Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Эркак ўз аҳлига бошлиқ ва у қўл остидагига масъулдир. Аёл эрининг уйида бошлиқ ва у ўз қўл остидагига масъулдир…” (Муттафақун алайҳ).
Бу ҳадисда масъулият масаласи кўтарилган. Қиёмат кунида ҳар бир одам ўзининг қўл остидагилар тўғрисида ҳисоб-китоб қилинади. Ушбу ҳисоб-китоб ҳам моддий, ҳам маънавий ҳақлар борасида бўлади. Масалан, эрдан оиласининг озиқ-овқат, ки йим-кечак ва турар жойга бўлган эҳтиёжларини қандай таъминлаганини ҳамда уларга Аллоҳни танитиб, ибодатларни бажаришлари учун нималар қилгани ҳақида сўралади.
Маълумки, инсон икки унсур – руҳ ва жасаддан иборат. Жасад озуқага муҳтож бўлгани каби руҳ ҳам озуқага муҳтож бўлади. Жасаднинг озуқаси моддий нарсалардан иборат бўлса, руҳнинг озуқаси маънавий нарсалар биландир. Албатта, бу икки эҳтиёжни қондириш ўта зарур иш ҳисобланади. Озуқасиз қолган жасад ҳалокатга юз тутгани каби, озуқасиз руҳ ҳам ҳалокатга – бадбахтликка маҳкум бўлади.
Оила жамиятнинг кичик бир бўлагидир. Инсон оила қурар экан, унинг зиммасига катта мас ъулият юкланади. Энди у хотини ва туғилажак фарзандларининг таоми, кийими ва турар жойларини таъминлаши вожиб. Шу билан бирга уларнинг дин-диёнати ва тарбияси учун ҳам жавобгар бўлади. Яъни, хотини ёки фарзандларининг қилган ҳар бир хатти-ҳаракати учун эр (ота) Аллоҳ таолонинг ҳузурида сўроққа тутилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло мўминларга хитоб қилиб айтади: «Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш, дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар хизмат қиладиган дўзахдан сақлангиз» (Таҳрим сураси, 6-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одобахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир”. Бошқа бир ривоятда: “Ота-она фарзандига гўзал одобдан яхшироқ нарсани тортиқ қила олмайди”, дейилади (Имом Термизий ривояти).
Шундай экан, ота оила бошлиғи сифатида аёли ва болаларига чиройли тарбия беришни ҳам зинҳор унутмаслиги лозим. Уларнинг тарбияси, одоб-ахлоқи ҳам ўзининг зиммасида эканини ҳис этмоғи даркор. Моддий жиҳатдан таъминлаб қўйиш билан зиммасидаги масъулиятни адо қилган ҳисобланмайди. Балки уларнинг комил инсон, ҳақиқий мўмин бўлиб етишишларида ҳам жавобгарлигини англаб етсин. Ўз навбатида аёл ҳам эрига бу борада ёрдамини аямасин. Ота- она зиммасидаги масъулиятни чиройли тарзда адо қилар экан, оиладаги фарзандлар ҳам виждонли, имонли, фидойи бўлиб етишадилар. Бу нафақат ота- онанинг, балки жамиятнинг ҳам ютуғидир.
Абдурасул ҚАЮМОВ,
Чилонзор тумани “Муҳсинхонтўра Эшон” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 22-сонидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё – иймондандир. Иймон жаннатдадир. Фаҳш қабоҳатдандир. Қабоҳат эса дўзахдадир” [1], деганлар.
Каъб ҳазратларининг бир гаплари бор: “Ҳамманинг олдида одамлардан уялганингиз сингари ёлғиз қолганда ҳам Аллоҳ таолодан ҳаё қилинглар”.
Бизлар омма олдида уятчан бўлганимиз қадар махфий пайтларда Аллоҳ таолодан ҳаё қилаяпмизми?! Ҳамманинг олдида бирор хато қилиб қўйгудек бўлсак, одамлар бизни гап-сўз қилишларидан қўрқиб юрганимиз каби ҳеч ким кўрмаган пайтда Аллоҳ бизни кўриб турганини ҳис қила оляпмизми?!
Улуғлардан бири бундай дейди: “Ҳамманинг олдида қилишдан уяладиган ишини яширинча қилган одамнинг қадри йўқдир”.
Аллоҳ таолонинг наздида беқадр бўлишимиз ва одамлар орасида ҳурматимизни йўқотишимиз қай биримизга ёқади?! Мана бу мисралар жуда тўғри ёзилган:
Гар ҳаё пардаси ситилса ногоҳ,
Қўрқув ҳам солмаса иш ниҳояси,
Истаган нарсангни қилавер гумроҳ,
Бехайр ҳаётнинг шудир дояси.
Иффат тарк айласа инсонни агар,
Ортидан кетгайдир хайру ҳаловат.
Кўзларинг очиброқ солсанг-чи назар:
Пўстлоқ турар экан, новда саломат!
Лекин ҳаё бобида уялмаслик керак бўлган амаллар ҳам борки, бу ишларни ҳикмат ва одоб ила адо этмоғимиз лозим. Улуғлардан бири: "Уч нарса борки, улардан уялма:
1. Илм излаш. Бир сўраб, бир сўрамай юрадиган бўлсанг, у ҳолда ҳеч қачон илмга эриша олмайсан.
2. Бадан касаллиги. Аллоҳ таоло сени бирорта касаллик билан синаса, ўз қобиғингга ўралиб олиб, одамлардан ажралма.
3. Камбағал яқин қариндош. Бу менинг амакимнинг ўғли ёки тоғамнинг ўғли дейишдан уялма”, дейди.
Ҳаё мартабаларининг энг юқориси банда Роббисидан ҳаё қилиши ва У Зотга осийлик қилмаслиги, ибодатларида камчиликка йўл қўймаслигидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолодан ҳаё қилса, бошни ва у қамраб олган нарсалар (кўз, қулоқ каби аъзолар)ни сақласин, қорин ва у қамраб олган нарсалар (фарж каби аъзолар)ни эҳтиёт қилсин. Ўлим ва чиришни ёдга олсин. Охиратни истаган киши дунё зийнатларини тарк қилади, ким уларни қиладиган бўлса, Аллоҳ таолодан ҳақиқий маънода ҳаё қилган бўлади”, [2] дедилар.
Аллоҳ таоло берган неъматларини ва У Зотнинг ҳаққини адо этишда камчиликка йўл қўяётганингизни кўра олишингиз ҳаёдандир. Аллоҳ таолога итоат қилиб, Унга осийлик қилмасангиз қиёмат кунида бандага амаллари кўрсатилганида Аллоҳ таоло у бандани азоблашдан ҳаё қилади.
Ривоят қилинишича, Миср азизи (шоҳ ёки хазинабон)нинг аёли Юсуф алайҳиссаломга кўнгли тушиб бузуқ ишни қилмоқчи бўлганида, уйнинг бурчагида турган бутнинг юзини ёпиб қўяди. Шунда Юсуф алайҳиссалом: “Нима қиляпсан?” – деб сўрайди. Аёл жавобан: “Ундан ҳаё қиляпман”, дейди. Юсуф алайҳиссалом эса: “Мен Аллоҳдан ҳаё қилишга ҳақлироқман”, дейди.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ривоят қилган ва “Ҳасан саҳиҳ” қарор берган.
[2] Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти.