Истанбулдаги Ўзбекистон Бош консуллиги Давлат туризм қўмитаси вакиллари билан бирга Европада доимий истиқомат қилувчи этник турклар орасидан журналистлар, сайёҳлик компаниялари раҳбарлари мамлакатимизга сармоя киритиш ниятида бўлган тадбиркорлар иштирокида онлайн давра суҳбати ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё"ахборот агентлиги.
Тадбир давомида Ўзбекистонда хавфсиз зиёрат туризми учун шарт-шароитлар, шунингдек, мамлакатнинг COVID-19 пандемияси оқибатларига қарши курашдаги ютуқлари тақдимоти бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳар куни Истанбулдан Тошкентга Турк ва Ўзбекистон ҳаво йўлларининг иккита мунтазам қатнови йўлга қўйилган. Март ойининг охиридан эса Истанбулни Самарқанд, Урганч ва Фарғона билан боғлайдиган бошқа ҳаво қатновлари фаолият бошлайди. Шунингдек, йўловчиларнинг камида ярми Ўзбекистонда муқаддас жойларга зиёрат қиладиган сайёҳлар экани алоҳида таъкидланди.
Учрашувда Ўзбекистонга сайёҳларни жалб этиш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.
1997 йилдан буён туризм соҳасида фаолият олиб бораётган «Kuwait Star», «Miran Group» «OldTusba» сайёҳлик компаниялари вакили Суат Карачорлу халқаро ҳамжамият Ўзбекистон раҳбарияти томонидан туризм соҳасини ривожлантиришда қаратилаётган эътиборни юқори баҳолашини, ҳозирда 86 мамлакатнинг хорижий фуқаролари эркин келиши мумкинлигини таъкидлади. У миллий, диний ва бошқа байрамларда фестивалларни ташкил этиш орқали туризмни ривожлантиришни тавсия қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Туркиянинг нуфузли таҳлил маркази ANKASAM (Ankara Kriz ve Siyaset Araştırmaları Merkezi) мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, диний таълимни такомиллаштириш, ислом меросини илмий асосда ўрганиш ва жаҳонга танитишга қаратилган кенг қамровли ишларга юқори баҳо берди.
Туркиянинг нуфузли таҳлил маркази ANKASAM (Ankara Kriz ve Siyaset Araştırmaları Merkezi) Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган таҳлилий мақола эълон қилди.
“Янги Ўзбекистон: Диний соҳадаги ислоҳотларнинг муваффақият формуласи” деб номланган ушбу таҳлилий мақолада мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, диний таълимни такомиллаштириш, ислом меросини илмий асосда ўрганиш ва жаҳонга танитишга қаратилган кенг қамровли ишларга юқори баҳо берилган.
ANKASAMга кўра, Ўзбекистонда қабул қилинган янги сиёсат ва инсон қадрини устувор қиймат сифатида белгилаган ёндашув сўнгги етти йилда диний соҳада чуқур, тизимли ислоҳотларни амалга оширишга пойдевор бўлди. Хусусан, таҳлилчиларнинг томонидан давлат ва дин муносабатларини демократия ва маърифат асосида қайта йўлга қўйиш, диний таълим муассасаларини халқаро андозаларга мос равишда ривожлантириш, илм-фан ва маърифатни ислом дини билан уйғунлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар эътироф этилган.
Мақолада айни пайтда Ўзбекистонда фаолият юритаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси каби муассасаларнинг фаолияти, улар орқали ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик ва маърифий моҳияти кенг ёритилаётгани таъкидланган. Ушбу марказлар фақат диний эмас, балки илмий-тадқиқот, маданий-тарихий меросни сақлаш ва оммалаштириш вазифасини ҳам бажармоқда.
ANKASAM таҳлилига кўра, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотларнинг муваффақияти – бу сиёсий ирода, стратегияли ёндашув, илмий асос ва халқаро ҳамкорликни ўзида уйғунлаштирган моделдир. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон тажрибаси минтақа давлатлари ва ислом олами учун ўрганишга арзийдиган намуналардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
ANKASAM каби халқаро нуфузга эга таҳлил марказлари томонидан бу каби таҳлилий мақолалар эълон қилиниши Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг очиқлиги, халқаро стандартларга мослиги ва жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.