Испаниянинг етакчи онлайн нашри "Ejecutivos" Мигель Де Сервантес номидаги Испания маданият уюшмаси раҳбари Фернандо Ленс ва иқтисодий масалалар бўйича эксперт, халқаро шарҳловчи Эдуардо Гуайлуполарнинг "Абадий Ўзбекистон: Ипак йўлидаги глобаллашув"мақоласини чоп этди, деб хабар беради "Дунё" ахборот агентлиги.
"Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари: Самарқанд, Бухоро ва Хивадан ўтган Ипак йўли тинчлик, билим ва фаровонлик йўли бўлиб, савдо-сотиқ, маданиятларнинг шаклланиши ва халқларнинг бирлашуви орқали ривожланган. Шунинг учун Ўзбекистоннинг ушбу йўналишининг глобализация маркази сифатида катта аҳамияти бор. Ўзбекистон дунёдаги учинчи йирик олтин ишлаб чиқарувчи ва олтинчи йирик пахта ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи ("оқ олтин"деб ҳам аталади). Газ, мис ва бошқа маҳсулотлар ҳам экспорт қилинади", дея ёзади нашр.
Муаллифлар мақолани мамлакат пойтахти ёши 2 200 йил бўлган 2,5 миллион аҳолиси бор Тошкент шаҳри билан бошлайди. Унда жумладан бундай дейилади:
– 70 гектар майдонни ўз ичига олган Ҳазрат Имом мажмуаси XVI асрда қурилган ва 1997 йилда қайта қурилган Қаффол Шоший, Имом Бухорий Ислом институти XVI аср мақбарасидан иборат. Унинг фасадида мозаика ва Қуръон ёзувларини кўриш мумкин. XVI асрга мансуб Бароқхон мадрасалари ҳам шу ерда жойлашган. Бу ерда меҳмонларга турли хил маҳсулотларни таклиф этадиган бир нечта ҳунармандчилик дўконлари бор.
Мўйи муборак мадрасасида Халифа Усмон ёзган ва мусулмонлар томонидан дунёдаги энг қадимий ҳисобланган Қуръон мавжуд.
Учта масжид бор: Намозгоҳ (1845-1867), Тилла Шайх (1856-1857). Ва ниҳоят, 2007 йилда қурилган ва XVI аср масжидлари услубини сақлаб қолган Ҳазрат Имом масжиди. Баландлиги 53 метр бўлган иккита минорага эга.
Ўз тарихи давомида маданиятга берилган бу аҳамият Тошкентни 2007 йилда ISESCO томонидан Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинишига сабаб бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Лондонда муҳим маданий воқеа бўлиб ўтди: Буюк Британияда илк бор Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ, Ислом цивилизациясининг олтин даврларига оид ноёб Қуръон қўлёзмалари ва тарихий артефактлардан иборат коллекция намойиш этилди. Ушбу муқаддас ёдгорликлар йиллар давомида хусусий коллекциялар ва музейларда сақланган, эндиликда улар ўз диёри – Ўзбекистонга қайтмоқда.
Дунёнинг машҳур Sotheby’s ва Christie’s аукцион уйлари мезбонлигида ташкил этилган ушбу кўргазмалар 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурилган ташаббус – Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини яратиш бўйича кенг кўламли лойиҳанинг бир қисмидир. Сўнгги йилларда миллий ва халқаро мутахассислар томонидан йўқолган маданий меросни излаш ва аниқлаш бўйича кенг тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Лондондаги икки кўргазмада илк бор халқаро жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган экспонатлар орасида дунёнинг етакчи олимлари, экспертлари, масъул мутахассислар, машҳур музей ва кутубхоналар вакиллари ва коллекционерлари иштирок этди.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу маданий-маърифий мега платформа – Ислом цивилизацияси маркази ташаббусини илгари суриш баробарида шахсан унинг амалга оширилишига бошчилик қилмоқда. Тарихий ва маънавий дурдоналарни Ватанга қайтариш бўйича давлатимиз раҳбарининг тўғридан-тўғри топшириғи асосида ушбу кенг қамровли лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу фақат тарихий артефактларнинг қайтиши эмас – бу хотиранинг, миллий ўзликнинг ва Ўзбекистоннинг ислом меросини асрашдаги бетакрор ролини тан олишнинг тимсолидир, – дея таъкидлади Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов кўргазма очилиш маросимида.
Намойиш қилинган нодир артефактлар орасида IX-XIII асрларга оид Қуръон қўлёзмалари саҳифалари, миниатюралар, нафис заргарлик буюмлари, маиший буюмлар, матолар ва санъат асарлари бор. Улар Ўзбекистонни жаҳондаги муҳим интеллектуал марказлардан бири сифатида кўрсатади.
– Ушбу кўргазмалар – Ўзбекистон Президенти шахсий ташаббуси билан амалга оширилаётган муҳим маданий ҳодиса бўлиб, ёш авлодни илҳомлантиришга қаратилган. Ўз меросини қайтаришга йўналтирилган бундай амалий қадриятлар маданий уйғониш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади, – деди Буюк Британиядаги "Ал-Фурқон" фонди директори Сали Шаҳсивари.
Кўргазмаларда тақдим этилган экспонатларнинг кўпчилиги 2025 йилда Sotheby’s ва Christie’s аукционларида Ислом цивилизацияси маркази фаолияти доирасида харид қилинган.
Sotheby’s савдо уйининг Шарқ мероси бўйича вакили Бенедикт Картер шундай деди:
– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилиш биз учун катта шарафдир. Марказий Осиё тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлган ёдгорликларнинг Ватанга қайтишига кўмаклашганимиздан мамнунмиз.
Тошкентнинг марказида 10 гектардан ортиқ ҳудудда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази минтақадаги энг йирик маданият ва маърифат институтларидан бирига айланмоқда. Унинг экспозиция майдони 8000 квадрат метрдан ошади. Марказ таркибига қуйидаги беш мавзули галерея киради:
"Қуръон зали"
"Исломгача бўлган мерос"
"Ренессанснинг биринчи ва иккинчи даврлари"
“Янги Ўзбекистон”.
Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов қуйидагиларни таъкидлади:
– Бугун Ўзбекистон ўз тарихий меросини тиклаш ва асраб-авайлаш борасида улкан саъй-ҳаракатлар қилмоқда. Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази каби ташаббуслар бу йўлдаги муҳим қадам бўлиб, тез орада у билим ва динлараро мулоқот маёғи сифатида ўз эшикларини очади. Бу бизнинг тарихий ўзлигимизни англаш ва уни очиқ тараннум этишга интилишимизнинг ифодасидир.
Лондондаги ушбу кўргазмалар нафақат муҳим маданий воқеа, балки тарихий адолатнинг тикланиши ифодаси бўлди. Намойиш этилган экспонатлар Ўзбекистоннинг ислом олами интеллектуал маркази сифатидаги ўрни ва бугунги Янги Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросни асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш йўлидаги навбатдаги ютуқларини амалда исбот этди.
Сisc.uz