Бугун, 13 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Самарқанд вилояти Ургут туманида барпо этилган “Ургут” марказий жоме масжидининг очилиш маросимида иштирок этдилар. Меҳмонларга Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам ҳожи Жамилов ҳамроҳлик қилди.
Масжиднинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Ургут тумани ҳокими Ботир Жабборов, таниқли уламолар, тажрибали имом-домлалар, мўйсафид отахонлар, вилоят мутасаддилари ва юзлаб намозхонлар иштирок этдилар.
Тадбир аввалида қурбонлик сўйилди ва Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди
Файзли тадбирда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжид жамоасини маҳобатли жоме билан муборакбод этдилар, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар ва улкан ислоҳотлар ҳақида сўзлаб бердилар. Айниқса, масжид-мадрасаларни обод этилиши, қадамжою-зиёратгоҳларни гўзал ҳолатга келтирилиши, мўмин-мусулмонларимизга кенг имкониятлар берилаётганини батафсил гапириб бердилар. Мана шундай эътибор ва ғамхўрликдан намозхонларимиз чексиз мамнунликларини ўз сўзларида изҳор этдилар ва қувончлари юз-кўзларидан яққол намоён бўлди.
Маълумот ўрнида, янги масжид қибласи мутахассислар қуёшнинг ёзги энг сўнгги ботиш ва қишдаги энг сўнгги ботиш нуқталари ҳисобга олиниб, ушбу икки нуқта орлиғи уч қисмга бўлиб, чап томондаги бўлак белгиланди. Шунингдек, кечаси Олтин қозиқ юлдузига қараб мўлжал олинди.
Масжид майдони бир гектардан ошиқ, хонақосининг ҳажми 45х55 метр, яъни 2500 кв/м.ни ташкил қилади. Жоме икки қаватдан иборат бўлиб, 8000 нафарга яқин намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. Хонақоҳ ўртасида 34 метрли баланд гумбаз қад ростлаган. Унинг айланаси 18 метрни ташкил этади.
Масжиднинг тўрт томонида иккитаси 40 метрли ва яна иккитаси 43 метрли бўлган тўрт минора қурилган. Замонавий таҳоратхонадан бир вақтнинг ўзида 100 киши фойдаланиши мумкин. Масжид ходимлари учун 2 қаватли маъмурий бино барпо этилган.
Муфтий ҳазратлари ўз дуоларида ушбу масжидни Аллоҳ таоло қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини насиб этиши ва унинг қурилиши ва фаолиятини йўлга қўйишига ҳисса қўшганларга улуғ-савобларни ато этишини Ҳақ таолодан илтижо қилиб сўрадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳишом ибн Аммор бундай ҳикоя қилади: «Мадинага, имом Моликнинг ҳузурига келдим. У киши худди подшоҳлардек ҳайбат билан ўтирар эдилар. Атрофларида шогирдлари ўтирар, яна бир гуруҳ одамлар тик туришар эди.
Одамлар у кишидан савол сўрашар, у киши эса жавоб берар эдилар. Савол-жавоблар тугагач, ёнларига бориб, “Менга ҳадис айтиб беринг”, дедим. У киши “Йўқ, сен ўқи, мен эшитиб тураман” дедилар.
Мен эса “Йўқ, сиз айтиб беринг”, дедим. У киши яна “Сен ўқи”, дедилар. Қайта-қайта сўраверган эдим, бир кишини чақириб, “Ҳой йигит, мана буни ўн беш қамчи ур”, дедилар. Мени қамчилашди. Аламимдан йиғлаб юбордим.
Имом Молик йиғлаганимни кўриб, “Нега йиғлаяпсан, эй ҳадис толиби? Жонинг оғридими?” дедилар. Шунда мен: “Йўқ, жоним оғригани учун эмас. Отам уйини йигирма динорга сотиб, пулини менга бериб, Мадинага бориб, сиздан ҳадис эшитишимни тайинлаган эди. Илмдан олган насибам эса мана шу ўн беш қамчи бўлди. Энди мен сизни кечирмайман”, дедим.
Шунда имом Моликнинг кўнгли юмшаб, “Хўп, бунинг каффорати нима экан?” дедилар. Шунда мен “Ҳар бир қамчи эвазига бир ҳадис айтиб берасиз”, дедим. У киши “Мен анчадан бери ҳеч кимга ҳадис айтмаган эдим. Одатда менга ўқиб эшиттиришади. Бошқа нарса айтақол, болам”, дедилар. Мен: “Йўқ! Бўлмаса сизни кечирмайман”, дедим. Шунда у киши менга ўн бешта ҳадис айтиб бердилар. Шундан кейин: “Устоз, яна қамчилаб, яна ҳадис айтиб беринг”, деган эдим, “Э бор-е”, деб уришиб бердилар.
Нодирбек ХИДИРОВ,
Имом Заҳабийнинг “Сияру аъламин-нубало”,
Ибн Асокирнинг “Тариху Димашқ” китобларидан эркин таржима.