Мамлакатимизнинг Париждаги элчихонаси ташаббуси билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази (ИМХТМ) ва Франция Миллий кутубхонаси (BNF) Шарқ қўлёзмалари департаменти ўртасида видеоанжуманалоқа шаклида мулоқот ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Ўзбекистон томонидан Марказ раҳбарияти, француз томонидан эса Шарқ қўлёзмалари департаменти раҳбари Лорен Эрише бошчилигида француз шарқшунос олимлари қатнашди.
Онлайн-анжуманда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мақсад ва вазифалари таништирилди. Исломий илмлар, хусусан, калом илми тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини тадқиқ этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш, амалга оширилган тадқиқотлар натижалари бўйича қомуслар, каталоглар ва китоблар нашр этиш устида ишлар олиб борилаёгани айтиб ўтилди.
Француз илмий жамоатчилиги вакиллари Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги тизимли ислоҳотларни юқори баҳолаб, бугунги кунда чет давлатларнинг Ўзбекистон илмий муассасалари билан ҳамкорлик қилишга бўлган қизиқиши кун сайин ортиб бораётганини таъкидлади.
Хусусан, Л.Эрише ИМХТМ билан илмий алоқалар ўрнатишга тайёрлигини баён этди. Ўзбекистон маданий меъроси жаҳон тўпламларида китоб-альбомлари тўпламининг кутубхонага тақдим этилгани, BNFда сақланаётган қўлёзмалар асосида тайёрланган “Мовароуннаҳр қўлёзмалари Франция тўпламларида” китобининг нашр этилганини таъкидлади ўтди.
Бундан ташқари, Элчихонада ташкил этилган Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, мамлакатимиз маданий меъросига бағишланган анжуманларда тақдимотлар ўтказганини билдириб, ИМХТМ билан ҳамкорлик икки томон учун янги йўналиш экани, француз тадқиқотчиларида мазкур муносабатларга қизиқиш юқори даражада эканини эътироф этди.
Қўлёзмалар бўйича мутахасис Х.Ш-Алами ислом динининг софлиги ва бағрикенглик тамойилларини баён этишда Имом Мотуридий илмий-маърифий мероси муҳим аҳамиятга эгадир, деб таъкидлади.
Тадбир якунида томонлар биргаликда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, Имом Мотуридий ҳаёти ва ижодига доир қўлёзмаларни тадқиқ қилиш, Франциянинг “Gallica” электрон кутубхона тизими ва каталоглаштириш бўйича тажрибасини ўрганиш ва бошқа масалалар юзасидан келишувларга эришилди.
Маълумот учун, BNF ҳозирги номда 1995 йилда ташкил этилган, бироқ турли манбаларга қараганда, кутубхонанинг ташкил этилиш тарихи 1368 йилга бориб тақалади. Унда сақланаётган коллекциялар сони тахминан 40 миллион донани ташкил қилади ва дунёдаги энг йирик мажмуалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Муҳаррам ойи қандай ой? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун? Бу кун ҳақида Набий (алайҳиссалом): “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни қандай фазилатларга эга? Бу кун рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (алайҳиссалом): “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.
Ашуро кунини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай ўтказардилар? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб, Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, балки бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД