07:21
Пешин
12:15
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:19
Bismillah
23 Ноябр, 2024, 22 Жумадул аввал, 1446

Муфтий ҳазратлари “Домла Камолиддин Охун” масжидининг янги биносини намозхонларга очиб бердилар

11.04.2021   2279   2 min.
Муфтий ҳазратлари “Домла Камолиддин Охун” масжидининг янги биносини намозхонларга очиб бердилар

Бугун, 11 апрель куни Самарқанд вилояти Қўшработ тумани “Домла Камолиддин Охун” жоме масжидининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида диний идора иш бошқарувчиси Рустам ҳожи Жамилов, вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, таниқли уламолар, мўйсафид отахонлар, вилоят мутасаддилари, масжид жамоаси ва узоқ-яқиндан келган меҳмонлар иштирок этди. 

Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги меҳмонлар дастлаб “Домла Камолиддин Охун” мақбарасини зиёрат қилишди. Қуръони карим оятлари тиловати ўқилиб, хайрли дуолар қилинди.

Шундан сўнг “Домла Камолиддин Охун” масжид ва мажмуасининг   очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларни масжиднинг янги биноси ва Рамазони шариф билан муборакбод этдилар. Юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар,  Рамазон ойининг фазилатларидан баҳраманд бўлиш лозимлиги, бунда таровеҳ намозларда тартиб-қоидаларга амал қилиш ҳақида маъруза қилдилар.

“Домла Камолиддин Охун” жоме масжиди 1990 йиллар ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, 2020-2021 йиллар давомида замонавий лойиҳа асосида ҳашар йўли билан қайта қурилди, дейди масжид имом-хатиби Набижон домла Жангиров. – Масжиднинг умумий ер майдони бир гектардан ошиқ. Масжид янги биносининг қурилиши 2020 йил 14 июнда бошланиб, 2021 йил 20 март ойида якунланди. Хонақоҳ ва айвони ҳудуди 21×18 ни ташкил этади. Баландлиги 17 метр, айланаси 7,5 метр бўлган гумбаз жомега ўзгача ҳусн бериб турибди. 15 кишилик эркаклар таҳоратхона (аёллар учун ҳам алоҳида) да барча шароитлар яратилган. автотураргоҳ ҳам бор. Масжид “Шова”, “Навкар”, “Қовунчи” маҳаллаларига хизмат қилади. Хонақоҳнинг ўзига 450 киши, ҳовлисига 1000 мингга яқин сиғади. Масжид Қўшработ туманидаги энг катта масжид ҳисобланади.

Муфтий ҳазратлари ушбу файзли мажмуа ва масжид Қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини Ҳақ таборака ва таолодан дуо қилиб сўрадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳим ожизлигимизга назар сол

22.11.2024   2331   2 min.
Аллоҳим ожизлигимизга назар сол

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».

Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.

Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.

Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».

«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан

Мақолалар