— Мен имкон қадар ибодатларимни пинҳона қилишга ҳаракат қиламан, риё бўлиб қолмасин, дейман. Кўпчилик ичида ҳам “мен намоз ўқийман”, дейишга ийманаман. Лекин бир қариндошим намоз ўқишини кўпчилик орасида баралла айтади, кўп ёлғон сўз аралаштириши сезилиб туради. Бу гуноҳ эмасми?
— Ибодатларнинг энг афзали махфий қилинганидир. Чунки бундай амал риёдан узоқ бўлади. Аммо тоатни ошкор қилишдан одамларга яхшиликни тарғиб қилиш, уларга намуна бўлиш ният қилинса, бундай амал ҳам афзал ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий қилинган иш ошкора қилинган ишдан афзал, агар ошкора қилинган иш унга эргашишлари учун қилинган бўлса, у афзалдир”, дедилар (Ҳаким Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло банда қилаётган барча ишларни кўриб, билиб туради. Муҳими, ният холис Аллоҳ учун бўлсин. Зеро, уламолар: “Одамлар учун амални тарк қилиш риё ва одамлар учун амал қилиш ширк”, дейишган.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жумада дуо ижобат
١٨٣٧- وَحَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ يَحْيَى قَالَ: قَرَأْتُ عَلَى مَالِكٍ. ح وَحَدَّثَنَا قُتَيْبَةُ بْنُ سَعِيدٍ عَنْ مَالِكِ بْنِ أَنَسٍ عَنْ أَبِي الزِّنَادِ عَنِ الْأَعْرَجِ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَكَرَ يَوْمَ الْجُمُعَةِ فَقَالَ: «فِيهِ سَاعَةٌ لَا يُوَافِقُهَا عَبْدٌ مُسْلِمٌ وَهُوَ قَبِيلَةٌ يَسْأَلُ اللَّهَ شَيْئًا إِلَّا أَعْطَاهُ إِيَّاهُ». زَادَ قُتَيْبَةُ فِي رِوَايَتِهِ: وَأَشَارَ بِيَدِهِ يُقَلِّلُهَا.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунини зикр қила туриб, "Унда шундай бир вақт борки, мусулмон банда намоз ўқиб турган ҳолида унга мувофиқ келиб, Аллоҳдан бирон нарса сўраса, У Зот унга ўшани бермай қўймайди", дедилар».
(Ровий) Қутайба ўз ривоятида "ва қўллари билан унинг озлигига ишора қилдилар" деб қўшимча қилган (Имом Муслим ривояти).
Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан баъзи илм аҳллари дуо ижобат бўладиган соатни асрнинг кетидан то қуёш ботгунича чўзилган вақт орасида деб ҳисоблайдилар. Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шу.
Аҳмад бундай дейди: "Ҳадисларнинг кўпи, дуоси мустажоб бўладиган соат аср намозидан кейин экани борасидадир. Заволдан кейин ҳам кутилади".