Аввал хабар берганимиздек, Вақф хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё қори Абдураҳмонов хайрия тадбирлари ўтказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф уюштирган эди.
Ташрифнинг илк манзили Нукус шаҳридаги Муҳаммад ал Беруний ўрта махсус ислом билим юрти бўлди.
Мадрасада ўтказилган учрашув чоғида Я.Абдураҳмонов, билим юртининг иқтидорли 6 нафар талабаларига тўлов шартномалари учун ҳомийларни ҳисобидан моддий ёрдамлар тақдим этди.
Шунингдек, ташриф давомида, мадраса устоз-мураббийлари ва талабаларининг 1 ойлик тушлик ҳамда кечки овқатлар учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари саховатпеша ватандошларимиз кўмагида хайрия қилинди.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўладиган иш – мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритиш, қорнини тўйдириш ва машаққатини енгиллатишдир”, – дедилар” (Ҳорис ибн Абу Умома ривояти).
Мазкур хайрли ишга хизмат ва эҳсони билан ҳисса қўшган барча ватандошларимизни Аллоҳ таоло мукофотласин!
Вақф хайрия жамоат фонди матбуот хизмати
8 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф ал-Утайбий бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.
Мулоқотда сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, айниқса, ҳаж ва умра ибодатларини уюштириш ишлари янги босқичга кўтарилгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, “Ҳаж – 2025” мавсуми ҳар жиҳатдан муваффақиятли ўтгани, мутасаддилар саъй-ҳаракати билан ҳожиларга юқори даражада шароит ва имкониятлар ҳозирлангани, ўзбекистонлик зиёратчилар тартиб-интизоми, одоб-ахлоқи билан барчага намуна бўлиб, рисолагидек тоату ибодат қилганлари эътироф этилди.
Учрашувда томонлар келгусида ҳам диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ҳаж ва Умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириб бориш каби масалаларни муҳокама қилишди. Шунингдек, ҳамкорликда ўтказиладиган маърифий тадбирлар юзасидан ўзаро фикр-мулоҳаза алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати