Бугун, 17 март куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъатнинг дастлабки илмий мажлиси онлайн тарзда ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маъруза билан иштирок этди.
Халқаро ҳайъат йиғилишида Ал-Азҳар Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Назир Муҳаммад Айяд, Россия ислом университети ректори, Академик Рафик Мухаметшин, Босния собиқ муфтийси, Бутунжаҳон боснияликлар конгресси президенти, фалсафа фанлари доктори Мустафа Черич, Туркиянинг Ибн Халдун университети профессори Ҳамза Бакрий сингари нуфузли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари қатнашди.
Шунингдек, Миср, Иордания, Туркия, Германия, Босния ва Герцеговина, Россия, Афғонистон, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан 30 дан зиёд илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбарлари ва соҳа вакиллари ҳам иштирок этди.
Йиғилиш иштирокчилари мотуридийлик таълимотини ўрганиш, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик қилиш, жумладан, Марказ фаолиятига хорижий грантларни жалб этиш, Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия низомининг муҳокамаси, аллома ва унинг таълимотига оид манбаларнинг асл ва электрон нусхасини Марказ кутубхонаси ва электрон платформасида жамлаш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Халқаро ҳайъат иштирокчилари томонидан Имом Мотуридий ва унинг издошлари асарлари бўйича ягона электрон платформа яратиш таклифи улкан ташаббус сифатида баҳоланди. Хусусан, Мисрнинг ал-Азҳар университети доктори, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими Аҳмад Саъд Даманҳури мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг асл ва электрон нусхаларини Марказ кутубхонасида жамлаш ва уларнинг электрон платформасини яратиш ташаббусини соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган олимлари ва мутахассислар учун долзарб аҳамиятга эга деб, таъкидлади.
Шунингдек, бугунги кунга қадар мотуридийлик таълимотига оид мингдан (1000) зиёд араб, турк, немис ва инглиз тиллардаги қўлёзма ва замонавий нашрлар аниқлангани иштирокчилар томонидан юксак баҳоланди.
Ташкилотчилар ва қатнашчиларга миннатдорлик билдираман, – дейди Камалуддин Мержуни Малайзия ислом илмлари университети профессори. – Жануби шарқий Осиёда мотуридийлик таълимотига катта эҳтиёж бор. Хусусан, унинг ақидавий таълимотини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Мотуридий меросини малай тилига таржима қилиш таклифини билдираман.
Халқаро ҳайъат аъзолари келгусида илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ҳайъат йиғилишини тез-тез ўтказиб боришга келишиб олишди.
Маълумот учун, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини халқаро миқёсда ёйиш учун жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳада илмий изланишлар олиб бораётган жаҳоннинг етук олим ва мутахассислари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий мероси ва мотуридийлик таълимотини халқаро жамоатчиликка етказиш мақсадида Марказнинг Халқаро илмий ҳайъати тузилган.
Халқаро илмий ҳайъати таркиби 20 дан зиёд маҳаллий ва халқаро миқёсдаги олимлардан ташкил топган. Унинг раиси Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси аъзоси, Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси Усмонхон Алимов ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Инсон гуноҳдан холи бўлмайди. Баъзан билиб-билмай гуноҳ ишга қўл уриб қўйиши мумкин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир одам боласи хато қилувчидир. Хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло кўплаб оятларда инсонларни тавба қилишга буюрган. Жумладан, Таҳрим сурасида бундай марҳамат қилинади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса” (8-оят).
Бошқа ояти каримада «...Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз» (Нур сураси, 31-оят), дейилган.
Инсон тавбани ўзига лозим тутиши керак. Аммо унинг тавбаси қабул бўлиши учун эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар бор. Хусусан, тавба қилишда чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолодан ёлвориб сўраши керак. Сўнгра истиғфор учун маълум бир дуолар, ижобат бўладиган онлар фазилатидан фойдаланиш зарур.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қуёш мағрибдан чиқишидан олдин тавба қилса, Аллоҳ (унинг) тавбасини қабул қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Инсон тавбага шошилиши лозим. Луқмони Ҳаким ўғилларига: “Эй ўғлим, тавбани кечиктирма! Чунки ўлим тўсатдан келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: 1) гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни қоплайди, сўнгра уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди; 2) касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди”, деган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат Эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло билмай қўл уринган гуноҳга зудлик билан қилинган тавбани қабул этишини баён қиляпти.
Инсон Аллоҳ ва унинг Расулига итоат қилмагани, шайтоннинг ҳийласига эргашиб, шу гуноҳни содир қилгани учун қаттиқ надомат чекиши лозим. Чунки гуноҳ ишга пушаймон бўлиш холис тавбанинг шартларидан биридир. Шу билан бирга, надоматнинг ўзи ҳам тавбага далолат қилиши мумкин.
Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Абдуллоҳ ибн Маъқилдан ривоят қилинади. У: “Мен отам билан бирга Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кирдим. Отам унга: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Надомат чекиш тавбадир”, деганларини эшитганмисиз?” деб айтди. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ҳа, у зотнинг: “Надомат чекиш тавбадир”, деганларини эшитганман”, деди» (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, инсон қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиб, афсусланса, тавбаси холис бўлиши учун бир неча шартлар бор:
– гуноҳ қилишдан дарҳол тўхташ;
– қилган гуноҳига қаттиқ пушаймон бўлиш;
– бу гуноҳга асло қайтмасликни ният қилиш;
– тавбасини Аллоҳ таоло қабул қилишига ишониш;
– истиғфор айтиш;
– гуноҳга қайтмасликни барча аъзолари билан амалга ошириш;
– гуноҳ одамларнинг ҳаққи бўладиган бўлса, улардан узр сўраб, рози қилиш.
Шокиржон МАДАМИНОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси.