“Эътиқодиййа” бўлимида Бобур Аҳли суннат вал-жамоат ақийдасининг муҳим қоидасини баён этиб, дин ишида кўп эҳтиром зарурлигини уқтиради:
Дин ишиға кўп эҳтиром керак,
Олам аҳли аро имом керак.
Лойиқ эрмас бу ишга ўзга киши,
Керак ушбу имомингиз қурайший.
Кейин шариъатда имом ёки халифа дейилган бу подшоҳга итоат зарурлигини, магар гуноҳ ишга буюрганда, бу итоат этмасликка сабаб бўлишини таъкидлайди.
Халқ аро кимки подшоҳдурур,
Тоатин қилмасанг, гуноҳдурур.
Магар ул ишки, маъсият бўлғай,
Қилмасиға анинг жиҳат бўлғай.
“Подшоҳ агар золим бўлса ҳам, у аҳли ислом ичида ҳукмрондир, шунинг учун унга қарши хуруж қилиш ҳаромдир. шариъатда боғланиш ва низом – интизом ана шудир”, дейди Бобур:
Подшоҳе агар золимдурур,
Аҳли ислом ичра ҳокимдурур.
Анга қилмоқ хуруж бўлди ҳаром,
Будурур шаръ ичра рабту низом.
Бу эътиқод мулк ва давлатнинг низоми учун, салтанат ва миллатни интизомга солиш учун эканлиги тарихдан ҳам маълум.
Мирзо КЕНЖАБЕК
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳмурид ва яқинларига «сафар қилсангиз ва юкингиз сизга бепул олиб кетишингизга рухсат берган миқдордан ортиқ бўлса, албатта, ортиқча юкнинг ҳаққини адо этинг ва кейин сафар қилинг», дея кўрсатма берар эдилар.
Бир куни у киши сафар қилиш учун вокзалга етиб келдилар. Поезд келишига яқин қолган эди. Ҳазрат юкларини олиб, юклар тортиладиган жойга етиб келдилар ва навбатга турдилар. Тасодифан поездда бирга кетадиган кондуктор у ерга келди ва ҳазратни таниб қолди. Дарҳол: «Ҳазрат, сиз бу ерда нега турибсиз?» деб сўради.
Ҳазрат: «Юкимни торттириш учун келганман», дедилар.
Кондуктор: «Сизга юкингизни торттиришга зарурат йўқ. Ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Мен сиз билан бирга поездда кетаман. Ортиқча юк учун ҳақ тўлашингиз шарт эмас», деди.
Ҳазрат: «Сиз мен билан бирга қаергача борасиз?» деб сўрадилар.
Кондуктор: «Фалон бекатгача бораман», деди.
Ҳазрат: «Кейин у ёғига нима бўлади?» деб сўрадилар. Кондуктор: «У бекатда бошқа кондуктор келади. Мен унга бу ҳазратнинг юклари, деб айтиб қўяман», деди.
Ҳазрат: «У кондуктор мен билан бирга қаергача боради?» деб сўрадилар.
Кондуктор: «У узоққа кетади. Ундан анча олдин сизнинг бекатингиз келади», деди.
Ҳазрат: «Йўқ, мен анча узоққа кетаман, охират тарафга кетаман, қабримга кетаман. Қайси кондуктор мен билан бирга кетади?» дедилар. Кейин: «Охиратда мендан бир давлатга оид поездда юкнинг ҳаққини адо қилмай қилган сафаринг ва ўғирлигинг ҳисобини бер деган талаб бўлса, у ерда қайси кондуктор менга ёрдам бера олади?!» дедилар.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан