Болалар катталарга ҳар доим ҳам ичларидаги ҳис-туйғуларини ошкор қилаверишмайди. Бунга кўпинча ота-онанинг ўта қаттиққўллиги, боланинг ҳар бир ишини, ҳар бир гапини тергайвериши, танқид қилиши сабаб бўлади. Бола ўз фикрларини баён қила олмай ичида сақлайдиган, ўзига қарши ноҳақлик қилинса ҳам ичига ютадиган, тенгдошларига қўшила олмайдиган, одамови, бўшашган бўлиб қолишига афсуски, кўп ҳолларда ота-оналарнинг айнан ўзлари сабаб бўлиб қолишади.
Бундай болаларнинг ичларида ҳеч кимга айтмай сақлаган гаплари турли ҳил руҳий-жисмоний касалликларга чалинишларига олиб келади. Инсондаги қўрқоқлик, журъатсизлик хислатлари ҳам болаликдан нотўғри ёндашилган тарбия асорати ҳисобланади.
Қачон бола ўз ичидаги туйғуларини эркин ифода қила олса, қалбидаги хоҳ яхши, хоҳ салбий ҳисларни биров билан ўртоқлаша олса, шунда у бутун салбий энергиясини тўкиб ташлаган, уни узоқ вақт қийнайдиган сарқитдан халос бўлган бўлади. Ўзида чексиз роҳат туяди, бутун ички олами ила хотиржамлик лаззатини ҳис қилади.
Ёши катта одамлар бу нарсани яхши билишади. Лекин болалар ичларидаги оддий гапларни ҳам ошкор қилишга қўрқишади баъзида. Айтсам устимдан кулишади ёки танқид қилишади дея-дея охири бора-бора менинг фикрим ҳеч кимга қизиқмас, мен жамиятга кераксиз одамман дея одамови бўлиб қолишади.
Ота-она бу нарсаларни билиши, фарзандининг ичидан нима ўтаётганини ҳис қилиши, унинг ички дунёсига бефарқ бўлмаслиги, унинг ичидаги ғам-ғуссалари уни еб битиришига йўл қўйиб бермасликлари ўта муҳимдир.
Бир она ҳикоя қилади:
“Ўғлимни ғамгин ҳолда кўрсам, унга нима бўлаётганини айтишини сўрайман. “Болажоним, нима бўлди, гапир, нималарни ўйлаяпсан, нега сиқиляпсан?” деб кўнглидан кечаётган ҳисларни билишга ҳаракат қиламан. Агар ўғлим ичидаги гапларни менга айтишга ийманса ёки ўзини ноқулай сезаётганини пайқасам, унга ўзини қийнаётган муаммоларини бир қоғозга ёзиб беришини сўрайман.
Болам ичидаги нарсаларни айтиб ёки қоғозга ёзиб бўлса ҳам чиқарса, роҳат туяди, ўзида енгиллик ҳис қилади. Мен ҳам болам нимадан азоб чекаётганини билиб оламан ва унинг кичик қалбига малҳам бўлиш ҳаракатида бўламан. Агар ичидагини била олмасам, унинг дардларини ҳис қила олмасам, мен ҳам қийналаман, у ҳам. Натижада она-бола ўртасида муаммолар келиб чиқади”.
Яна бир она айтади:
“Ҳар куни дастурхон устида ўтадиган вақтимдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Овқат устида болаларимдан бугун мактабда, ўқишларида қандай қизиқ воқеа бўлгани ёки қандай нохуш ҳодиса бўлгани ҳақида сўрайман. Бу билан мен фарзандимнинг ичидаги нарсаларни ташқарига чиқара олишлик қобилиятини шакллантира оламан. Воқеаларга болаларим қандай муносабат билдирашаётгани, уларнинг руҳий оламлари соғлом бўлиб шаклланяптими, йўқми, шуларни ҳам билиб олишимда шу усул яхши самара беради”.
Учинчи она айтади:
“Мен фарзандимга бошига бирор ташвиш тушса, қандайдир синовга йўлиқса, Аллоҳ таолога муножот қилишни ўргатганман. Яъқуб алайҳиссалом ҳам фарзандлари билан синалганларида шундай қилганларини болаларимга айтиб бераман. Яъқуб алайҳиссалом суюкли ўғиллари Юсуф алайҳиссаломдан ажралганларида “Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан” (Юсуф сураси, 86-оят) деган эдилар.
Оятдан кўриниб турибдики, инсоннинг ҳаётида рўй берадиган ҳар қандай маҳзунлик пайтида энг биринчи бўлиб топинадигани Аллоҳ таолонинг Ўзи бўлиши керак. Мана шу тушунчани доим болаларимга сингдиришга уринаман. Болаларимни ғамгин ҳолатда кўрганим заҳоти ундан нима бўлганини сўрайман. Кейин унга дарров янги таҳорат олиб икки ракат намоз ўқишни, намоздан сўнг дуо қилиб Аллоҳ таолодан муаммоларига ечим сўрашини, ғамларини кетказишини айтиб муножот қилишини айтаман, Аллоҳ билан дардлашишга ўргатаман. Албатта бу ишда болаларимга энг биринчи ўзим ўрнак бўлишга ҳаракат қиламан”.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар беришича, май ойининг 13-санасида бир кунда 3 млрд сўмлик энергоресурсларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган. Афсуски, бугун бундай газ ва электр энергияга яширинча уланиб, давлатга миллиардлаб зарар етказган кимсалар ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқиб қоламиз.
Бировнинг, айниқса, халқ ҳақидан қўрқмай ўғрилик орқали манфаат топмоқчи бўлаётган инсонлар орамизда кўплаб топилади. Бундайларнинг наздида газ, сув, электр энергия туганмас бойлик. Ундан ҳар ким ўз манфаати йўлида фойдаланиши мумкин. Бироқ бу неъматлар хонадонларга кириб бориши учун минглаб инсонлар меҳнат қилишини, давлат эса миллиардлаб маблағ сарфлашини, улар ҳам бир кун тугаб қолишини хаёлига ҳам келтирмайди.
Аслида ушбу неъматлардан оқилона фойдаланиш, исроф қилмаслик нафақат фуқаролик мажбуриятимиз, балки инсоний вазифамиз, мўминлик бурчимиздир.
Айтиш жоизки, уйда, ишда, кўчада коммунал тўловлар атрофида айланаётган қатор муаммолар ҳақида кўп эшитамиз, баъзан ўзимиз унинг гувоҳи ёки бевосита иштирокчисига айланамиз. Лекин бу муаммолар тўловни ўз вақтида амалга оширмаслик ёки айрим нобоп кимсаларнинг қилмиши оқибатида юзага чиқаётгани ёдимизга ҳам келмайди. Тўловларни имкон бўла туриб асоссиз баҳоналар ёки ўз вақтида тўламаслик ёки ҳисоблагич жиҳозларини тескарига айлантириш ёхуд ҳар хил ҳийлалар ишлатиб, уларни тўлашдан қочиш давлатнинг ва халқнинг ҳақини ейиш ҳисобланади. Чунки табиий бойликлар давлат ва халқ мулкидир.
Қолаверса, коммунал хизматлардан фойдаланиш учун ҳар бир хонадон таъминотчилар билан шартнома тузиб, қўл қўйган ва ўзаро келишувда тўловни ўз вақтида адо этишга келишган. Шу боис тўловларни вақтида адо этишимиз шаръан ҳам жоиз.
Таъкидлаш лозимки, халқнинг мулкида барча фуқаролар, хусусан, кам таъминланганлар, ногиронлар, етим-есирлар, кексаларнинг ҳақи бор. Улардан фойдаланишга келганда фаол бўлиб, тўловга келганда қочаётган, пайсалга солаётганлар юқорида зикр этилган қатламларнинг ҳам ҳақини ўзлаштириб, ноҳақ еяётганини билиб олсинлар. Зеро, Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар, бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар” (Нисо сураси 29-оят), дея огоҳлантирилган. Шундай бўлгач, ҳар бир фуқаро ўзгаларнинг молига, айниқса, жамоат мулкига хиёнат этмаслиги даркор! Бунга эътиборсизлик охиратда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳавла бинти Амр розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади” (Имом Бухорий ривояти). Шундай экан, бу масалага жиддий ёндашишимизга тўғри келади.
Шунингдек, газ, электр энергия ва сув каби неъматлардан оқилона фойдаланиш ҳам динимиз талабидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас” (“Мушкотул насобиҳ”), деб тавсия берганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, доим аҳли солиҳлардан бўлиб, тежамкор бўлиш, исрофга йўл қўймаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик набийликнинг етмиш жузидан бир жуз, етмиш бўлагидан бир бўлак экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон яхши англаб, ҳаётига татбиқ қилиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржам, осойишта ва фаровон қилади. Шундай экан, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб, халқ ҳақига хиёнат қилмайлик, азизлар!
Ғайрат БОЗОРОВ,
Деҳқонобод тумани
“Оқработ ота” жоме масжиди
имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 6-сонидан олинди