— Мен имкон қадар ибодатларимни пинҳона қилишга ҳаракат қиламан, риё бўлиб қолмасин, дейман. Кўпчилик ичида ҳам “мен намоз ўқийман”, дейишга ийманаман. Лекин бир қариндошим намоз ўқишини кўпчилик орасида баралла айтади, кўп ёлғон сўз аралаштириши сезилиб туради. Бу гуноҳ эмасми?
— Ибодатларнинг энг афзали махфий қилинганидир. Чунки бундай амал риёдан узоқ бўлади. Аммо тоатни ошкор қилишдан одамларга яхшиликни тарғиб қилиш, уларга намуна бўлиш ният қилинса, бундай амал ҳам афзал ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий қилинган иш ошкора қилинган ишдан афзал, агар ошкора қилинган иш унга эргашишлари учун қилинган бўлса, у афзалдир”, дедилар (Ҳаким Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло банда қилаётган барча ишларни кўриб, билиб туради. Муҳими, ният холис Аллоҳ учун бўлсин. Зеро, уламолар: “Одамлар учун амални тарк қилиш риё ва одамлар учун амал қилиш ширк”, дейишган.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
У киши айтадилар: Бир кампир Набий сoллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У зот менинг ҳузуримда эдилар.
Расулуллоҳ сoллаллоҳу алайҳи васаллам унга: — «Сиз кимсиз?» — дедилар. У: — «Мен Жусама ал-Музанийяман», — деди.
Расулуллоҳ сoллаллоҳу алайҳи васаллам: — «Йўқ, сиз — Ҳасона ал-Музанийясиз! Ўзингиз қандайсиз? Аҳволларингиз қандай? Биз кетгандан кейин қандай яшаяпсизлар?» — дедилар. У: — «Яхшимиз, отам ва онам сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ сoллаллоҳу алайҳи васаллам», — деди.
Кампир чиқиб кетгач, мен дедим: — «Ё Расулуллоҳ, шу кампирга бунчалик илиқ муносабат кўрсатмасангиз?» Шунда у зот: — «У Хадича замонида уйимизга келиб турар эди. Эски танишлар билан чиройли муомала қилиш иймондандир», дедилар.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ