Конья шаҳридаги Салжуқийлар университети илмий тадқиқотчиси Иқболжон Усмонов ва унинг устози Шамсиддин Камолиддин ҳаммуаллифлигидаги «Фазоил-и Балх – Балх шаҳрининг фазилатлари» асарининг илмий нашри «Generıs» нашриёти томонидан чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Асар 3 фаслдан ташкил топган бўлиб, 1-фасли Балх фазилатлари ҳақида айтилган ривоятларни, 2-фасли Балх шаҳрининг таърифини ўз ичига олган. 3-фаслда эса Балх ва унинг атрофидаги қишлоқларда яшаб ижод қилган шайхлар ва олимлар, шунингдек, турли даврларда бошқа шаҳарлардан Балхга келиб, бу ерда фаолият олиб борган жами 70 та машҳур шахс ҳақида қимматли биографик маълумотлар келтирилган.
Европа мамлакатлари, Эрон, Афғонистон ва Ўзбекистон олимлари «Фазоил-и Балх – Балх шаҳрининг фазилатлари» китоби бўйича илмий изланишлар олиб борган. Жумладан, Иқболжон Усмонов ҳам ушбу асарни ўрганиб, иккита илмий мақола эълон қилди ва 2011 йилда Салжуқийлар университетида “Фазоил-и Балх” асари Марказий Осиё халқлари тарихига оид муҳим манба” мавзусида магистрлик диссертациясини ёқлади.
Ўқувчилар диққатига ҳавола этилаётган ушбу китоб “Фазоил-и Балх” асарининг 1- ва 2-фаслларининг таржимаси, илмий изоҳлар ва шарҳларни ўз ичига олган. Таржима «Фазоил-и Балх» асарининг танқидий матнини ўз ичига олган Абдулҳай Ҳабибий нашри (Теҳрон, 1350/1971) асосида амалга оширилди. Асар матнининг таржимаси Балх шаҳрининг тарихи ва унинг тарихий топографиясига оид маълумотлардан иборат.
Сўз боши, илмий изоҳлар ва шарҳларни Ш.Камолиддин, асар ва унинг муаллифи ҳақидаги маълумот ва форс тилидан таржимани И.Усмонов амалга оширган.
Маълумот учун, Балх шаҳрида яшаб ижод қилган Сафий ад-Дин Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Довуд ал-Воъиз ал-Балхий ҳижрий 610 (милодий 1213-14 йй.) йилда араб тилида «Фазоил-и Балх» номли асарини ёзиб тугаллаган. Ушбу асарнинг араб тилидаги нусхаси бизгача етиб келмаган. Лекин ўша даврда асар ўзининг қимматли маълумотлари билан илм аҳлининг катта қизиқишига сабаб бўлган. Шу сабабли ушбу китоб ҳижрий 676 (милодий 1277-78 йй.) йилда Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн ал-Қосим ал-Ҳусайний ибн ал-Ҳусайний томонидан форс тилига таржима қилинган. Кейинчалик асарнинг форсча матн бир нечта хаттотлар томонидан тўлдирилган. Шу ҳолда 3 нусхада бизгача етиб келган.
Мазкур китоб 2021 йилнинг илк ойларида ўзбекистонлик ёш тадқиқотчилар томонидан Туркияда нашрдан чиқарилган иккинчи китоб бўлди.
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йил февраль ойида Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Анқара университи битирувчиси, фалсафа доктори (PhD) Абдулмалик Туйчибоев томонидан тайёрланган “Мухтасар Фавойид ар-Рустуфағний” асарининг илмий-танқидий нашри Истанбулдаги “Haşimî Yayınları” нашриётида чоп этилганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мўмин учун энг катта неъматлардан бири унинг вақти, умридир. Агар олдига аниқ, қатъий мақсад қўймаса, ҳаётда ўз ўрнини топа олмайди.
Мўмин киши кунлик, ҳафталик, ойлик, йиллик, хуллас бутун умрини режалаб олиб, шу асосда ҳаракат қилса, вақтига барака, мазмун киради.
Айримларда мутлақо режа бўлмайди ва нима қилишини билмай, бошқалар режаси асосида яшаб, уларнинг режаларига хизмат қилади.
Аслида ҳамманинг ўзига яраша келажакда бажариши лозим бўлган юмушлари, эришишни кўзлаган орзу-мақсадлари бор. Лекин кўпчилик уларни тартиблаб, муҳимларини қайдлаб ёзиб чиқмаган. Шунинг учун ҳам, атрофидагиларга қаттиқ боғланиб қолган ва улар таъсиридан ташқарига чиқолмайди.
Режани қандай тузиш керак? Аввало киши жисмоний, руҳий, иқтисодий, оилавий ва ижтимоий имкониятларини чамалаб, қилиши мумкин бўлган ишларни белгилайди. Бу борада устозлар, ота-онаси ва илмли, ҳаётий катта тажрибага эга муваффақиятли кишиларнинг кун тартибларини ўрганиш, имкон бўлса, улар билан фикр алмашиб, маслаҳатларини олиш ва шулардан келиб чиқиб қиладиган ҳар бир ишни вақтлар кесимида ёзиб чиқиш керак.
Айтилганидек, «Орзулар ёзиш билан мақсадга айланади». Ёзилган мақсад эса кишини огоҳлантириб, дангасалик қилмай ва бўшашмай олға интилишга ундайди.
Мақсадларни маълум вақт билан чегаралаб олиш ишларни «эртага қиламан», «индинга бажараман» деб ортга сурмай, ўз ўрнида бажариш лозимлигини эслатиб туради.
Доимий режа асосида қилиб бориладиган иш вақт ўтиши билан ўз самарасини беради.
Бу ҳақда кўп ёзиб ўтирмай, уламоларимиз режаларидан биргина намуна келтирсак кифоя:
Шайх Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ ҳар куни яқин шериклар билан камида 100 бет китоб ўқишни, бир йилда 1000 та, ўн йилда эса 10000 та китоб ўқишни режа қилган ва шунда бардавом бўлган эканлар. Бу миқдор мустақил китоб ўқишлари ва таълифларидан ташқари.
Шу каби илмда, касб-ҳунарда ва бошқа ҳар қандай соҳада муваффақиятга эришган кишилар ҳаётига назар ташласангиз улар ўз олдига юксак мақсад қўйиб, қадриятларини белгилаб, мана шу асосда ҳаракат қилганларини кўрасиз.
Албатта, ҳаммаси Аллоҳ таоло битиб қўйганидек бўлади. Биздан сабабларни қилиш ва ҳаракат талаб этилади. Натижа эса Аллоҳдандир. Мақсадларни ёзиб, бор кучимизни сарфлаб унга эришолмасак ёки умримиз етмай қолган тақдирда ҳам қилган яхши ниятимиз ва ҳаракатимиз учун ажр оламиз, иншаАллоҳ.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим тайёрлади.