Ихлос нима дегани? Инсон қалбининг топ-тоза, беғубор бўлиши, ниятининг мусаффо, самимий бўлишидир. Бир инсоннинг нияти бузуқ бўлса, қусурли бўлса, бошқа бир мақсади бўлсаю, уни амалга ошириш учун фитна ва иғволар қилса, бунинг орасида яна бир яхши ишлар ҳам қилса, ажабо, Аллоҳ шу яхши ишларига савоб берадими?.. Бермайди? Аллоҳ ихлосли инсоннинг ибодатини қабул қилади. Ибодатда ва ё бошқа бир амалда ихлос бўлмаса, қабул бўлмас!
У ҳолда қалбимизга ихлос индирамиз, тоза мусаффо қиламиз. Бу ерда қусур, ёмон ният бўлса, бўлмайди. Шунинг учун «инсон қалбини тозалаши керак» деб айтилади.
Табиий, қалбнинг тозаланиши – ичкарига хартум суқуб, жилдиржилдир сув билан ювиладиган бир нарса эмас... Зотан, у ерга хартум суқиб бўлмас. Ҳар қанча кимёвий ашёлар билан ювсанг ҳам бўлмас.
Зеро, қалб бу – юрак деган бир парча гўшт эмас... Қалб деганимиз кўнгилдир... Кўнгил тоза бўлиши керак. Бунинг қаерига хартум суқамиз, қаерини тозалаймиз?
Инсон кўнглининг тоза бўлиши нимадир?.. Самимий, кўнглида яхшилик барқ урган, ҳар ишга ёруғ бир орзулар билан киришган, туйғулари тоза, бировга кин, адоват сақламайдиган... Қалбдаги мана шу бойликни ИХЛОС деймиз. Ихлос лозим!
Шунинг учун тасаввуф улуғлари бир ихлосманд муриднинг қўлини оларкан, унинг маънавий тарбиясини ўз елкасига олади: «Бу менинг талабам, бу менинг муридим, бу менинг авлодим» деб уни бир тарбиядан ўтказади. Бу тарбияни тасаввуф тарбияси деймиз.
Энди ҳар устознинг бир услубий тарбияси бор. Уста, масалан, шогирдини ёнига олиб «фарзандим, болғани бундай ушла, бундай ур, шундай урсанг мих қайрилади ва ҳоказо» деб уқтиради.
Ҳар касб-ҳунарнинг устаси шогирдига бир усул билан бу касбни мунтазам адо этилиши сирларини ўргатади.
Устоз, домла, муршид, шайх муридини тарбия қилади. Мурид нима дегани?.. Истакли, хоҳловчи инсон дегани... У нимани истайди?..
– «Мен Аллоҳнинг севикли қули бўлмоқни истайман!», – дейди.
– «Майли, мен сенга Аллоҳнинг севгили бир қули бўлмоқ йўлини ўргатайин!»,– дейди муршид, унинг қўлини оларкан...
Муршид муридининг қўлини олганидаёқ унинг ботинидаги камчилик-нуқсонлардан воқиф бўлади. Даставвал унинг нафсини тарбия қилишга, нафсни енгишни ўргатишга ҳаракат қилади. Ўзини-ўзи енгиши керак. Чунки бу ташқаридан бўлмайди. Масалан, ота-она боласини баркамол бўлишини хоҳлайди, тарбия давомида гоҳида уни уради ҳам дейлик. Урмоқ билан тарбиялаб бўлмайди. Бироз улғайганидан кейин болада норозилик уйғонади, қаршилик кўрсатади, уйдан қочади...
Демак, урган билан бўлмайди. Норозилик инсоннинг ботинида, фитратида бўлади... Албатта буни тарбиялашнинг усуллари бор. Яъни, кўнглида истак бўлган мурид бир руҳоний даражага етишиш учун алоҳида бир тарбияни бошидан ўтказиши керак. Буни тасаввуфда «тасаввуф тарбияси», тариқатда «тариқат тарбияси» деймиз.
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Савол: Ўқилган намозимдан кўнглим тўлмади. Шу намозни қайта ўқишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу масаланинг бироз тафсилоти бўлиб, унга кўра намоз қуйидаги ҳолатларда қайта ўқилиши лозим:
• Намозда бирор фарз амал бажарилмай қолиб кетган бўлса;
• Намозда бирор вожиб амал қасддан бажарилмай қолиб кетса;
• Намозда бирор вожиб амал унутиб бажарилмаса ва намоз охирида саждаи саҳв ҳам қилинмай тугатилган бўлса.
Агар намозда суннат амаллар тарк қилинган бўлса ёки намоз макруҳлик билан ўқилган бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқиш вожиб эмас, балки мустаҳаб (чиройли саналган) иш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда қайтадан ўқимаса ҳам гуноҳкор саналмайди.
Саволда сўралган ҳолатга келсак, кўнгил тўлмаслиги юқорида санаб ўтилган фарз ёки вожиб амал тарк қилинган ҳолатлар сабабли бўлса, намоз қайта ўқилиши керак. Аммо ҳақиқатда собит бўлмаган шубҳа-гумонлар, васвасалар сабабли кўнгил тўлмаётгандек бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқилмайди. Чунки кўп ҳолларда “кўнглим тўлмаяпти”, деб намозни қайта-қайта ўқийвериш инсонни ўзига бўлган ишончини йўқотади ва васваса касалига чалинишига олиб келади.
Шундай экан, намозда бажариладиган фарз, вожиб, суннат амаллар ҳақида яхши ўрганиш, энг асосийси турли хаёлларга чалғимасдан намозни эътибор билан адо этиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.