Мисрнинг Порт-Саид шаҳри ҳокими, генерал Адил ал-Ғадбан 15-февраль куни Порт Саид шаҳридаги маданият марказида “Қуръон ҳофизи ва нашидлар ижрочиси марҳум Шайх Маҳмуд Халил ал-Хусарий” хотирасига бағишлаб ўтказиладиган Қуръони Каримни ёддан ўқиб бериш ва нашидлар айтиш бўйича 4-халқаро Порт Саид мусобақасини очиб берди.
Ушбу тадбирнинг очилиш маросимида Шайх ал-Хусарийнинг қизи, доктора Ясмин ал-Хусарий, Миср сенаторлар кенгаши вакили Феби Фавзий, ал-Азҳар университети собиқ ректори Усома ал-Абд, “ал-Азҳар” мажмуаси, Вақф ва Ислом ишлари, ёшлар ва спорт вазирликлари вакиллари, шунингдек, Порт Саид шаҳри ҳокимлиги мутасаддилари иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Сўнг марҳум шайх Маҳмуд Халил ал-Хусарийнинг ҳаётига бағишланган кинофильм намойиш этилди, нашидлар ижро қилинди.
Порт Саид шаҳрида бўладиган 4-халқаро Қуръони карим ва нашидлар мусобақасида 21 давлат вакилларидан 52 нафар ёшлар иштирок этади. Мусобақада иқтидорли қорилар Қуръони каримни тўлиқ ёддан ўқиб бериш ва тажвид қоидаси билан чиройли ўқиш, нашидлар айтиш бўйича 3 йўналишда рақобатлашади.
Порт-Саид ҳокими Адил ал-Ғадбан жаноблари мусобақанинг очилиш маросимидаги нутқида Мисрнинг Исломнинг мўътадил маёғи ислом мамлакатларининг таянчи экани, ёшлар ғояларига эҳтиром кўрсатиши, ёшлар масалалари бўйича 1-халқаро анжуманни ўтказишни бошлаб берганини, шу сабабли мусобақа иштирокчиси бўлган ёшларни иззат-эҳтиром кўрсатган ҳолда самимият билан кутиб олиниши ва мусобақа ўтказиладиган жойни коронавирусга қарши дезинфекция қилиш ҳақида маълумот берди.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёс Аҳмедов тайёрлади
Умматга қилинган сўнгги васият
“Ҳажжатул вадоъ” яъни “Вадо хутбаси” луғатда “Видолашув хутбаси”, “хайрлашув, айрилиқ хутбаси-хитоби” деган маъноларни билдиради.
Ҳижрий ўнинчи йилнинг 9 зулҳижжа ойида (милодий 632 йил 8 март) Пайғамбаримиз алайҳиссалом сўнгги ҳаж ибодатини адо этганларида хутба қилганлар. Унда Маккада жами 124 минг мусулмон тўпланган эди.
У зот алайҳиссалом Қасво деган туяларига миниб, Арафот водийсида умматга сўнгги васиятларини баён этганлар. Бу хитоб фақат ўша жойда тўпланган ҳожиларгагина эмас, балки қиёматга қадар келадиган бутун инсониятга қаратилган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматга бундай васият қилдилар:
“Эй инсонлар! Сўзимни яхшилаб тингланг... Бу йилдан сўнг сизлар билан бу ерда яна кўришиш-кўришмаслигимни билмайман.
Эй инсонлар! Бугунингиз қандай ҳам муқаддас кун, бу ойлар қандай ҳам муқаддас ой, бу шаҳар (Макка) қандай ҳам муқаддас бир шаҳар бўлса, Роббингиз билан кўришгунга қадар қонларингиз, молларингиз, обрўларинигиз ҳам айни шаклда муқаддасдир ва бир-бирларингизга ҳаромдир!
Эй саҳобаларим! Эртага Роббингизга рўпара бўлиб ва бугунги ҳолингиз ҳақида жавоб берурсиз. Мендан сўнгра эски залолатларга қайтиб, бир-бирингизнинг бўйнингизга урмангиз!...
Эй инсонлар! Аёлларингизга яхши муомала қилишингизни ва Аллоҳдан қўрқишингизни тавсия қиламан. Чунки улар амрингиз остидадир. Сиз уларни Аллоҳнинг бир омонати ўлароқ олдингиз ва уларнинг номусларини ва иффатларини Аллоҳ олдида сўз берароқ ҳалол этингиз.
Яхши билингки, сизнинг аёлингизда ҳаққингиз бўлганидек, уларнинг ҳам сизда ҳақлари бор.
Эй мўминлар! Сўзимни тингланг. Яхши тушиниб олинг. Батаҳқиқ Роббингиз бирдир. Оталарингиз ҳам биттадир. Аллоҳ ҳузурида энг хайрлигингиз, Аллоҳдан энг кўп қўрққанингиздир.
Арабларнинг ажамдан, ажамнинг эса арабдан, оқ ирқлининг қора ирқлидан, қора ирқлининг оқ ирқдан ҳеч қандай устунлиги йўқдир. Устунлик ёлғиз тақводадир.
Эй инсонлар! Аллоҳдан қўрқинг, раҳбар қилиб устингизга бурни, қулоғи кесик бир қулни сайлаб қўйса, Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм этгани қадар уни тингланг ва унга итоат этинг!
Эй инсонлар! Сизга бир омонат қолдираяпман-ки, уни маҳкам ушласангиз йўлингиздан адашмайсиз! У омонат Аллоҳнинг Китоби ва пайғамбарининг суннатидир.
Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинг! Беш вақт намозингизни ўқинг! Рамозон ойидаги рўзаларингизни тутинг!
Молларингизнинг закотини беринг! Ўзларингиздан бўлган амр соҳибларига итоат этинг-ки, Роббингизни жаннатига кирурсиз.
Эй инсонлар! Ҳаддан ошишликдан сақланинг. Ўтган умматларнинг ҳалокатининг сабаби, динларида ҳаддан ошиш эди.
Бу санадан сўнгра яна сиз билан бу ерда кўришиш-кўришмаслигимни билмайман.
Эй инсонлар! Эртага мен хақимда сиздан сўраганларида нима дейсиз? Рисолатни етказдимми? Илоҳий вазифани адо қилдимми?”, дедилар.
Бунга бутун асҳоби киром шундай жавоб бердилар: “Албатта, қасам ичамизки сиз Аллоҳнинг хабарини таблиғ этдингиз, вазифани бажардингиз. Бизга тавсия ва насиҳатда бўлдингиз. Ҳаммасига шоҳидлик берамиз!”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак кўрсатгич бармоқларини самога ишорат қилдириб, жамоатга боқиб бундай дедилар: “Шоҳид бўл Роббим! Шоҳид бўл Роббим! Шоҳид бўл Роббим!”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув хутбасини якунлагач, Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:
“Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят).
Набий алайҳиссалом вадо ҳажидан қайтишда йўлда хасталандилар. Хасталиклари 13 кун давом этди. Ҳижрий 11 йили робиъул аввал ойининг душанба куни Оиша онамизнинг хоналарида муборак руҳларини Аллоҳга топширдилар ва ўша жойда дафн қилиндилар...
Соллаллоҳу алайҳи васаллам
Даврон НУРМУҲАММАД