Алҳамду лиллаҳи Роббил оламин. Ҳамдан касирон тоййибан муборакан фиҳи ало кулли ҳалин ва фи кулли ҳин... Вассалату вассаламу аъло саййидина ва санадина Муҳаммаданил мустафо ва аъло олиҳи ва саҳбиҳи ва ман табиаҳу бииҳсонин ила явмил жазо... Аммо баъд:
Сизларга Аллоҳнинг саломи, раҳмати, баракоти бўлсин. Аллоҳ жалла жалолуҳу дунёда ҳам, охиратда ҳам сизлардан лутфу карамини дариғ тутмасин, саодатманд қилсин. Жаннатига,жамолига мушарраф айласин...
Бу дунё, бу ҳаёт, кунларимиз ва умримиз ўткинчидир, абадий эмас, қисқадир, вақтинчадир, сўнги ва охири бордир, ўлим бордир. Ҳақиқат ва абадий ҳаёт охиратдадир, ўлимдан кейинги ҳаётдир. Охират– абадий ҳаёт, бу дунё эса– фоний, ўткинчи. Аслида охиратга ҳозирлик кўриш керак.
Исломнинг, имоннинг бизга тавсия этган ҳақиқати шундай. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратлари ҳам шундай фикр билан яшаганлар. Дунёга аҳамият бермаганлар, елиб-югурмаганлар, унга ҳирс қуймаганлар. Охиратда саодатли бўлишга, Аллоҳнинг розилигини топишга бизларни даъват этганлар. Ўзлари ҳам охиратнинг шавқи, соғинчи билан яшаганлар:
مالي و للدنيا؟ انما انا کراکب استظل تحت ظل الشجرة (ترمذي عن عبد الله بن مسعود)
Мо ли ва лид дунё– менинг дунё билан нима ишим бор?.. Иннамо ана карокибун истазалла таҳта зиллиш шажараҳ– Мен бир дарахт соясида бироз нафас ростлаб, ўтадиган бир отлиқ йўловчи кабидурман,– деб марҳамат қилганлар. «У дарахт, яъни бу дунё менинг асосий маконим, мақомим, мақсадим эмас», деган маънода айтганлар...
Биз ҳам шу буюк ҳақиқатга кўра ҳаётимизни қуриб, изга солиб, тузатиб яшашга мажбурмиз... Имконимиз борича шундай яшашга, ибодатларимизни қилишга, Аллоҳнинг амрларини бажаришга, ҳаромлардан, гуноҳлардан сақланишга ҳаракат қиламиз. Охират саодатига мушарраф бўлишнинг йўли шу деб, шу йўлни танлаганмиз...
Кимдир охират йўлини, Аллоҳнинг амрларини астойдил ихлос ила бажарса, кимдир зўрма-зўраки, малол билан адо этади. Баъзан ҳаромларга ҳам ўралашиб қолади, савобли ишларни қилишда ғайрат қилмайди, танбаллик қилади, оқсайди.
Албатта, ҳар бир ҳолат, ҳаракатни хоҳ савоб, хоҳ гуноҳ бўлсин «Кироман котибин» фаришталар ҳеч қолдирмасдан амал дафтарларига ёзиб қўядилар. Охиратда ҳаммаси учун ҳисоб беради, савол-жавоб бўлади...
فَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ 7 وَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ 8 (سورة الزلزلة: 7–8)
Фа ман яъмал мисқола зарратин хайран яраҳ. Ва ман яъмал мисқола зарратин шарран яраҳ– Бас, ким (ҳаёти дунёлик пайтида) зарра мисқолчалик яхшилик қилса (қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқолчалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур! («Залзала» 7-8 оятлар).
Аллоҳнинг розилигига етказувчи, улаштирувчи йўл– тақво йўли, эҳсон йўли дейилади. Тақво қўрқиш, сақланиш, ўз-ўзини сақлаш дегани... Киши Аллоҳдан қўрқиб, гуноҳлардан, ҳаромлардан, Аллоҳ ёқтирмаган ишлардан ўзини сақлагани учун ҳам «тақво йўли» дейилади.
Яъни, нафси истаса ҳам, гуноҳ, ҳаром ишлар қилишдан ўзини сақлайди, тияди. Нафс хоҳламаса ҳам, савобли, хайрли, эзгу ишларни бажаради, савоб топади, дўзахга тушишдан, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқишдан қўрқади.
Демак тақводор бўлиш, тақво доирасида фаолият кўрсатиш, ўзини асраш ва сақлашга ҳаракат қилиш керак. Бу ўринда ҳам нафс билан жиҳод қилиш керак бўлади. Нафс гуноҳ қилишни яхши кўради ва хоҳлайди. Ўйин-кулги, кайф-сафо, тўй-ҳашам, маишат, сайру томошо, кўнгил очарлик қилишни хуш кўради. Савобли ишларни эса, ёқтирмайди. Хайрли, савобли ишлар қилиш машаққатли кўринади, қочишга ҳаракат қилади. Хайрли ишлардан қайтаришга тиришади.
Бир бола мисолида уни кузатишимиз мумкин. Онаси, отаси мажбурламаса, намоз ўқимайди. Ҳатто ота-онасини алдашга ҳаракат қилади. Ёлғондан «таҳорат олдим, мен намозимни ўқидим...»,– дейди лекин ўқимаган бўлади. Нега?.. Чунки оғир туюлади. Ҳолбуки, савобли бир амал... Нафс сабабли савобли ишларни хуш кўрмасдан, гуноҳ ишларни эса жудаям ёқтириши мумкин.
Шундай экан, Аллоҳнинг розилигига эришишнинг йўли нафсга қарши курашишдан иборатдир. Мана шу мухолафат, кураш– тақво йўлининг асоси, тасаввуфнинг энг муҳим масаласидир... Инсон нафсини қўлга олгандан кейин, енггандан кейин, нафси истамаган нарсани «савобли, фойдали, хайрли» деб мажбуран бажартиради, нафси ёқтирган нарсани эса «гуноҳ, ҳаром, Аллоҳ севмайдиган иш» деб қилдирмайди, хоҳиш, шиддатини сўндиради... Демак, нафс билан курашиш, уни тизгинлаш орқали Аллоҳнинг розилигини топишга эришиш мумкин...
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.