Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудида ислом оламидаги муқаддас зиёратгоҳлардан бири - Занги ота мажмуаси қад ростлаб турибди.
Занги отанинг ҳақиқий исмлари Ойхўжа ибн Тошхўжа бўлган.
У кишининг асли туғилган ва яшаган маскани Шош (Тошкент) вилояти бўлиб, Тошкент билан Қовунчи оралиғидаги Занги ота номли қишлоқ ҳисобланади.
Баъзи манбаларда Занги ота Тошкент шаҳрининг Самарқанд дарбоза кўчасидаги Занги ота маҳалласида туғилиб ўсган, деган тахминлар ҳам бор.
Занги ота Аҳмад Яссавийнинг тўртинчи шогирди Ҳаким отадан бир неча йил яссавия тариқатининг сир-асрорлари, одобини ўрганади ва илми зоҳирий ва илми ботиний йўриқларидан воқиф бўлади. Ҳазрат бутун умр одамларнинг молини боқиш билан шуғулланган, чўпонлик қилиб, ҳалол ризқ топиб, ҳаёт кечирган.
Занги ота ҳазратлари тариқат шайхларидан бўлиб, халқни доимо дину диёнатга, ҳалоллик, покликка даъват қилганлар.
Маълумотларга кўра, ушбу улуғ зот милодий 1258 йил Тошкент яқинидаги ҳозирги Занги ота қишлоғида вафот этган.
Занги ота мақбарасининг бунёд этилиши билан боғлиқ ибратли ривоятлар ҳам, тарихий воқеалар ҳам бирдек чуқур рамзий маънога эга.
Ривоят қилишларича, Амир Темур Ясси қўрғонида Аҳмад Яссавий ҳазратларига мақбара қуриш ҳаракатини бошлаганида нима учундир иш ҳадеганда юришавермаган. Бу ҳолнинг сабабини билолмай, ҳайрон бўлиб юрганида бир кечаси тушига нуроний бир зот кириб, Яссавийга мақбара қуришдан олдин Занги отанинг қабрини обод қилиши кераклигини айтади. Шунда Амир Темур XIV асрнинг 80-йилларида Занги ота руҳини шод этиш учун мақбара ва масжид тиклашга киришади. Бу муҳташам ёдгорлик мажмуанинг қурилишини 1420 йили Мирзо Улуғбек тугаллаган. Ҳозирги пештоқ айнан Мирзо Улуғбек томонидан бунёд этилган.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилдаги тегишли қарори асосида Тошкент вилоятидаги Занги ота мажмуаси ва унга туташ ҳудудларда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Мажмуа ҳудудида 1 000 ўринли янги масжид, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг биноси қурилди.
Янги лойиҳага биноан, мажмуага кириш дарвозаси қайта қурилди, чегара деворлари бошқатдан тикланди. Қадимги мадраса биноси тўла таъмирдан чиқарилди. Янги масжид олдида баландлиги 31 метр бўлган минора қурилди. Занги ота ва Анбар биби мақбаралари ҳам буткул қайта таъмирланди. Мажмуадаги 5 та гумбаз қайта тикланди. Мажмуа ҳудуди кенгайтирилиб, кўкаламзорлаштирилди. Бугун ушбу тарихий маскан мамлакатимиз ва хорижий зиёратчиларнинг севимли масканига айланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
“Арафот” сўзи луғатда – “билиш, таниш” маъноларини билдиради.
Макка шаҳридан 20 км, Минодан 10 км, Муздалифадан эса 6 км, Намира масжидидан 1,5 км узоқликда жойлашган. Узунлиги 11-12 км ва кенглиги 6,5 км бўлган водий. У қаттиқ катта тошлардан иборат. Жанубий томонда 168 та зинаси мавжуд.
Маълумотларга кўра, Одам Ато билан Ҳавво онамиз жаннатдан чиқариб юборилганларидан кейин бир-бирлари билан шу ерда учрашганлар, дейилади.
Бошқа бир ривоятда Жаброил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломга ушбу маконда ҳаж амалларини ўргатиб: “Арофта?” (“Ўргандингизми?”) деганларида, Иброҳим алайҳиссалом: “Ҳа”, деганлар. Шундан кейин Арафот деб номланиб қолган.
Арофат тепалигида бир баланд жой борки, у ерни “жабалул роҳма”, яъни “раҳмат тоғи” дейилади. Арафа куни ҳожиларга ёғиладиган беҳисоб раҳмат ва баракалар сабабли “раҳмат тоғи” деб номланади. Ушбу тоғ Илол, Нобит ҳамда Қурийн деб ҳам аталади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан 93 кун олдин, ҳижратнинг 10 йили Мадинадан ҳажга келиб, арафа куни шу тепаликка чиққанлар ва оқ туяларини чўктириб, унинг устида туриб “Видолашув ваъз”ини айтганлар. Бу жой узоқдан кўриниб туришлиги учун устун шаклида кўтарилиб, оққа бўяб қўйилган.
Арафотда ҳажнинг асосий аркони адо этилади. Арафа куни бомдод намози ўқилгандан сўнг Минодан Арафотга қараб йўлга тушилади. Зилҳижжа ойининг 9-куни, яъни арафа куни ҳожилар шу тепаликка чиқиб, то қуёш ботгунга қадар ибодат билан машғул бўладилар. Арафотда маълум муддат турмаган кишининг ҳажи ҳаж ҳисобланмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаж Арафотдир”, деганлар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).
Арафотга чиқишдан олдин ғусл қилиб олинса яхши бўлади.
Арафотга чиқишда ва у ерда турганда доим такбир, таҳлил, ҳамд ва талбия (“лаббайка”) айтилади. Арафотда дуолар ижобат бўлади. Шунинг учун ҳожилар кўпроқ дуода, зикрда, тиловатда, илтижода, чин дилдан тазарруда бўлишга интилишлари лозим.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси – Арафот кунги дуодир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Арафотда қуйидаги оят нозил бўлган: “Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим” (Моида сураси, 3-оят).
Арафотда ва Раҳмат тоғида қуйидаги дуоларни ўқиш тавсия этилади:
“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи. Субҳаналлоҳил ъазийм”.
“Лаа илаҳа илла анта. Субҳанака инни кунту миназ-золимийн”.
“Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалийил ъазийм”.
“Роббана атина фид-дуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қина ъазабан-нар”.
“Аллоҳумма аслиҳ ли динийаллазий ҳува ъисмати амри ва аслиҳ ли дунйаяллати фиҳа маъаший ва аслиҳ лий ахиротияллати фиҳа маъадий, важъалил ҳайата зийадаталли мин кулли хойрин, важаълил мавта роҳаталли мин кулли шаррин”.
“Аъузу биллаҳи мин жаҳдил балаи ва даркиш-шақои ва суъил қазои ва шатаматил аъдаи”.
Арафотда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб қаср қилиб ўқилади. Ҳажнинг амири хутба ўқийди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!” (Имом Муслим ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳ ҳузурида Арафот кунидан яхшироқ кун йўқ. Аллоҳ таоло дунё осмонига (фаришталарга мақтаниб) ер аҳли билан фахрланиб айтади: “Менинг чанг босган бандаларимга қаранг! Менинг раҳматимдан умидвор бўлиб, барча жойлардан келдилар. Ваҳоланки, улар менинг азобимни кўрмаганлар. Аллоҳ таоло бирор кунда Арафа кунидек бандани дўзахдан озод қиладиган кун йўқ, дейди”.
Аллоҳ таоло ҳажингизни мабрур, саъйингизни машкур ва гуноҳингизни мағфур қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД