Бундай касалликка чалинган одам гарчи эҳтиёжига зарур барча нарсалар билан таъминланган бўлсада, бошқаларнинг олдида ўзини тиланчи қилиб кўрсатади.
Муолажа услуби
Бу иллатдан халос бўлиш учун – инсон ўз муаммолари ҳақида одамларга шикоят қилмаслиги ва уларга муҳтожлигини кўрсатмаслиги керак, ҳатто камбағал бўлса ҳам. Зеро, инсонларнинг аксарияти кўп гапиришингизни ёқтирмайдилар. Агар уларга бирор шикоят ёки муаммоингизни арз қилсангиз “Гапни кўпайтирманг” дейишади. Лекин Роббимиз Аллоҳ таоло сиз Унга қанча кўп гапирсангиз шунча сизни кўп яхши кўради.
Севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жиянлари Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга: “Сўрасанг, фақат Аллоҳдан сўра!” деганлар. Шундай экан, ҳамиша ёлғиз Аллоҳга юзланиб: “Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан...” (Юсуф сураси, 86-оят), деб айтинг.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий садақа бериш, бошига тушган қийинчиликлардан одамларга шикоят қилмаслик ва мусибатларини ҳеч ким кимга билдирмаслик жаннат хазиналаридандир”, дедилар.
Ким ғам-ташвишини одамларга шикоят қилса, ғами зиёда бўлади. Ким ғам-ташвишини Аллоҳга шикоят қилса, ғамдан фориғ бўлади.
Бобом Исмоил ибн Нужайд: “Ўтмишда тасаввуф олимлари муҳтож бўлишсада, аммо бой бўлиб кўринардилар. Ҳозир аксинча, одамларга камбағаллардек кўринишга ҳаракат қилишади”.
Бобни Абу Ҳамза ал-Бағдодий раҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли сўзлари билан якунлайлик: “Камбағалликдан қаноатланиш катта синовдир, унга фақат сиддиқ (ростгўй)лар бардош бера оладилар”.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.
Айни дамда “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусидаги халқаро анжуман қизғин давом этмоқда.
Тадбир аввалида Қуръон оятлари тиловат қилинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро конференция иштирокчиларига табригини Президент маслаҳатчиси Русланбек Давлетов ўқиб эшиттирди.
Табрикда Президентимиз қатнашчиларни улуғ алломалар юртига ташрифи ва нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлаб, буюк ватандошимиз асос солган мотуридийлик мактаби ва таълимоти эътиқод борасида асрлар давомида бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат тимсоли бўлиб келаётганини алоҳида қайд этган.
Шунингдек, мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби буюк алломаларимиз номлари билан аталадиган халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси фаолият кўрсатаётгани, жумладан, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” китоблари илк марта ўзбек тилига таржима қилиниб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилгани таъкидлаб ўтилган.
Ўз навбатида анжуман иштирокчиларига ўз ҳаётини ана шундай эзгу ишга бағишлаб келаётгани, Имом Мотуридий ва Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан бошқа улуғ алломаларимизнинг бой илмий-диний меросини ўрганиш йўлидаги машаққатли меҳнати, изланиш ва тадқиқотлари учун самимий миннатдорлик билдириб, уларга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятида янги ютуқлар ва конференция ишига муваффақият тилаган.
Анжуман иштирокчилари Президентимизнинг табриги ва илиқ тилакларидан бағоят мамнун бўлишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати