— Баъзида намоз вақтида 3 ракат ўқидим-ми ё 4 ракат-ми, деб иккиланиб қоламан (хаёл бўлинади ёки эсдан чиқиб қолади). Кейин давом этиб кетавераман, лекин кўнглимда хижиллик қолади. Шундай пайтда нима қилишимиз керак? Давом эттираверсам тўғрими ё бошидан ўқиш керак-ми?
— Намозхон намозда неча ракат ўқиганини билмай, шубҳа қилса, бу унинг умридаги биринчи унутиши бўлса, намозини янгидан бошлайди. Агар шубҳаси кўпайган бўлса, гумонининг ғолиб тарафини олади. Агар унутиши кўп бўлса, ғолиб гумонга бино қилади. Агар ғолиб гумони бўлмаса, озини олади.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирингиз намозда шакка тушиб қолса, бас, қанча ўқиганини билмай қолса, уч ракатми, тўрт ракатми? Бас, шакни ташласин ва ўзи қаттиқ ишонган томонига бино қилиб ўқисин. Сўнгра салом беришидан олдин икки марта сажда қилсин. Агар беш ракат қилган бўлса, ўша икки сажда унинг намозини жуфтга айлантиради. Агар тўрт ракатни тамом қилиш учун ўқиган бўлса, у икки сажда шайтоннинг бурнини ерга ишқаган бўлади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ривояти).
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Шу кунларда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Диний идоралари ҳузуридаги Фатво кенгашининг навбатдаги семинари Туркия пойтахти Анқара шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатларидан келган мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбир Туркий давлатлар ташкилоти котибияти ташаббуси ва Туркия диёнат ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилиш олти кунлик махсус семинар шаклида ўтказилмоқда.
Мазкур йиғилишда янги ойни кузатиш, намоз вақтлари, тақвим тузиш, озуқа маҳсулотларига қўшиладиган желатин моддасининг ҳукми, сафар масофаси, закот нисобини аниқлашга оид масалалар бўйича ҳар бир юрт вакили ўз тажрибаларини баён қилиб, фикр-мулоҳаза алмашмоқда. Шунингдек, тадбир қатнашчилари Туркия диёнат ишлари бошқармаси иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқда.
Йиғилишдан кўзланган мақсад Туркий давлатлар ўртасида диний-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, фатволар чиқаришда ўзаро якдиллик ва бирхилликни таъминлашдир.
Ушбу халқаро семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолари Ғуломиддин домла Холбоев, Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров, Абдулатиф домла Турсунов қатнашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати