2021 йилда ўтказилиши режалаштирилган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг қурултойи 2022 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтади. Бу ҳақда республика бош вазири Асқар Мамин маълум қилди.
"Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг қурултойлари 2022 ва 2025 йилларда ўтказилади", – дейди Асқар Мамин.
Express-k.kz маълумотларига кўра, Қозоғистон пойтахтида республиканинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи 2003 йилдан бери ўтказиб келинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Исломда "ғулув" дин илмини англашда ҳаддан ошишдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "Айтинг: "Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!" (Моида сураси, 77-оят).
Расулуллоҳ алайҳиссалом "Аллоҳ таоло шариатда зиёда чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар", деб уч марта айтишларида, динда ҳаддан ташқари зиёдалик қилиш инсонни ҳалок қилиш билан тенг эканлигидан огоҳлантирмоқдалар.
Динда ғулувга кетиш мусулмон жамиятларида ихтилоф ва гуруҳбозликка, фитнага ва охир-оқибат ақиданинг бузилишига олиб келади. Ислом тарихида хавориж, мўътазила ва бошқа оқим ва тоифаларнинг вужудга келиши ҳам, асосан, динда ғулувга кетиш натижасида содир бўлган.
Айни вақтда, ғулувга берилганлар динни ўта оғир ва машаққатли тушунтирганлари боис одамлар тўғри йўлдан адашиб, ундан безиб қоладилар. Динда ғулувга кетиш ҳақида сўз юритилганда ақидапараст оқимларнинг ақидавий масалаларда ғулувга кетганлари ва уларнинг хатолари ҳамда бу эътиқодлари соф исломий таълимотларга нақадар зид эканини эсламасдан иложи йўқ.
Ғулувга кетиш, саркашлик, итоатсизлик, манмансираш каби иллатлардан холи бўлган ўтмиш аждодларимиз динимизни асраб-авайлаб, бизгача етказдилар. Шундай экан, диннинг мусаффолигини асраш ва уни келажак авлодга асл холича етказиш бизнинг вазифамиздир.
Абдуғоффор Ҳакимов, Мингбулоқ тумани
"Қўш қишлоқ" жоме масжиди имом-хатиби