Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳридаги "Ҳасанбой" жоме масжиди имом-хатиби Абдуманнон домла Усмоновнинг волидаи муҳтарамаси вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло табаррук ёшдаги марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин! Ғариқи раҳмат, шоистаи жаннат, охиратларини обод қилсин! Барча яқинларига сабру жамил ато айлаб, ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Абдуманнон домла Усмоновга ва марҳума онахоннинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
1 октябр – ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан диний таълим муассасалари раҳбарлари, фидоий мударрислар ҳамда жонкуяр мураббийларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг қутловлари йўлланди.
Диний идора тизимидаги олий ва ўрта-махсус диний таълим муассасаларида ушбу табрик ўқиб эшиттирилди. Жумладан, “Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш, яъни, устозлик қилишнинг фазилати ундан-да улуғдир. Аллоҳ таоло илм қадрини баланд қилди ва унинг орқасидан илм ато этилган инсонларнинг ҳам қадрини юксак қилиб қўйганини Қуръони каримда баён этди”, дейилади табрик матнида.
Шунингдек, унда сўнгги йилларда диний таълим муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, педагог-ўқитувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, таълим-тарбия самарадорлигини ошириш ва битирувчиларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва галдаги режалар ҳам эслаб ўтилди.
Қутлов сўнгида диний таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган барча ўқитувчи ва мураббийларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, шарафли ва машаққатли фаолиятларида муваффақиятлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати