ЎМИ матбуот хизмати
#xabar #deklaratsiya #muloqot #forum
Бугун, 10 сентябрь куни пойтахтимиздаги International hotel Tashkent меҳмонхонасида «Декларациялар мулоқоти» II халқаро форуми ўз ишини бошлади.
Унда нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, таниқли уламолар, соҳа экспертлари қаторида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар интитути директори Элдор Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Русланбек Давлетов, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Президент маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов иштирок этмоқда.
«Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил қабул қилинган «Маърифат ва диний бағрикенглик» Махсус резолюциясида мустаҳкамланган тамойил ва қоидаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси олиб бораётган изчил ишларнинг бир қисми бўлиб, 2020 йилда давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий стратегияси мақсадларига эришишга хизмат қилади.
“Диний эркинликни таъминлаш: Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорликнинг ўрни” деб номланган ялпи мажлисда “LYNC” ННТ (АҚШ) вакили Крис Сайпл, БАА Фатво кенгаши раиси Шайх Абдуллоҳ бин Байя, Жаҳон мусулмонлари лигаси Бош котиби Шайх Муҳаммад бин Абдулкарим Ал-Исо каби нуфузли иштирокчиларнинг чиқиш ва видеомурожаатлари тингланди.
Халқаро форум давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов сўзга чиқиб, иштирокчиларга ҳозирда сафарда бўлиб турган Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг салом ва табрикларини етказиб, мавзу доирасида маъруза қилди. У ўз сўзи давомида дунёнинг турли жойларида нотинчлик бўлиб турган вақтда тинчлик ва бағрикенгликка бағишланган форумнинг ўтказилиши ва унда дунёнинг кўплаб давлатларидан турли дин вакиллари жам бўлгани катта воқеа экани, бу ерга йиғилган маърифат аҳллари томонидан қабул қилинадиган декларацияни амалиётга жорий қилиш инсоният фаровонлигига хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, тадбир доирасида турли мамлакатлар диншунос олимлари, амалиётчи мутахассисларига жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлаб туришнинг муҳим шарти сифатида деклациялараро самарали мулоқот ўрнатиш соҳасидаги энг яхши халқаро амалиёт, илғор хорижий тажрибалар намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати