Буюк шоир ва мутафаккир аллома Алишер Навоийнинг бебаҳо илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихи ривожида алоҳида ўрин тутади. Аллома ўзининг асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.
Шу кунларда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан жойларда Навоий ижодини янада кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида адабий-бадиий анжуманлар, илмий-амалий конференциялар ва навоийхонлик кечалари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 8 февраль куни Ҳадис илми мактабида ҳам буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан “Навоийни ёд этиб” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Мазкур тадбир икки қисмда бўлиб ўтди. Дастлаб Олий мактаб мажлислар залида ўқитувчи ва талабалар учун “Навоий ижодини англаб” мавзусидаги илмий-маърифий давра суҳбати ташкил этилди. Илмий мажлисга навоийшунос олимлардан Самарқанд давлат университети “Мумтоз адабиёт тарихи” кафедраси доцентлари С.Тохиров, А.Раззоқов ҳамда мазкур университет магистранти А.Собиров иштирок этди.
Тадбир аввалида мактаб ректори О.Юсупов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлади.
Шундан сўнг маърузачилар С.Тохиров, А.Раззоқов Алишер Навоий ижодида комил инсон ғояси, илоҳий ишқ васфи, хайру-саховат ва эзгулик каби ўлмас умуминсоний қадриятларнинг ёритилиши тўғрисида маърузалар қилди.
Албатта, Навоийхонлик кечаларини ғазал ва байтларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ушбу тадбирда ташриф буюрган магистрант А.Собиров Навоий асарлардан ғазаллар ўқиб, уларни шарҳлаш асносида байтларда илгари сурилган илоҳий ишқ мавзусида илмий маъруза қилди.
Илмий-маърифий давра суҳбатидан сўнг Алишер Навоийни хотирлаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, Самарқанддаги Малака ошириш маркази минтақавий филиалида малака ошираётган имом хатиблар ҳамда мактаб ўқитувчи ва талабалар учун эҳсон дастурхони ташкил этилди. Тадбир якунида хатми Қуръон ўқилиб, диёримизда ўтган барча алломалар, хусусан, мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратларини ёд этиб дуои хайр қилинди.
Ҳадис илми мактаби Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
УЛУҒ ҲИСОБ-КИТОБ БЎЛИШИ БАЁНИ
- 55حِسَابُ النَّاسِ بَعْدَ الْبَعْثِ حَقٌّ فَكُونُوا بِالتَّحَرُّزِ عَنْ وَبَالِ
Маънолар таржимаси: Қайта тирилишдан кейин инсонларнинг ҳисоб беришлари ҳақдир, шундай экан (эй инсонлар) ёмон оқибатдан (қиёматда ёмон ҳисобга йўлиқишдан) сақланишда бўлинглар.
Назмий баёни:
Қиёматда ҳисоб бўлмоғи аниқ,
Ёмон оқибатдан сақлан, халойиқ.
Луғатлар изоҳи:
حِسَابُ – мубтадо.
النَّاسِ – музофун илайҳ.
بَعْدَ – зарфи замон.
الْبَعْثِ – музофун илайҳ. Луғатда “юбориш”, “жонлантириш”, “уйғотиш” каби маъноларни англатади.
حَقٌّ – хабар. Воқеликнинг берилган ҳукмга мувоқ бўлиши ҳақ дейилади.
كُونُوا– ноқис феъл, охиридаги واو исми.
بِ – “мажозий зарфият” маъносида келган.
تَّحَرُّز – “сақланиш”, “ўзини асраш” ва “эҳтиёт бўлиш” маъноларини англатади. Жор мажрур كُونُوا нинг хабари эканига кўра насб ўрнида турибди.
وَبَالِ – “зарар”, “ҳалокат” маъноларида бўлиб, ёмон оқибатга олиб борувчи нарсаларга нисбабтан ишлатилади. Жор мажрур تَّحَرُّز га мутааллиқ.
Матн шарҳи:
Байт мазмунидан, эй инсонлар, келажакда ҳисоб-китоб бўлиши ҳақдир, шунинг учун ўткинчи нарсаларга алданиб қолманглар, зиммаларингиздаги Аллоҳ таолонинг ҳақларини ҳам, инсонларнинг ҳақларини ҳам адо этинглар, агар ҳозир адо этмасангиз, улуғ ҳисоб-китоб кунида бадалини тўлайсизлар, деган маъно тушунилади.
Сўфи Оллоҳёр бобомиз қайта тирилгандан кейинги ҳисоб-китобни қуйидаги содда ва равон сўзлари билан баён қилган:
Удур ҳоким нечукким ҳукм қилди,
Тирил дегач ҳама олам тирилди.
* * *
Йиғар маҳшар ерида барча жонни,
Сўрар бандасидин яхши-ёмонни.
Яъни ўша кунда инсонлар ҳисоб-китоб жойидан яхши ва ёмон қилган амалларининг самараларини кўриш учун гуруҳ-гуруҳ бўлиб қўзғаладилар. Тупроқ зарраси вазнидаги яхши амални қилган бўлса, уни ўзининг амаллари ёзилган саҳифада борлигини кўради ва ўшанга лойиқ мукофотни олади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу зарра ҳақида: “Кафтингизни ерга қўйиб кўтарганда унга ёпишган ҳар бир тупроқ заррадир,” – деган.
Яъни ўша кунда қилинган барча яхшию ёмон амаллар соҳибидан асло ажрамайди. Ҳаммага амаллари ёзилган китоб очиқ ҳолатда кўрсатилади. Бу китобда яхши ишлар ҳам, ёмон ишлар ҳам, очиқ-ойдин кўриниб туради, бирортаси ҳам пинҳон қолмайди. Китоб соҳибига, амалларинг ёзилган китобни ўқи! Бугунги кунда қилган амалларингга ўзинг гувоҳлик берасан! Бошқа гувоҳ ё бошқа ҳисобчига муҳтож бўлмайсан, – дейилади.
Қилинган яхши ишларнинг мукофотлари кўпайтириб берилади, ёмон ишларга эса кўпайтирилмасдан жазо берилади:
Ушбу ўн баравар ошириб мукофотлаш ҳам аслида кўп мукофот беришнинг энг ози ҳисобланади. Чунки гоҳида етти юз бараварига бериладиган ёки ундан ҳам кўпига бериладиган мукофот берилади. Ёмон амал қилганларга эса қилган ёмонликларидан ошиқча жазо берилмайди, қилган ёмонлигига белгиланган жазонинг ўзигина берилади. Яхши амалларнинг мукофотини кўпайтириб бериш, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати бўлса, ёмон иш қилганларни қилмишларига яраша жазолаши У зотнинг адолати ҳисобланади.
Шунингдек, кофир жинларнинг ҳам азобга гирифтор этилишини уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Жин сурасида қуйидагича хабар берилган:
“Аммо (йўлдан) озганларга эса, бас, улар жаҳаннамга ўтин бўлувчи кимсалардир”[4].
Яъни тўғри йўлдан озиб, иймон келтирмаган кофир жинлар, кофир инсонлар каби жаҳаннамга “ўтин” бўладилар.
Аммо мўмин жинларнинг жаннатга киришлари тўғрисида ихтилоф бўлиб, бу ҳақида Бадриддин Шиблий Ҳанафий[5] ўзининг машҳур “Окомул маржон фи аҳкамил жан”[6] китобида тўрт хил сўзни келтирган.
МЎМИН ЖИНЛАРНИНГ ЖАННАТГА КИРИШЛАРИ ҲАҚИДАГИ ҚАРАШЛАР
“Уламолар мўмин жинларнинг жаннатга киришлари ҳақида тўрт хил қарашни айтганлар:
1. Жумҳур уламолар мўмин жинларни жаннатга киради, деб ҳисоблайдилар. Ушбу қарашни Ибн Ҳазм “Милал” китобида Абу Яъло, Абу Юсуф ва бошқа кўпчиликлардан ривоят қилган;
2. Жинлар жаннатга кирмайдилар, балки унинг атрофида бўладилар. Инсонлар уларни кўрадилар, улар эса инсонларни кўрмайдилар. Ушбу қараш Молик, Шофиъий, Аҳмад, Абу Юсуф ва Муҳаммадлардан ривоят қилинган;
3. Жинлар Аърофда[7] бўладилар;
4. Бу ҳақида ҳеч қандай гап айтмаслик”[8].
ЖИНЛАР ВА ШАЙТОНЛАР ОРАСИДАГИ ФАРҚЛАР
Жинлар ва шайтонлар орасидаги фарқлар ҳақида “Ақидатул муъмин” китобида қуйидагилар ёзилган: “ Жинлар икки турли бўлади:
1. Шайтонлар. Буларда ҳеч қандай яхшилик бўлмайди;
2. Жинлар. Булар орасида солиҳлари ҳам, ёмонлари ҳам бўлади.
Жинларнинг ҳолати инсонларга ўхшаш бўлиб, улар орасида хушфеъллари ҳам, бадфеъллари ҳам, мўминлари ҳам, кофирлари ҳам бўлади.
Шайтонлар аслида жинларнинг вакиллари ҳисобланади. Зеро, иблиснинг жинлардан бўлгани Қуръони каримда хабар берилган:
Шайтон илоҳий раҳматдан қувилиб, барча яхшиликлардан кесилгач, мазкур ишлар унинг зурриётларига ҳам мерос бўлиб ўтган. Шунинг учун шайтонларда асло яхшилик бўлмайди, улар фақат ёмонликни биладилар ва доим ёмонликка чақирадилар. Буларнинг ҳолатига илон анча яқин мисол бўла олади. Яъни илондан фақат илон туғилади, илон насли борки, барчаси доим заҳар солиш пайида бўлади. Худди шу сингари, шайтонлардан ҳам фақат шайтонлар туғилади, шайтон насли борки, доим одам болаларини йўлдан уриш пайида бўлади.
Шунингдек, аслида шайтон бўлмаган жин ва инсонлар ҳам ифлос ишларни қилишлари ва туғёнга кетишлари сабабли шайтонга айланиб борадилар. Шайтонга айланганларининг ашаддийлари “Марид” дейилади, янада бундан ҳам ортиқ туғёнга кетганлари “Ифрийт” деб номланади.
Шайтонларнинг васваса қилишлари ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
“Шунингдек, ҳар бир пайғамбарга инсу жиннинг шайтонларини душман қилиб қўйдик. Улар алдаш мақсадида сохта хушсуханлик билан бир-бирларига васваса қиладилар”[10].
Ушбу оят шайтонларнинг инсонлардан ҳам, жинлардан ҳам бўлишига далолат қилади. Жинларнинг турли бўлиши ҳақида эса уларнинг тилидан ҳикоя тарзда шундай хабар берилган:
“Ва албатта, биздан солиҳлар ҳам ва бошқалар ҳам бор. Турли гуруҳлар бўлган эдик”[11].
Ушбу оятда эса жинларнинг ораларида солиҳлари ҳам бўлиши баён қилинган”[12].
Кейинги мавзулар:
Номаи аъмол берилиши ҳақидаги эътиқодимиз.
[1] Залзала сураси, 7, 8-оятлар.
[2] Исро сураси, 13, 14-оятлар.
[3] Анъом сураси, 160-оят.
[4] Жин сураси, 15-оят.
[5] Бадриддин Шиблий Ҳанафий ҳижрий 712 йилда Дамашқда туғилган. Ҳанафий мазҳабидаги улуғ муҳаддис олимлардан бири бўлган бу зотнинг “Фусул фи аҳвали Расул”, “Кашфул ибҳам бишарҳил аҳкам”, “Нашрул аълам фи аҳкамис салам” ва “Окомул маржан фи аҳкамил жан” каби кўплаб асарлари бўлган. Ҳижрий 796 йилда вафот этган.
[6] “Окомул маржон фи аҳкамил жан” китоби жинларга тааллуқли ҳукмларни баён қилувчи энг мўътабар асарлардан бири ҳисобланади. Унда жинларнинг мавжудлиги, уларнинг синфлари, саҳоба жинлар, мўмин жинларнинг жаннатга киришлари ҳақидаги қарашлар каби ранг-баранг мавзулардаги маълумотлар жамланган. Бадриддин Шиблийдан кейинги олимлар жинлар тўғрисидаги маълумотларни баён этишда, асосан, ушбу китобдан фойдаланишган. “Фатҳул Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий”дек мўътабар китобда ҳам агарчи номи баён қилинмаган бўлса-да, ушбу китобдан иқтибос келтирилган.
[7] “Аъроф – жаннат билан дўзахни ажратиб турадиган девор, арасот. Бу жой жаннатга ҳам, дўзахга ҳам кирмаган, яъни вақти соати келиб, Аллоҳ таоло уларни жаннатга киритгунга қадар маълум муддат турадиган кишиларнинг жойидир”. Қаранг: Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2006. – Б. 151.
[8] Бадриддин Шиблий Ҳанафий. Окомул маржон фи аҳкамил жан. – Қоҳира: “Дорул ҳарам литтурос”, 2009. – Б 155.
[9] Каҳф сураси, 50-оят.
[10] Анъом сураси, 112-оят.
[11] Жин сураси, 11-оят.
[12] Абу Бакр Жобир Жазоирий. Ақидатул муъмин. – Мадинаи мунаввара: “Мактабатул улум вал ҳикам”, 2009. – Б. 122.