Мадинада пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётлари ва ислом цивилизациясига бағишланган халқаро кўргазма ва музей ўз фаолиятини бошлади, дея хабар бермоқда ArabNews.
Лойиҳа Бутунжаҳон мусулмонлар лигаси томонидан амалга оширилган бўлиб, унинг доирасида бутун дунёда худди шундай музейлар очиш режалаштирилган.
Масжиди Набавий яқинида жойлашган музей 24 соат очиқ бўлади, у ерда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётлари ва ислом дунёсининг тарихига бағишланган экспонатлар ўрин олган.
Кўргазмада ўнлаб расмлар ва интерфаол дисплейлар мавжуд. Бу ерга келувчилар араб тилидан ташқари инглиз, испан, урду, француз, турк ва индонез тилларида ҳам маълумот олишлари мумкин. Шунингдек, бу ердаги 4DX кинотеатрда Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётларига бағишланган фильмлар намойиш этилади.
Кўргазмадаги йигирма беш павильондан бирида аёлларнинг исломдаги ўрни, ислом эндигина тарқала бошлаган пайтда аёллар қандай рол ўйнагани ҳақида ҳикоя қилинади.
azon.uz
Маъруф ибн Файруз ал-Кархий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Дунё тўрт нарсадан иборат: мол, сўз, уйқу ва таом. Мол туғёнга олиб боради, сўз адаштиради, уйқу эсдан чиқаради, таом шаҳватга етаклайди”.
“Солиҳлар кўп, лекин улар ичида сиддиқлар кам”.
“Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, унга амал эшигини очиб, тортишиш эшигини ёпади. Агар ёмонлик истаса, амал эшигини ёпиб, тортишиш эшигини очади”.
“Аллоҳга таваккул қил, токи У сенинг устозинг ва шикоят қиладиган Зотинг бўлсин. Чунки инсонлардан наф йўқ”.
“Кўзларингизни тийинг, ҳатто урғочи қўйдан ҳам”.
“Сахийлик — муҳтож пайтда муҳтож нарсани бошқа бировга беришдир”.
“Тунги ибодат мўмин учун қиёмат кунида нур бўлиб, ўнгу сўлини ёритади. Кундузги нафл рўза эса, бандани дўзахнинг иссиғидан узоқлаштиради”.
“Қиёмат кунида бир нидо қилгувчи: “Эй Аллоҳни мадҳ қилганлар туринглар”, деб нидо қилади. Шунда, “Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар туришади”.
“Авлиёларнинг аломати нима?” — деб сўрашди. “Аломатлари учтадир: Аллоҳ учун ғам чекади, Аллоҳ билан машғул бўлади ва Аллоҳ томонга қочишади”.
Довуд Тоийнинг дўстларидан бири менга: “Амални ташлама. У сени Роббингнинг розилигига яқинлаштиради”, деди. Мен ундан: “Қайси амални?” деб сўрадим. У: “Роббингга доимий итоат, мусулмонларга хизмат ва уларга насихат” деди.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ