Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Январ, 2025   |   24 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:19
Қуёш
07:41
Пешин
12:40
Аср
15:48
Шом
17:32
Хуфтон
18:49
Bismillah
24 Январ, 2025, 24 Ражаб, 1446

Таҳорат – инсонни гўзал қилади

1.02.2021   1822   3 min.
Таҳорат – инсонни гўзал қилади

Бизда таҳорат деб ўрганиб қолинган маълум ва машҳур амал арабчада «вузуъ» дейилади. «Вузуъ» сўзи луғатда «гўзаллик» ва «ялтираш» маъноларини билдиради. Шариатда эса Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш нияти билан баъзи аъзоларни ювиш «вузуъ» деб айтилади.

Таҳорат энг аввало, Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган ибодатдир. У мусулмон инсоннинг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Таҳорат поклик демакдир. У инсонни гўзал қилади. Соғлом бўлишини таъминлайди ва яна бошқа кўплаб фойдалар келтиради.

Аллоҳ таоло мусулмонларни ҳар бир ибодатга таҳоратли ҳолда киришига буюрган. Таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди. Бир кунда беш вақт намоз ўқийдиган одам доимо таҳорат билан покланиб юриши керак.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلاةِ فاغْسِلُواْ وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُواْ بِرُؤُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ

«Эй иймон келтирганлар! Намозга турсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила, бошларингизга масҳ тортиб, оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар» (6-оят).

Ушбу ояти каримадан ҳанафий мазҳаби уламолари таҳоратда тўртта фарз борлигини олишган. Булар қуйидагилардан иборат:

  1. Юзни ювиш.
  2. Қўлларни чиғаноқлари билан қўшиб ювиш.
  3. Бошга масҳ тортиш.
  4. Оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювиш.

Уламоларимиз таҳорат борасида келган ҳамма ҳадис ва манбаларни ўрганган ҳолда ишлаб чиққан таҳорат одобларига, бу борадаги қоидаларга назар соладиган бўлсак, бу ҳақиқатни яна ҳам тўлароқ тушуниб етамиз.

Таҳорат одоблари қуйидагилар:

  1. Қиблага қараб ўтириб таҳорат қилиш зарур. Таҳорат ибодат бўлгани учун уни қиблага қараб қилиш керак бўлади.
  2. Баланд жойда ўтириб таҳорат қилиш лозим. Ишлатилган сувлар бадан ёки кийимларга сачрамаслиги учун шундай ва бундан бошқа қулайликларга эга бўлиш талаб этилади. Мисол учун, совуқ ўлкаларда офтобда таҳорат қилиш қулай бўлса, ўта иссиқ ўлкаларда офтобда таҳорат қилиш кўп ноқулайлик ва қийинчиликлар туғдиради. Шунинг учун таҳорат қиладиган жой ва шароитлар қулай қилиб олинса, яхши бўлади.
  3. Таҳорат қилишда узри бўлмаса, бировнинг ёрдамидан фойдаланмаслик керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аксар ҳолларда шундай қилганлар. Ибодатда мутавозелик, ҳамма нарсани ўзи бажариши афзал саналади.
  4. Таҳорат пайтида гапирмаслик даркор. Балки Аллоҳнинг зикри ва дуо билан машғул бўлиш мақбулдир.
  5. Узуги бор одамлар уни бир қимирлатиб остига сув етказиши лозим.
  6. Оғзига ва бурнига ўнг қўл билан сув олиб, бурунни эса чап қўл билан тозалаб қоқиш керак.
  7. Шошилиб қолмаслик учун намоз вақти кирмасидан таҳорат қилишни бошлаш керак.
  8. Сувни исроф қилмаслик талаб этилади.
  9. Ишлатиш осон бўлиши учун таҳорат суви солинган идишни ўнг томонига қўйиб олса қулай бўлади.
  10. Қалбдаги ният билан тилдаги гапни бирлаштириш.
  11. Ҳар бир аъзони ювганда «Бисмиллаҳ»ни айтиб, дуо ўқиш.
  12. Таҳорат қилиб бўлгандан кейин «калимаи шаҳодат»ни ва ривоятда келган дуони ўқиш.
  13. Таҳорат қилиб бўлгач, икки ракат намоз ўқиш.

Мусулмон инсон кундалик ҳаётида доимо баданининг маълум қисмлари пок ҳолда юриши учун таҳорат етарлидир. Исломда таҳоратнинг ўзи билан кифояланиб қолинмайди. Балки мусулмон инсонга бутун баданини пок тутиш учун Аллоҳ таоло ғуслни ҳам фарз қилган.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Меҳмондорчиликнинг 10 одоби

22.01.2025   3217   10 min.
Меҳмондорчиликнинг 10 одоби

Ўз уйида яқинлари, қўшнилари, ёру-дўстлари ёки шулардан бошқа бирор кишига зиёфат бермайдиган инсон бўлмаса керак. Меҳмондорчилик одоблари муқаддас динимизда энг аҳамиятли ислом одобларидан ҳисобланади. Ва динимиз меҳмондорчиликда ҳар икки тараф учун, яъни меҳмон ва мезбон учун лозим бўладиган одобларни шариатга киритган. Меҳмон ва мезбонга зиёфат ўз самарасини бериши учун, ушбу одобларга риоя қилиш лозим бўлади. Биз аввало, мезбонга таалуқли бўладиган одоб ҳақида сўз юритамиз.

Мезбонга таалуқли бўладиган одоблардан биринчиси – яхши ният қилиш:

Ушбу одоб, зиёфат соҳибининг ўз ёру-дўстларига берган зиёфатида, уларга берган таомида ва чиройли кутиб олишлигида ажр олишни ният қилиш билан бўлади. Шунингдек, меҳмон ҳам мезбоннинг чақириғига лаббай деб, ўз дўстини зиёрат қилишда ажр олишни ният қилади. Натижада, уларнинг ҳар бири ушбу қилган амалларига ажр оладилар.

 Иккинчи одоб –  меҳмонни чиройли кутиб олиш:

Зиёфат соҳибига ўз меҳмонини табассум, очиқ чеҳралилик, шунингдек, хурсандчилик ва хушхабар иборалари билан кутиб олишлиги лозим бўлади. Бу эса, уларнинг қалбларини хушнуд қиладиган амаллардан ҳисобланади. Зиёфат соҳиби дўстлари ҳузурида, улар ўзларини ўз уйларидагидек ҳис қилишлари учун муносиб жой ҳозирламоқлиги хам лозим бўлади.

Зеро, Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўстингни юзига табассум қилишинг ҳам, сен учун садақадур”, деб марҳамат қилганлар.

Дарҳақиқат, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳузурларига келган қавмларни чиройли кутиб олардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдул Қайс қавмига: “Марҳабо! Хафаликсиз ва надоматсиз келган қавм, хуш келибсиз!”, дер эдилар. Термизий ривояти.

Шунингдек, Оиша (розияллоҳу анҳо)дан қилинган ривоятда: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима (розияллоҳу анҳо)га “Марҳабо! Хуш келибсиз! қизалоғим” деб марҳамат қилганлар. Бухорий ва Муслим ривояти.

  Учинчи одоб – меҳмонни муносиб ўринга ўтқизиш:

Бу эса, хонадон соҳиби ўз меҳмонларини муносиб бир маконга ўтқазишлиги меҳмондорчиликнинг ҳурматидир. Ана шунда, улар мажлисда хотиржам ўтирадилар. Ўша жой мезбоннинг аҳли байтларини очиқ кўрсатиб турадиган макон бўлмаслиги ёки у ер меҳмонга нохуш ҳидлар келадиган ва шунга ўхшаш ноқулайлик келтирадиган жой бўлмаслиги керак. Ва ҳоказо, уларни ифлослик бўлган маконга ёки нолойиқ бир шаклдаги маконга ўтқазмаслик лозим бўлади. бу эса, меҳмондорчиликнинг ҳурмати эмас, албатта.

  Тўртинчи одоб – зиёфатнинг мажбуриятларига риоя қилиш ва меҳмонни ҳурмат қилиш:

Хонадон соҳибига меҳмоннинг ҳаққини ўз ўрнига қўйишлиги лозим бўлади. Масалан, ичимлик, егулик ва шунга ўхшаш нарсалар ила бўлади. Ва ана шу нарсаларни кечиктирмаслиги ёки секин ҳаракат қилиб, меҳмонни қайтиб кетишликка ўйлантириб қўймаслиги лозим бўлади. Қуръони карим мана шу нарсаларни бизларга ўргатади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом ҳақларида баён қилиб, Ўзининг сўзида;

“24. (Эй Муҳаммад), сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? 25. Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб, «Салом», дейишган эди, у ҳам: «Салом, (Булар) нотаниш қавм-ку?», деди. 26-27. Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (қовурилган) бир семиз бузоқни келтирди-да, уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизларми?» деди. ”, деган.

“Зарият сурасининг 24-27-оятлари ”

Бу ерда маълум бўлишича, Иброҳим алайҳиссалом меҳмонларни огоҳлантирмасдан махфийгина бориб, уларга лойиқ таомни тайёрлаб, тезда уни улар ўтирган жойга келтирдилар. Бу эса, меҳмоннинг ҳақларидан ҳисобланади. Меҳмонни ҳурмат қилишлик, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган вожиб ишлардандир. Динимизда унга иймоннинг аломатларидан деб, эътибор берилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин”, деб марҳамат қилганлар. Бухорий ва Муслим ривояти.

Бешинчи одоб – меҳмони учун ортиқча машаққатни ўз зиммасига олмаслик:

Хонадон соҳибига меҳмонларга тоқатидан ортиғини қилмаслиги ёки меҳмонини ҳурмати учун кўп нарсаларни ўзига юклаб олмаслиги керак. Балки, уларни ҳурмат қилиш билан бирга уларга ўзида бор нарсаларни имконият чегарасида тақдим қилиши лозим бўлади. Чунки, Иброҳим алайҳиссалом ҳам ўз меҳмонларига семиз бузоқни сўйдилар ва пишириб, уларнинг олдиларига қўйдилар. У зот ўзларида бор энг яхши нарсани келтирдилар.

Олтинчи одоб – меҳмоннинг ҳаққини бериш:

Меҳмон бўлиш суннатга кўра бир кеча кундуз, меҳмон кутиш уч кеча кундуз бўлиши жоиз бўлади. Ундан ортиқ бўлиши мажбурий эмас. Аммо, ундан ортиқ бўлиши мезбонга садақа бўлиб ёзилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмонни ҳам, мезбонни ҳам ҳаққини жорий қилиб, Абдуллоҳ ибн Амрга; “Албатта, меҳмондорчилигингни сенинг зиммангда ҳақлари бор” деб, марҳамат қилдилар.

Яъни, меҳмондорчилик ҳақларидан мурод – меҳмонлик ва мезбонликнинг ҳақларидир.

Абдуллоҳ ибн Амрдан қилинган ривоятда; Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин. Меҳмон бўлиш бир кеча кундуз, меҳмон кутиш уч кеча кундуз бўлиши жоиз бўлади. Ундан ортиқ (меҳмондорчиликни) бўлиши мажбурий эмас. Балки, ортиқ бўлиши садақа бўлиб ёзилади. То уни чиқариб юбормагунича унинг ҳузурида яшамоқлиги унга ҳалол бўлмайди” дедилар. Бухорий ва Муслим ривояти.

Ибн Ҳажар: “Ибн Баттол шундай деди; Молик розияллоҳу анҳу меҳмоннинг ҳаққи ҳақида сўралганда, у зот: “Уни бир кеча кундуз икром қилади ва унга туҳфа беради ва уч кун зиёфат қилади.” дедилар.”

Мен: “Биринчи кундан ташқари уч кун ҳисобланадими ёки ундан ҳисобланадими?”, дедим.

Абу Убайд жавобан: “Унга биринчи кунда яхшилик ва илтифотларни қилишлик мажбурий бўлади. Иккинчи ва учинчи кунда олдидаги ҳозир бўлган нарсаларни унга тақдим қилади, холос. Одатдагидан ташқари зиёда қилмайди. Сўнгра унга бир кеча кундуз масофага етадиган нарса беради. У мусофир бир жойдан бошқа жойга боришига етадиган нарса миқдорича бўлиб, “жийза – манзил чегараси” дейилади.” Деди.

Хаттобий шундай деган: “Яъни, агар, меҳмон келиб тушса, унга туҳфа бериш ва ўзида бор имкони етган нарсаларда бир кеча кундуз  унга яхшиликни зиёда қилишдир. Кейинги бошқа икки кунда, у меҳмоннинг олдида ҳозир бўлиб турган нарсаларни унга тақдим қилади, холос. Агар учинчи кун ўтса, дарҳақиқат уни ҳаққи тугайди. Кейинги кунларда ҳам, меҳмондорчиликни давом эттирса, унга садақа қилганни савоби бўлади.” деди.” деган.)

Еттинчи одоб – хонадон соҳиби меҳмонларга айнан ўзи хизмат қилиши:

Бу эса, қуръони карим ўша Иброҳим алайҳиссалом қиссасида бизларга ўргатган одобдир.   Аллоҳ таоло “Зориёт сурасининг 26-27-оятлари ”да:

"Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (қовурилган) бир семиз бузоқни келтирди-да, уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизларми?» деди", деган.

Бу ерда Иброҳим алайҳиссалом айнан ўзлари туриб, меҳмонларига хизмат қилганликлари баён қилинмоқда. Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳам бу ҳақида ўзларининг саҳиҳ тўпламларида “Меҳмонни ҳурмат қилиш ва унинг хизматини айнан ўзи қилишлик боби” деб, алоҳида боб ажратганлар. Шубҳа йўқки, бу иш меҳмонни ҳурмат қилиш ва унинг хизматини қилишдаги энг яхши амалдир.

Саккизинчи одоб – меҳмонга у меҳмон бўлиб туриш вақтида яхшиликлар қилиш:

Ушбу одоб, меҳмонга ухлаши учун болаларнинг шовқин-суронидан панароқда бўлган тўла-тўкис муносиб бир ўрин тайёрлаб бериш, унга покиза сочиқни тақдим қилиш, унга ёстиқ тутиш, ҳаммомни унга тайёрлаб қўйиш, хушбўйликларни яқин қилиш, ўзига қараб жамолини кўриш учун кўзгуни ва яна шунга ўхшаш нарсаларни тақдим қилиш билан бўлади.

Тўққизинчи одоб – хонадон соҳиби меҳмонни бирга эшиккача кузатиб чиқиши:

Агар, меҳмон кетишликни хоҳласа, хонадон соҳибининг ўзи ҳам ҳовлининг дарвозасигача унга қўшилиб, бирга кузатиб чиқишлиги лозим бўлади. бу эса, меҳмонни улуғлаш ва уни ҳурмат қилишдир. Меҳмон кетишликка изн сўраб турганда, хонадон соҳиби ўз жойидан қимирламай ўтиравермаслиги керак. Балки, уни кузатиб, ортидан ўзи ҳам чиқади.

Абу Убайд имом Аҳмадниинг манзилларига зиёратга борганлари ҳақида: “Мен у зотнинг уйларидан туришликка изн сўраб, ўрнимдан тургандим у зот ҳам мен билан бирга турдилар”.

Шунда мен у зотга: “Эй Абу Абдуллоҳ ундай қилманг” дедим.

У зот: “Шаъбий розияллоҳу анҳу шундай деган: “Зиёрат қилиб келган кишининг зиёратининг энг сўнги ҳаққи, мезбон ҳовлининг дарвозасигача у билан бирга юриб чиқишлиги ва маркабини ушлаб туришлигидир.” Дедилар.” Деб, айтиб берганлар.”

Ўнинчи одоб – меҳмон кетишидан олдин эшикни ёпиб, кириб кетмаслик:

Меҳмонни эшик олдига кузатиб, хонадон соҳиби меҳмон маркабига миниб ёки юриб кетмагунича уйига кириб, эшигини қулфлаб олмайди. Чунки, бу кутиб туришлик меҳмонни улуғлаш, уни ҳурмат қилиш ва унга илтифот кўрсатишдир. Муслмон кишига бу одобларга беэътибор бўлишлик дуруст бўлмайди.

Маҳбуба Абдуҳалилова,
ТИИ 3-курс талабаси.