Муҳтож миллионлаб одамлар учун қиш соғ-омон қолиш учун жиддий курашни билдиради. Айниқса, пандемия пайтида. Шу сабабли, бу йил ислом хайрия ташкилотлари йил давомида иссиқ кийимларга муҳтож бўлганларга ёрдам кўрсатиш бўйича ўз кампанияларини бошлади. Қишки ёрдам биринчи навбатда Афғонистон, Бангладеш, Ливан, Босния, Иордания, Мўғулистон, шунингдек, Покистон, Яман, Туркия, Косово ва Грецияда, лекин, айниқса, совуқдан азият чекаётган қочқинлар лагерларидаги муҳтожларга қаратилган.
"Биз бу йил турли мамлакатлардаги муҳтож одамларни қамраб олишни истаймиз", дейди Hasene турк хайрия ташкилоти раиси Месуд Губаҳар. Адёл, кийим-кечак, кўмир ва иситиш каби асосий эҳтиёжлардан ташқари, озиқ-овқат ёрдами тақсимланади. Ливандаги қочқинлар лагерлари иситиш учун ёқилғи билан қўллаб-қувватланади. Islam.ru маълумотларига кўра, Мўғулистон учун кўмир билан ёрдам бериш режалаштирилган. "Совуқ кунларда илиқлик улашинг" шиори остида Осиё, Африка, Европа ва Болқондаги муҳтож одамларга қишки ёрдам доирасида қишки кийим-кечак, печка, кўрпача ва ўтин кўринишидаги ёрдам кўрсатилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Мамлакатимизнинг бир гуруҳ диний-маърифий соҳа вакилларидан иборат делегация Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими ходими Муҳаммадамин Насриев, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Ўқув ишлари бўйича проректор Зокиржон Рўзиев ва бир нечта соҳа мутахассислари бор.
Дастлаб Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири ўринбосари Абдуллоҳ Аъқийл ҳамда Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази вакили Исмоил Ҳаббат билан мулоқот ўтказилди. Самимий мулоқотда томонлар ўртасида соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, илмий тадқиқот ҳамда ўқув-услубий, шунингдек, экстремизм ҳамда радикализмнинг олдини олиш йўналишида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳокама қилинди. Шунингдек, Иордания олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар учун стипендия, грант ажратиш ва ётоқхона билан таъминлаш масалалари ҳақида сўз юритилди. Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш юзасидан эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ишчи режасини тасдиқлаш кераклиги таъкидланди.
Ташриф давомида Иордания халқаро ислом фанлари университети ректори Жаъфар ал-Фанатсеҳ билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Икки мамлакат олий диний таълим муассасаларида ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини аниқлаш, ўқув дастурларини ўрганиш ва бир-бирига мувофиқлаштириш ҳақида сўз юритилди. Педагоглар, илмий тадқиқотчилар ва мутахассисларни ўзаро жалб қилиш, малака ошириш ва стажировка, маҳорат дарсларини йўлга қўйиш, ҳамкорликда илмий тадқиқот ишларини амалга оширишга келишиб олинди. Суҳбатда Иордания халқаро ислом фанлари университети, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Тошкент ислом институти ўртасида Англашув меморандумларини имзолаш масаласи бўйича сўз юритилди.
Иордания халқаро ислом фанлари университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба-ёшлар билан ҳам учрашув ташкил этилди. Тадбирда “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати консепцияси”, “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзуларида фикр алмашилди. Мамлакатнинг мавжуд қонунлари ва университет ички тартиб қоидаларига риоя этиш тушунтирилди, Иорданияда юртимиз алломалари илмий мероси ва туризм салоҳияти тарғиботини амалга ошириш тавсия қилинди.
Делегация аъзолари мазкур университетнинг Шариат ва қонун факультети декани, профессор Шайх Салоҳ Абулҳож ва ҳанафий мазҳаби мутахассислари билан учрашдилар. Мулоқот чоғида Шайх Салоҳ Абулҳож юртимиз вакилларини Иорданияда кўриб турганидан мамнунлигини билдирди. Учрашувда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган UNESCO Бош конференцияси 43-сессиясининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, вакилларимиз томонидан Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясида тутган ўрни, буюк алломаларни етиштириб чиқарган юрт экани, ўзбек халқининг бағрикенг ва меҳмондўстлиги Иорданиялик профессор-ўқитувчиларга таништирилди.
Манба: https://www.iiau.uz