Насабни сақлаш
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
وَٱللَّهُ جَعَلَ لَكُم مِّنۡ أَنفُسِكُمۡ أَزۡوَٰجٗا وَجَعَلَ لَكُم مِّنۡ أَزۡوَٰجِكُم بَنِينَ وَحَفَدَةٗ
«Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ...» (Наҳл,72).
Инсонлар учун жуфтини яратишдан мақсад фарзандлар ва улардан набиралардек кўзни қувонтирадиган неъматларни пайдо қилганини баён этди. Демак, Аллоҳ таоло ушбу йўл билан инсонларнинг наслу насаби давом этишини ирода қилди. Мўминларнинг оила қуришдан асл мақсадлари ҳам айнан шундай бўлиши лозим.
Ахлоқсизликдан сақланиш
Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) ушбу ҳадисларига яна мурожаат қиламиз:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- " يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ مَنِ اسْتَطَاعَ مِنْكُمُ الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّجْ فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ ". (رواه مسلم)
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса уйлансин, чунки у кўзнинг тийилиши ва фаржнинг поклигидир...”, дедилар.
Жаноб Сарвари оламнинг ҳадисларини ҳар сафар ўқиганимизда, олам-олам маъно ва мазмун чиқади. Мазкур ҳадисда, “кўзнинг тийилиши” ва “фаржнинг поклиги” дея ахлоқий жиҳати ҳам баён қилинган. Демак, уйланиш ва турмушга чиқишдаги ҳикматлар кишининг ахлоқига ҳам сайқал беради.
Эр ва хотин ҳамжиҳатлиги
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- ...والرجل راع في أهله وهو مسؤول عن رعيته والمرأة راعية في بيت زوجها ومسؤولة عن رعيتها... (رواه البخاري)
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эркак ўз аҳлига раҳбар ва қўл остидагилардан масъул. Аёл эрининг уйида раҳбар ва ўз қўл остидагилардан масъулдир...”, дедилар.
Ислом таълимоти нақадар гўзал. Оила мавзуида баён қилинган ушбу ҳадис замирида эр ва хотиннинг зиммасидаги бурчлари эътироф этилган. Рўзғор бошлиғи эркак киши ўз оиласида раҳбар бўлиб, барча қўл остидагилар, яъни хотини, фарзандларининг моддий ва маънавий томондан таъминотчиси ҳисобланади. Бу муқаддас даргоҳнинг султони бўлмиш ота оила аъзоларининг барча зарурий эҳтиёжларини қондириши лозим.
Ўз навбатида, оила дея аталмиш мустаҳкам қўрғоннинг бекаси бўлган аёл эса, эри ва фарзандларининг уй юмушларига масъул. Оила салтанатининг вазири бўлмиш она рўзғор покизалиги, хонадон юмушлари, яъни кийим-бошларни тозалаш, таомлар тайёрлаш ва ҳоказо каби ишларга масъулдир. Шу билан биргаликда, эрининг меҳнату машаққат билан топиб келаётган молу мулкини исроф қилмасдан сарф қилиши ва фарзандларига ҳам буни қадрлашни ўргатиши лозим. Ана шундай ҳамжиҳатлик ва иттифоқлик билан қурилган оила мустаҳкам, тартибли, файзли ва баракали бўлади.
Касаллик ва офатлардан сақланиш
قال رسول الله -صلى الله عليه وسلم- "لا ضرر ولا إضرار..." (رواه أحمد وابن ماجه)
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Зарар бериш ва зарарланиш (исломда) йўқ” , дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Кишининг бирор кимсага ҳеч қандай йўл билан зарар етказиши динимизда йўқ. Шунингдек, ўзи ҳам зарарланишининг олдини олиши лозим. Бунинг эр-хотинликка қандай алоқаси бор, деган савол туғилиши табиий. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларида: “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса уйлансин, чунки бу кўзнинг тийилиши ва фаржнинг поклигидир...”, дедилар.
Никоҳ ёшига етган йигитга турли бузуқ йўллардан ўзини сақлашнинг энг мақбул йўли уйланиш экани баён қилинди. Ҳадисда айтилган “фаржни сақловчи” жумласидан мурод ўзини сақлашга кучи етмайдиган киши уйланмаса, зино қилиш хавфи борлигидир. Бунинг оқибатидан келиб чиқадиган дарду балоларни батафсил баён қилинди. Бундай дардларга чалинган киши нафақат ўзи, балки оиласига ҳам зарар етказиши аниқ. Касаллиги юқумли бўлса, энг олдин оила аъзоларига, қолаверса, атрофдаги кишиларга ҳам зиён етказади.
Руҳий ва нафсий таскин топиш
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
وَمِنۡ ءَايَٰتِهِۦٓ أَنۡ خَلَقَ لَكُم مِّنۡ أَنفُسِكُمۡ أَزۡوَٰجٗا لِّتَسۡكُنُوٓاْ إِلَيۡهَا وَجَعَلَ بَيۡنَكُم مَّوَدَّةٗ وَرَحۡمَةًۚ
«Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир...» (Рум, 21).
Аллоҳ таоло инсонни юксак ҳикмат ила яратди. Кишининг табиати нимага муҳтож бўлса, ҳалол-пок йўллар билан ўша нарсанинг муқобилини пайдо қилди. Эркакни аёлга, аёлни эса эркакка муҳтож қилди. Одам наслининг давом этишини ҳам бу икки жинс вакилларининг бир-бирларига қовушишлари, яъни эр-хотинлик асосига боғлади. Шу билан бирга, уларни бир-бирларидан руҳий, нафсий ва жисмий таскину роҳат оладиган қилди.
Эркак киши узоқ муддат аёли билан қўшилмаслиги оқибатида турли касалликлар пайдо бўлишини тиббиёт олимлари илмий равишда исботлашди. Ўз ўрнида, аёл ҳам кўп муддат эрсиз яшаса, турли дардларга чалиниши аниқланди.
Адолат пешвоси ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) замонида ушбу масала юзасидан ҳам одилликни ўрнатган. Дин душманлари билан бўладиган ғазотлар баъзида бир неча ой давом этар, унда қатнашиб узоқ муддат оиласидан олисда бўлган аскарларнинг уйида қолган хотинлари муаммолари ҳазрат Умарни ташвишга соларди. Бу муаммони ечиш мақсадида Ҳафса онамиздан аёлларнинг бу борадаги сабрлари чўққиси ҳақида сўради. Ҳафса онамиз, бундай ҳолда аёллар нари борса тўрт ой сабр қила олишини айтди. Шундан кейин Мўминлар амири ҳар тўрт ойда аскарларни алмаштириб туришга қарор қилиб, бу борада ҳам одилликни йўлга қўйди.
Ёлғизлик ҳолати ушбу муддатдан ошса, сабрсиз ва диёнатсиз аёл бўлса, зинога қадам қўйиш эҳтимоли бор. Агар аёл сабру бардошли, ибо-ҳаёли бўлса, бу муддат ўтиши билан аёлларга хос касалликлар вужудга келиши эҳтимолини табобат аҳллари таъкидлашган. Демак, эр-хотинликнинг манфаатли томонларидан бири ҳар томонлама бир-бирларидан таскин ва ҳаловат олиш, бунинг асосида турли касалликлардан сақланишдир.
Солиҳ зурриёт қолдириш
عن سعيد بن أبي هلال أن النبي صلى الله عليه و سلم قال: " تناكحوا تكثروا فإني أباهي بكم الأمم يوم القيامة ". (رواه عبد الرزاق في مصنفه)
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уйланинглар, насл қолдиринглар, кўпайинглар, бас, мен қиёмат куни сизлардек уммат (кўплиги) билан фахрланаман”, дедилар (Имом Абдурраззоқ ривояти).
Ушбу ҳадисда Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳалол йўл билан насл қолдириш, кўпайишга тарғиб этиб, бундай комил эътиқодли умматларнинг кўплигидан фахр қилишларини айтганлар.
Шу боис ота-она ўз фарзандига оиланинг фазилат ва ҳикматларни тушунтириши, никоҳда аввало, Парвардигор ризоси борлиги ва Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарғиблари, уни икки дунё бахту саодатини кўзлаб амалга оширишни уқтириши лозим. Ана шунда фарзанд ақлли ва нафсига ҳоким, шайтон гапига учмайдиган, инсон шаънига доғ туширадиган бузуқликлардан узоқда бўлади.
Баъзан айрим бадавлат оталарнинг нотўғри фикрлари қулоққа чалинади. Улар фикрича, вояга етган фарзандга моддий ёрдам ёки маънавий кўмак бериш шарт эмас. Ушбу ёшдаги ҳар бир фарзанд ўзи ишлаб маблағ топиши ва топган моллари ҳисобидан уйланиши ёки хоҳлаган мақсадда ишлатиши мумкин, деб ҳисоблайди. Бу фикр замирида отанинг хасис ва жоҳиллиги кўзга ташланади. Бундай фикр динимиз таълимотига зид.
Ҳазрат ҳабибур Раҳмон (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларида ота-онанинг фарзанди олдидаги бурчларидан бири фарзанд вояга етганда ўғил болани уйлаш, қиз болани эса турмушга чиқариш экани айтилган.
Юқорида айтиб ўтилганидек, ўзига хос “тарбиявий услуб” қўлламоқчи бўлган, аслида молу давлатни фарзандларидан ҳам қизғанадиган ота бу “тарбия”сининг ортидан кўп хатоларга йўл қўяди.
Биринчидан, фарзанд пул топиш мақсадида турли кўча-куйларга киради. Тўғрими, эгрими, қинғирми, қийшиқми, қайси йўл билан бўлсада пул топиш йўлини излайди. Бу йўлда унга бировнинг ҳақини ейишми, ўғриликми, ноқонуний тижоратми, фарқи йўқ. Чунки фарзанд назоратсиз қолгани ойдек равшан. Тарбиясига масъул бўлган ота эса эътиборсиз.
Иккинчидан, фарзанд кўзланган бойликни қай йўсинда бўлсада топди, дейлик. Ана энди, топган давлатини яхшиликка сарфлаши амримаҳол. Молу давлат топилганидан кейин, фарзанд ота маслаҳатига қулоқ солмайди. Отанинг “ноёб услуби” шундай “иш” берадики, оқибатда тошбағир, меҳрсиз ва зиқналик борасида ота ва фарзанд йўллари бирлашади. Аммо ота-бола ўртасидаги ҳурмат-эътибор, қадр-қиммат, меҳр-муҳаббат, бирор ишда маслаҳат солиш, бирдамлик борасида йўллари айро-айро бўлиб, бундай фазилатлардан мосуво қолди.
Шунинг учун ҳар бир ота-она ўз дилбандига бахиллик ва хасислик қилмасдан, молларини уларнинг ҳаёт йўллари чиройли йўлга тушгунча исроф қилмасдан сарфлагани мақбул. Зотан, ҳар бир инсондан кейин уй-жойига эгалик қиладиган, уни эслаб дуо қиладигани ана шу фарзандлари бўлади. Шу боис, ҳар бир мўмин киши Аллоҳ ато этган давлатни кимга ва нима мақсадда сарфлаши лозим эканини чуқур англаши зарур.
Бу борада жаноб Фахрул коинотнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак ҳадисларига мурожаат қиламиз:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « دِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِى سَبِيلِ اللَّهِ وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِى رَقَبَةٍ وَدِينَارٌ تَصَدَّقْتَ بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ عَلَى أَهْلِكَ أَعْظَمُهَا أَجْرًا الَّذِى أَنْفَقْتَهُ عَلَى أَهْلِك». (رواه مسلم)
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ йўлида эҳсон қилинган динор, қул озод қилиш учун сарф қилинган динор, мискинларга садақа қилинган динор, аҳлингга нафақа қилинган динорларнинг энг савоби каттаси аҳлингга нафақа қилганингдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ота-онанинг навбатдаги вазифаси ўғлига одобу иффатли, Яратганга итоатли солиҳа қизни танлашдир. Шу боис мўмин доимо Аллоҳдан хушхулқ аёл ва ундан дунёга келадиган фарзанднинг салоҳиятли бўлишини сўраб, ушбу дуони ўқийди:
رَبَّنَا هَبۡ لَنَا مِنۡ أَزۡوَٰجِنَا وَذُرِّيَّٰتِنَا قُرَّةَ أَعۡيُنٖ وَٱجۡعَلۡنَا لِلۡمُتَّقِينَ إِمَامًا٧٤
«...Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин» (Фурқон, 74).
Оқила қизни уйига келин қилган ота-онанинг ўғли биринчи кеча келин ҳузурига кирганида, нимага эътибор бериш керак, деган савол бўлиши табиий. Шунинг учун бу борада динимиз таълим берган одобларни баён қиламиз.
Биринчи, куёв келиннинг бошига қўлини қўйиб: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”, деб унинг ҳақига дуо қилади.
عن عمرو بن شعيب عن أبيه عن جده عبد الله بن عمرو: - عن النبي صلى الله عليه و سلم قال ( إذا أفاد أحدكم امرأة أو خادما أو دابة فليأخذ بناصيتها وليقل اللهم إني أسألك من خيرها وخير ما جبلت عليه . وأعوذ بك من شرها وشر ما جبلت عليه ). (رواه ابن ماجه)
Ибн Можа ва Абу Довуд ривоят қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар бирингиз уйланса, келиннинг пешонасидан ушлаб: “Аллоҳнинг исмини (тасмия) айтсин ва бундай деб барокотли дуо қилсин: “Парвардигоро, мен сендан унинг ва унга яратилган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Унинг ёмонлиги ва унга яратилган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ тилайман”, дедилар».
Иккинчи, келин-куёв иккови икки ракат намоз ўқиб, Аллоҳга дуо қилиши мустаҳабдир.
Абу Шайба Шақиқдан ривоят қилади: Абу Ҳариза исмли киши: “Мен бир жорияга уйландим. У менга ғазаб қилишидан қўрқаман”, деди. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Албатта, яхши кўриш Аллоҳдан ва нафратланиш шайтондан. У шайтон сизни Аллоҳ ҳалол қилган нарсага нафрат қилишга ундайди. Хотинингга ортингда икки ракат намоз ўқишни буюр ва: “Парвардигор, мени ўз аҳлимда марҳаматга сазовор қилгин ва аҳлимни мендан марҳаматга сазовор қил. Парвардигоро, бизни яхшиликда бирлаштир, агар ажратсанг, яхшиликда ажрат”, деб айт.
Учинчи, куёв келинга мулойим муомалада бўлиши, ширинлик, овқат ва хуштаъм ичимликлар – ширин чой, сут ёки шарбат олиб кириши мустаҳабдир.
عن أسماء بنت يزيد قالت: إنى قينت عائشة لرسول الله -صلى الله عليه وسلم- ثم جئته فدعوته لجلوتها فجاء فجلس إلى جنبها فأتى بعس لبن فشرب ثم ناولها النبى -صلى الله عليه وسلم- فخفضت رأسها واستحيت. (رواه أحمد)
Имом Аҳмад “Муснад” асарида ривоят қилади. Асмо бинти Язид айтди: “Ойшанинг (розияллоҳу анҳо) юзини очиш учун зийнатлаб безадим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг ёнига катта идишда сут олиб келдилар. Ундан ичдилар, сўнгра Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни Ойшага узатдилар. У бошини пастга эгди ва ҳаё қилди...”
عن عائشة : قالت قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: إن أكمل المؤمنين إيمانا أحسنهم خلقا وألطفهم بأهله. (رواه الترمذي)
Имом Термизий ва Имом Насоий ривоят қилади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминларнинг имони мукаммали ва хулқи яхшиси аҳлига меҳрибонидир”, дедилар.
عن عائشة قالت : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: خيركم خيركم لأهله وأنا خيركم لأهلي. (رواه الترمذي)
Имом Термизий ривоят қилади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Сизларнинг яхшилик қилувчиларингиз ўз аҳлига яхшингиз ва мен сизларнинг аҳлига энг яхшиларингиздирман”, дедилар.
Турмушнинг илк пайтларидаги яхши муомала, шубҳасиз, ноқулай ҳолатда, ҳадиксираб турган бокира қизни бир оз ўзига келтириб, муҳитга мослаштиради. Шу билан бирга, кўнглида эрига нисбатан бир умрлик муҳаббат, садоқат ва вафодорлик ҳислари куртак отишига ёрдам беради.
Тўртинчи, жинсий яқинлик пайтида келин-куёв либосларидан тўла холи бўлади, лекин ёпинчиқ остида бўлиши афзалдир. Бу эса ҳаёли бўлишга ундовдир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар:
عَنْ يَعْلَى أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَال:َ إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ حَلِيمٌ حَيِيٌّ سِتِّيرٌ يُحِبُّ الْحَيَاءَ وَالسَّتْرَ... (رواه أحمد وأبو داود)
Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта Аллоҳ таоло ҳаёли ва беркитувчидир, ҳаё ва беркитишни яхши кўради”, дедилар.
Албатта, бу ҳадисдан кўзланган ҳикмат кўп. Ўз жуфти билан киши тўлалигича роҳатланиши жоиз, бироқ авратни бемалол очиш дуруст эмас. Сабабини навбатдаги ҳадис изоҳлайди:
عن ابن عمر : أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال إياكم والتعري فإن معكم من لايفارقكم إلا عند الغائط وحين يفضي الرجل إلى أهله فاستحيوهم وأكرموهم. (رواه الترمذي)
Имом Термизий ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яланғоч бўлишдан сақланинг, чунки сизлардан ажралмайдиган (фаришта)лар бор. Қазои ҳожат ва киши аҳлига яқинлик қилаётган вақтдагина жоиз. Бас, улардан (фаришта) ҳаё қилинг ва уларни (фаришта) ҳурмат қилинг”, дедилар.
Бешинчи, қўшилишдан олдин куёв яхши сўзлар билан келиннинг кўнглини хушнуд қилади.
قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: " لا يقعن أحدكم على امرأته كما تقع البهيمة ، وليكن بينهما رسول " قيل وما الرسول يا رسول الله ؟ قال " القبلة والكلام ". (رواه أبو منصور الديلمي في مسند الفردوس)
Абу Мансур Дайламий “Фирдавс” асарида ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
– Киши хотини билан ҳайвон каби қўшилмасин. Хотини ва ўзи ўртасига элчи юборсин.
– Элчи нима?
– Ўпич ва сўз.
Шунингдек, ҳадисларда эр ва аёл қўшилиш асносида лаззат ва енгил бўлиши учун хотин билан мувофиқ бўлиши лозимлиги баён қилинган.
Имом Ғаззолий бундай баён қилади:
“Эр эҳтиёжини қондиргач, аёлга ҳам нафсини қондиришга имкон берсин. Чунки аёлнинг инзол бўлиши кўпинча кеч бўлади. Унинг инзол бўлмаслиги эса азият. Эр хотинни инзол қилиши ҳар хил бўлиши, мувофиқ бўлмаслиги, яъни эр хотиндан олдин инзол қилиши ўртада нафратни келтириб чиқаради. Инзолнинг мувофиқ келиши эса аёлга ором бахш этади...”[1].
Олтинчи, қўшилишдан аввал эр ушбу дуони ўқийди:
عن ابن عباس رضي الله عنهما قال: قال النبي صلى الله عليه و سلم (لو أن أحدهم إذا أراد أن يأتي أهله قال باسم الله اللهم جنبنا الشيطان وجنب الشيطان ما رزقتنا فإنه إن يقدر بينهما ولد في ذلك لم يضره شيطان أبدا). (رواه البخاري)
Имом Бухорий Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биронтангиз ўз аёли билан қўшилса, «Бисмиллаҳи, Парвардигор, бизни шайтондан ва шайтонни бизга ризқ қилиб берганингдан четлатгин” деса, ўртада фарзанд бўлса, унга шайтон абадий зарар етказмайди», дедилар.
Еттинчи, эр аёли билан хоҳлаган шаклда жинсий яқинлик қилиши мумкин, фақат фаржга бўлиши шарт.
Аллоҳ таоло бундай дейди:
نِسَآؤُكُمۡ حَرۡثٞ لَّكُمۡ فَأۡتُواْ حَرۡثَكُمۡ أَنَّىٰ شِئۡتُمۡۖ
«Хотинларингиз сизлар учун зироатгоҳдир. Бас, зироатгоҳингизга хоҳлаган жиҳатингиздан келаверингиз ...» (Бақара, 223).
Оятда айтилган зироатгоҳ бу хотиннинг жинсий аъзоси. Эр хоҳлаган шаклда қўшилиши мумкин, фақат айнан зироатгоҳ қасд қилиниши шарт.
Саккизинчи, яқинлик қилишдан олдин таҳорат қилиш мустаҳаб. Уламоларимиз ушбу ҳадисни келтирганлар:
قال النبي صلى الله عليه و سلم: إذا أتى أحدُكم أهلَه ثم أراد أن يُعاود فليتوضأْ فإنه أنشطُ للعَودِ. (رواه ابن حبان والحاكم)
Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар биронтангиз ўз аҳлига яқинлик қилса, сўнг яна яқинлик қилишни хоҳласа, иккиси ўртасида таҳорат олсин. Чунки у қайтишга рағбатлантирувчидир”, дедилар.
Тўққизинчи, эр ва хотин қўшилгандан кейин ғусл қилишга шошиши афзал. Агар эринса, ухлашдан олдин таҳорат қилиш мустаҳаб.
Агар ухлаб ёки эринчоқлик қилиб, бирор намозини қазо қилиши хавфи бўлса, ғусл қилиб ётиш афзал. Мабодо уйқу ғолиб келган тақдирда ҳам, таҳорат қилиб ётиш зарур. Аммо шу алфозда ухлаб, ғусл қилгунича намоз вақти ўтиб кетса, гуноҳкор бўлади.
Ўнинчи, эр-хотин бир ерда ғусл қилиши жоиз.
عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ كُنْتُ أَغْتَسِلُ أَنَا وَرَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- مِنْ إِنَاءٍ وَاحِدٍ تَخْتَلِفُ أَيْدِينَا فِيهِ مِنَ الْجَنَابَةِ. (متفق عليه)
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилади: Ойша (розияллоҳу анҳо) айтади: “Жанобатдан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга бир идишдан ғусл қилардик. Идишда қўлларимиз бир бирига тегарди”.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
Эр ва хотин қуйидагилардан огоҳ бўлиши лозим.;
Нафсни сақлаш;
Аллома Али Тантовий насиҳатлари;
Фарзандга жинсий тарбияни очиқ баён қилиш;
[1]. “Иҳё улумид дин” китоби 2-жуз, 50-бет.
Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.
Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.
Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».
Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: “Мен ҳам қавмим тарафидаман”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ”, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.
У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.
Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар?” дедилар. Улар яна: “Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?”-дедилар.
Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:
“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ