Бу муборак ҳадис олимларнинг уммат олдидаги қадрини намоён қиладиган энг улуғ ҳадислардан бири ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Дарҳақиқат, Ер юзидаги олимларнинг мисоли худди осмондаги юлдузларнинг мисоли кабидир…” (Имом Аҳмад ривояти).
Ер юзидаги олимлар билан осмондаги юлдузлар ўртасида қандай ўхшашлик бор? Аллоҳ таоло Қуръони каримда юлдузларнинг учта фойдали жиҳатини бизга хабар беради: «Ҳақиқатан, Биз (Ерга) яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик» (Мулк сураси, 5-оят).
«(Йўлларга) белгилар ҳам (қўйди). Юлдузлар билан ҳам улар йўл топурлар» (Наҳл сураси, 16-оят).
Демак, юлдузларнинг биринчи фойдали хусусияти осмонни безаб турадиган чироқлар бўлганидир. Олимлар ҳам худди шундай Ер юзини безаб турувчи чироқлардир. Аввалги замонларда одамлар “олимлар”, “уламолар” деб ишлатаверишган. Аммо ҳозир биз “олимлар” сўзига “раббоний олимлар”, “адолатли имомлар”, “тўғри йўлда юрувчилар” каби илмига мувофиқ амал қиладиган сифатларни қўшиб айтишга мажбур бўляпмиз. Ана шундай сифатга эга бўлган олим воқеликда Ер юзининг кўрки, зийнати ҳисобланади. Чунки чинакам олимларнинг Ердаги ҳаётга бўлган таъсири жуда улкандир.
Юлдузларнинг иккинчи фойдали хусусияти «шайтонларга отиладиган тошлар», яъни осмон соқчилари эканидир. Олимлар ҳам Ер юзидаги Ислом соқчилари бўлиб, улар Ислом ақидасини, ибодатларини, ахлоқини жоҳилликдан, шайтоний хуружлардан қўриқлаб туришади. Юлдузлар осмон сирларидан воқиф бўлиш учун яқинлашган шайтонларга отиладиган тошлар бўлгани каби Ер юзидаги олимлар ҳам инсон қиёфа сидаги шайтонларга отилади ган алангали тошлардир.
Илмига амал қиладиган тақводор олимлар динни, одамларни турли бидъатчиларнинг фитналаридан, зарарларидан ҳимоя қилиб туришади. Чунки бундай бузуқ ниятли кимсаларни, уларнинг зарарларини фақатгина у билан замондош бўлиб, унинг маданияти ва менталитетини яхши биладиган илмига амал қилувчи, тақводор, фаросатли, зийрак олим кўра билиши ва даф қилиши мумкин. Айнан шундай олимлар ўз замонасида пайдо бўладиган бидъатчи ва адашганларга қарши тура олади. Хусусан, уларга қарши курашда оммавий ахборот воситаларидан ҳам кенг фойдаланишади.
Юлдузларнинг учинчи хусусияти – одамлар улар орқали йўлларини топиб олишади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мусофир йўловчилар манзилларига янглишмай етиб олишлари ҳамда Ернинг тўрт томонини ва қиблани аниқлаш учун осмонда Сурайё, Етти оғайни, Олтин қозиқ, Қутб юлдузларини аломат сифатида яратиб қўйган.
Олимлар Ерга зийнат ва ҳимоячи бўлиш билан бирга, тўғри йўлни кўрсатиб турувчи йўлчи юлдуз ҳамдирлар. Тўғрилик ва ҳақ йўлни излаганларга олимлар доимо тўғри йўлни кўрсатиб беришган. Олимларга муҳаббатли, уларни ўзларига йўлбошчи қилиб олган инсонлар улардан таралаётган ҳидоят нуридан фойдаланиб бахту саодатга эришадилар.
Шайх Муҳаммад АВВОМА ҳафизаҳуллоҳ суҳбатлари асосида
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 23-сонидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ