Махачқалада 27 март куни Қуръондан кейинги иккинчи муҳим бўлган китоб – "Саҳиҳул Бухорий" ҳадислар тўпламининг рус тилидаги таржимаси тақдимоти бўлиб ўтади. Учрашувда Доғистон муфтийси шайх Аҳмад Афанди, Татаристон муфтийси Комил ҳазрат Самигуллин ва нашр муаллифлари жамоаси - икки республика муфтиятларининг шариат мутахассислари иштирок этишади.
“Саҳиҳул Бухорий” — мусулмонлар учун Қуръондан кейинги иккинчи муҳим китоб ва суннийларнинг асосий ҳадис тўпламларидан бири. Шу билан бирга, мусулмон уламолари турли даврларда маълум бир давр эҳтиёжларидан келиб чиқиб, "Саҳиҳул Бухорий"ни қисқартиришган. Энг муваффақиятли қисқартирилган талқинларидан бири – XIX асрда доғистонлик мусулмон олими Умар Зиёуддин ад-Доғистоний томонидан тузилган Зубдат китобидир.
Ҳозирга қадар ушбу асар рус тилида сўзлашадиган ўқувчи учун мавжуд эмас эди, аммо рус мусулмонлари жамоатида сохта исломий урф-одатлар ва ғояларнинг тарқалиши рус диний тафаккурининг тикланишини тақозо этмоқда. "Саҳиҳул Бухорий" ҳадислар тўпламининг "Зубдат" талқинидаги рус тилига таржимаси Россия мусулмонлари учун саҳиҳ ҳадислар ва ҳақиқий сунний урф-одатлар маъноларини очиб берди.
Шуниси эътиборга лойиқки, нашрнинг нашр этилиши Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идораси ва Доғистон Республикаси муфтиятлари шариат мутахассисларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасидир: у Татаристонда таржима қилинган ва нашр этилган, Доғистонда таҳрирланган.
Шундай қилиб, замонавий фундаментал диний асар Россия мусулмон халқлари дўстлигининг тимсолига айланди. Бу Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идораси ва Доғистон муфтияти ўртасидаги исломий адабиётларнинг таржимаси соҳасидаги ҳамкорликнинг биринчиси эмас. Аввалроқ Қозонда доғистонлик шариат мутахассислари иштирокида тайёрланган Қуръоннинг рус тилига семантик таржимаси «Калом Шариф” россиялик олимлар орасида яхши кутиб олинди.
azon.uz
Бир қишлоқда жаҳли тез чиқадиган, ўзини бошқа олмайдиган ўспирин йигит бор экан. Кунлардан бирида отаси унга ҳар гал жаҳли чиққанида бир мих олиб, уйнинг олдидаги дарахтга қоқишини айтди.
Ўғил шундай қила бошлади. Бир неча мих қоқилган дарахтни кўриб, йигитнинг унга раҳми келди. Ўзини бошқаришни, сабрли бўлишни ўрганди. Дарахтга мих қоқмай қўйди. Буни кўрган ота энди ўғлига қоқилган михларни суғуриб ташлашни буюрди. Ўғил отасининг айтганини бажарди.
Дарахтнинг яралари битиб, ўрнида чандиқлар пайдо бўлди. Ота ўғлига:
– Қара, ўғлим! Қоқилган ҳар бир мих бу дарахтни яралаган эди. Уларни суғуриб ташлаган тақдирингда ҳам, ўрни, чандиқлари қолди. Энди дарахтнинг ана шу жойлари мўртлашиб, қурт тушади ва уни емиради.
Ўғил бошини эгиб қолди. Ота сўзида давом этди:
– Бу-ку бир дарахт экан, Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб яратган инсон зотининг қалб аталмиш дарахтига ҳам баъзан тил аталмиш болға билан сўз аталмиш михлар қоқилади. Гарчи кейин хатолар тан олиниб, узр сўралиб, у “мих”лар суғуриб олинса-да, ўрнида чандиғи, доғи қолади... Сен ўшандай михларни қоқишдан сақлан. Ўзингни идора қилишни, жаҳлингни жиловлашни ўрган!..
Дарҳақиқат, инсон қалби гўё нафис бир ойнага ўхшайди. У дарз кетса, кейин ҳеч қачон аслидагидек тикланмайди. Шундай экан, ҳар доим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб муомила қилишни ўрганайлик ҳеч бўлмаса ҳаракат қилайлик. Аллоҳ ҳаммамизни тўғри йўлдан адаштирмасин! Зеро, кўнгил – Яратганнинг назаргоҳидир.
Қудсий ҳадислардан бирида Аллоҳ таоло: “Мен сизларнинг на суратингизга ва на чиройларингизга қарайман. Балки қалбларингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”, деган.
Акбаршоҳ Расулов