Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Ўзбекистон зиёрат туризмининг истиқболлари

16.02.2021   1559   4 min.
Ўзбекистон зиёрат туризмининг истиқболлари

Юртимизда туризм ривожланишининг асосий омилларидан бири динлар, миллатлар, халқлар ўртасидаги тинчлик-тотувлик, бағрикенглик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликнинг мавжудлигидадир. Мамлакатимиз азалдан ўзининг ажиб ва турфа табиати, бой тарихи, меъморий обидалари, буюк алломалари билан жаҳон мамлакатлари аҳолисини ўзига жалб этмоқда.

Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан туризм соҳасида алоқалар ўрнатиши ва ривожланиши, юртимизга туристлар оқимининг кириб келишини кўпайтириш, уларга хизмат кўрсатиш учун барча шароитларни яратиш, хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш, туристлар хавфсизлигини таъминлаш, туристик индустрияни ташкил қилиш ва ривожлантириш, соҳа бўйича кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ташкилий-иқтисодий механизмлар такомиллашиб бормоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 9 февралда “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони қабул қилинди. Унда туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, уларнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, мақбул ва қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлашга йўналтирилган вазифалар белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун харажатларнинг бир қисмини қайтариш тартиби жорий қилинди.

Шу билан бир қаторда ташкилий, иқтисодий-ижтимоий масалалар юзасидан соҳани қўллаб-қувватлашда Молия вазирлиги, банк молия тизими, транспорт логистикаси ҳамда солиқ тизимларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Бу ўз навбатида, ички туризмнинг жадал ривожланиши ҳамда фуқароларимизнинг ҳордиқ чиқаришларига қулай имкон яратади. Эътиборли жиҳатларидан яна бири, бу буюк алломамиз Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш ҳамда атрофидаги 8 нафар буюк уламонинг қабрини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари концепцияси “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишидир. Натижада миллий ва халқаро туристларнинг оқими янада кенгаяди.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати сифатида Имом Бухорийнинг бебаҳо меросини кенг кўламда оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида хорижий тилларда “Имом Бухорий” зиёрат туризми йўлдош телеканалини, хорижий мамлакатларда унинг мухбирлари фаолият олиб боришини назарда тутган ҳолда ташкил этиш ва уни ривожлантириш концепциясининг яратилиши ҳисобланади.

Мазкур лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон халқаро ислом академияси марказий ўринларни эгаллаши ва мамлакатимизда зиёрат туризмининг жадал ривожланишига хизмат қилувчи етук мутахассисларни етиштириб беришда, илмий тадқиқот ишларини амалга оширишда ўз ўрнига эга бўлади. Ўзбекистон туризм индустриясида зиёрат туризми субъектларининг фаолияти, талаб ва таклиф қонунининг устуворлиги, ташкилий-иқтисодий жараёнларни мувофиқлаштиришнинг маъмурий механизмларини яратиш ҳолати каби мавжуд ижтимоий-иқтисодий жараёнлар жамиятдаги турли ихтисослашган институтлар ва уларнинг фаолият юритиш тартибига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади.

Шундай экан, Ўзбекистонда туризм индустриясининг бугунги ҳолатини ўрганиш билан бир қаторда, бозор механизмларидан ҳам устун турувчи жамиятнинг маданий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, диний, ҳуқуқий механизмлари мажмуаси сифатида намоён бўлувчи мавжуд институтларнинг жараёнларга таъсир даражасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизнинг мазкур фармонлари юқорида қайд этилган жиҳатларни тўлиқ қамраб олгани билан диққатга сазовордир. Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ Ўзбекистон “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” рейтингида 10 поғона (32-ўриндан 22-ўринга) кўтарилиб, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган “Энг жозибадор” ҳамда “Хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори” бўлган 10 мамлакат қаторидан ўрин эгаллади.

Президентимизнинг мазкур фармонлари зиёрат туризмини самарали ривожлантиришнинг таркибий қисми сифатида давлат ва хусусий сектор хамкорлигини таъминловчи механизм орқали миллий ва халқаро бозорларда рақобатбардошликни таъминлашга хизмат қилади.

Анвар Худояров,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

“Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми” кафедраси доценти, иқтисодиёт фанлари нозоди.

ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Сиз кутаётган кун ҳеч қачон келмайди

10.01.2025   1999   2 min.
Сиз кутаётган кун ҳеч қачон келмайди

Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.

Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).

Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.

Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».

Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.

Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.