3. Асрадинг каттон кафан
қилмоқ учун, не судким,
Ҳашр бозорида беқийматдурур
мундоқ матоъ.
“Катон” ёки “каттон” – канопдан тўқилган кийимлик ёки кафанлик матоҳ. Нақлга кўра, каттон ойнинг ёруғига чидамай, тез йиртилар экан. Навойи бошқа байтда бунга ишора қилиб: “Фиғонким, ойни ёд этмак зарар қилди катонимға” дейдилар.
Навоий демоқдаларки: “Сен қимматли каттон матоҳини кафан қилиш учун авайлаб-асраб қўйдинг. Гарчи бу дунё бозорида каттон матоҳи қимматли, қадрли бўлса ҳам, лекин ҳашр бозорида – маҳшар йиғинида, яъни қиёмат кунида бу матоҳнинг ҳеч бир қадри-қиймати йўқдир”.
У ҳашр майдонда сенинг иймон-эътиқод билан қилган яхши амалларинг фойда беради, савоб ишларинг тош босади, холос.
* * *
“Тазкиратул-авлиё” китобидан: “Увайс Қаранийга айтдилар:
– Сенинг яқинингда бир киши борки, ўттиз йилдан бери, бир гўр қазиб, бир кафанни гўрга осиб, қабр оғзида ўтириб, кеча-кундуз тинмай йиғлагани-йиғлаган.
Увайс дарҳол у ерга борди ва озиб-тўзган, ранглари сарғайган, кўзлари ичига ботган ул кишини кўрди. Унга:
– Эй фалон! Ўттиз йилдан бери бў гўр билан кафан сени Аллоҳ таъолодан чалғитиб қўйибди! Сен бу иккиси туфайли йўлдан озибсан! Бу иккиси сенинг йўлингдаги бутдир! – деди.
Бу зот унинг нури билан ўз нафсидаги офатни кўрди. Унга ҳол кашф бўлди, парда кўтарилиб, ҳақиқати ҳол аён бўлди. Бир наъра тортиб, жон берди ва ўша гўр билан кафанга тушди. Агар гўр билан кафан нсонга шундай парда-тўсиқ бўлса, бас, энди бошқаларнинг пардасини кўргилки, недир!”.
* * *
Ўлимга ва охиратга тайёргарлик кўриш дегани қиматли кафан сотиб олиб, хушбўйлик ва атирсовунларни жойлаб, замзам сувини сақлаб қўйишдан иборат эмас. Асл тайёргарлик – иймону ихлос билан ибодатларни бажариш, хайрли амалларни кўпайтириш, мўъминларга манфаат етказиш, умрини маъноли ўтказиш, молу жони билан Аллоҳ йўлида фидокор бўлишдир!
Мирзо Кенжабек,
“Навоий муҳаббати”
китобидан.
Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.
Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.
Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.
Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.
Абдулвоҳид ИСАҚОВ,
Наманган шаҳридаги
“Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом хатиби