Тадбир Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси кўмагида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий ҳалқаро илмий-тадқиқот маркази, Буюк Британиянинг Лестер университети ва Dacore IT масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил қилинди.
Унда қатор халқаро кўргазма ва фестивалларда қатнашган юртимизнинг таниқли уста рассомлари билан бирга ёш ижодкорлар ўз ижод намуналари билан иштирок этди.
Кўргазма иштирокчилари орасида таниқли миниатюрачи, китобат санъати бўйича тажрибали рассом, хаттот, графикачи рассом ва фотосуратчи каби ёш истеъдод эгалари бор.
Халқаро миқиёсда эътибор қозонган "Сўғдиёна" миллий чолғу-асбоблари камер оркестри жамоаси кўргазма учун махсус тайёрланган "Зикр" номли композициясини тақдим этди.
Имом Бухорийнинг ҳадис тўплаш йўлидаги меҳнати ва илмий изланишларини акс эттирувчи ушбу кўргазма қатор ижодкорларни бир жойга тўплади. Яъни, ушбу тадбир учун яратилган барча санъат асарлари “Саҳиҳул Бухорий” тўпламидан илҳомланган санъат усталарининг ижод маҳсули ҳисобланади. Уларни бир хайрли мақсад – ўз асарлари орқали ислом динининг ақл-заковат, адолат, тинчлик, ва бағрикенгликни мужассам этган эзгу ғояларини ҳалқаро миқёсда санъат мухлисларига тарғиб этиш нияти бирлаштириб турибди.
Кўргазмада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов бундай тадбирлар бизнинг заминда етишиб чиққан улуғ алломалар меросини жаҳон оммасига тарғиб этиш баробарида халқлар ўртасидаги илмий ва маърифий алоқаларни ривожлантиришга ҳам хизмат қилишини таъкидлади. Марказда аждодларимизнинг асарларини тадқиқ қилиш, халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Муассаса томонидан ўтган давр мобайнида бажарилган ишлар ва эришилган ютуқлар акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.
– Исломда энг муҳим ва бирламчи омиллардан бири – бу инсоннинг нафақат ташқи, балки ички ҳолатига ҳам таъсир кўрсатувчи покликдир. Ушбу кўргазмада намойиш этилаётган ижод намуналари одамларни жисм, тафаккур, қалб, руҳ ва ҳаёт мавзуларида чуқурроқ мушоҳадага ундайди. Эътиборлиси, кўргазмада намойиш этилаётган асарларнинг тавсифи ва талқини ҳадислар орқали ифодаланади. Бу эса, унга ташриф буюрувчилар учун исломнинг асосий манбалари билан яхшироқ танишишга ёрдам беради, – деди Ш.Зиёдов.
Кўргазма сўнгида мавзу юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
﴿الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَى عَبْدِهِ الْكِتَابَ﴾
“(Ўз) бандаси (Муҳаммад)га Китоб (Қуръон)ни нозил қилган зот (Аллоҳ)га – ҳамд!” (Каҳф сураси, 1-оят).
Ушбу Китобни умматларига омонат ила етказиб, унга амал қилишда гўзал намуна, “Хулқи Қуръон” бўлган зот – севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салом ва салавоту дурудлар бўлсин!
Пайғамбаримиздан Қуръони каримнинг бирор ҳарфини ўзгартирмай ўта аниқлик билан қабул қилиб, унга ихлос ила амал қилган саҳобаи киромлардан Аллоҳ рози бўлсин!
Қуръони каримга иймон келтирган, уни ўргатган, ўрганган ва унга амал қилган ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин.
Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг каломи. Унинг ҳар бир ҳарфи ва оятини ўқиб ўранган кишиларга катта ажр-савоблар ваъда қилинган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
من قرأ حرفًا من كتابِ اللهِ فله به حسنةٌ. والحسنةُ بعشرِ أمثالِها لا أقولُ ﴿الـم﴾ حرفٌ ولكنْ ﴿ألفٌ﴾ حرفٌ و﴿لامٌ﴾ حرفٌ و﴿ميمٌ﴾ حرفٌ.
“Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Қуръони каримни ўқиб ўрганган ва бошқаларга етказган кишилар улуғ фазл-мартаба соҳиби бўладилар. Бу ҳақда Усмон розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
خَيرُكُم من تعلَّمَ القرآنَ وعلَّمَهُ.
“Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадисдан инсонларнинг энг яхшилари аввало Қуръонни ўрганувчилар, кейин эса уни ўргатувчилар экани маълум бўлмоқда.
Аллоҳ таоло шундай фазл-мартабани барчамизга муяссар айласин.
Даврон НУРМУҲАММАД