Мисрнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, жумладан “Ахбар ал-Йаум”, “Ал-Аҳром”, “Ал-Хабар ал-Йаум”, “Сада ал-Балад”, “Ал-Васила” нашрлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар билан Миср жамоатчилигини таништиришда давом этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Хусусан, “Ал-Аҳром” газетаси Мисрнинг Ўзбекистондаги элчиси билан уюштирган интервьюсида мамлакатларимиз ўртасида туристлар сонини ошириш, иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш имкониятларига тўхталиб ўтган.
Мисрнинг нуфузли “Ахбар ал-Йаум” газетаси эса Имом Мотуридий таълимотига оид мақола чоп этди. Унда Ислом дунёсида мўътадил қарашларни ёйиш, Мотуридий таълимотини ўрганиш, соҳага оид хорижий ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатишда Ўзбекистонда ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланган.
Мазкур газета Имом Мотуридий стипендиясининг жорий этилиши, ушбу таълимот билан боғлиқ қўл ёзмаларни йиғиш, библиографиясини тайёрлаш ва уларни электрон шаклда кутубхоналарда тарқатиш бўйича кўрилаётган чораларга тўхталиб ўтган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Савол: Аллоҳ таоло осмонда, Аршнинг устида деб эътиқод қилиш жоизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, Аллоҳ таоло осмонда ёки Аршнинг устида, дейиш ёки бирор жойда ўрнашган, деб эътиқод қилиш мутлақо жоиз эмас. Зеро, осмонни ҳам, Аршни ҳам, маконни ҳам, замонни ҳам У зотнинг Ўзи яратган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар:
“Азалда биргина Аллоҳ таоло бор эди, ундан бошқа ҳеч нарса йўқ эди” (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло замон ва маконларни, шунингдек Аршни яратмасидан олдин ҳам бор эди. Уларни яратганидан сўнг азалда қандай мавжуд бўлса, ҳозир ҳам худди шундай мавжуддир ва то абад шундай қолажак.
Зеро, у ўз зотида ўзгаришни қабул қилмайди. Чунки ўзгарган нарса илоҳликка лойиқ бўлмайди.
Шунинг учун ҳам биз аҳли сунна айтамизки:
“Аллоҳ таоло ҳеч бир макон ва замонларсиз мавжуддир. Маконга жойлашиш Аллоҳ таоло яратган нарсаларнинг сифати ҳисобланади. Яъни, ҳар бир яралмиш борки, катта ёки кичик ўрин эгаллайди. Аллоҳ таоло эса бундан пок ва олийдир”.
Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.