Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2025   |   9 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:09
Хуфтон
19:21
Bismillah
01 Октябр, 2025, 9 Рабиъус сони, 1447

Гўзал ахлоқдан гўзал бўстонлар унар…

15.01.2021   2215   3 min.
Гўзал ахлоқдан гўзал бўстонлар унар…

 

Ислом дини гўзал ахлоқдан иборат. Ахлоқ дин асоси бўлганидек, мўминликнинг ҳам белгиси ҳисобланади. Ижтимоий ҳаётда кийим-кечакдан тортиб ўзини тутишгача, муомаладан то тижоратгача, оилавий муносабатлардан ҳатто жамиятдаги хатти-ҳаракатгача – барча феъл-атворнинг умумий жамланмаси ахлоқ дейилади.

Ахлоқ Оламлар Раббисининг фитратимизга жойлаштирган яхшилик, гўзаллик ва раҳм-шафқатнинг бир бутун кўринишидир. Ҳар бир бола Ислом фитратида туғилиб, кейинчалик ота-онасининг тарбияси билан ўз йўлини танлайди. Ҳар бир бола гўзал ахлоққа йўғрилган ҳолда дунёга келади. Вақт ўтиши билан оила давраси, дўст-суҳбатдошлари, атроф-муҳит, иқтисодий имкониятлар, ахборот воситалари каби ташқи таъсир ахлоқнинг гўзаллигига, бир бутунлигига путур етказиши мумкин.

Одам Атонинг фарзандлари Қобил ва Ҳобилдан бошлаб инсон фитратига бир имтиҳон зарурияти сифатида жойлаштирилган ҳасад, хиёнат, ғурур, адоват, эҳтирос каби кишини ёмонликка етакловчи нафсоний туйғулар ҳам энг олий махлуқот бўлган инсонни энг паст даражага – тубанлик жарига қулатиши мумкин.

Бугун дунёнинг манзараларига боқсангиз, урушлар, қонли тўқнашувлар айримларнинг манфаат ва ҳирсларининггина инъикоси эканини кўрасиз. Глобал оламдан ўзимизнинг кичик дунёга “кўчганимиз”да эса юртдошимиз, маҳалладошимиз, ҳатто оила аъзоларимиздан бирининг тоза фитратга зид хатти-ҳаракатларига кўзимиз тушади. Бу аслида ўша бир бутун гўзал ахлоқнинг заифлашганини кўрсатувчи омилдир.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ гўзал ахлоққа бундай таъриф беради: “Гўзал ахлоқ – очиқ чеҳрали бўлиш, инсонларга доимо яхшилик қилиш ва уларга азият етказадиган нарсаларни бартараф этишдир”.

Ўқиганда ёқимли ва қилиш осондек кўринган бу амаллар аслида динимизда энг улуғ савобга эришиш мумкин бўлган мақбул ибодат саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни тарозуда гўзал ахлоқдан ўзга оғирроқ келадиган нарса йўқ”деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Шу нуқтаи назардан, асли фитратимизда бор бўлган, бизга олам-олам савоблар келтирадиган гўзал ахлоқни “уйғотиш” унчалик қийин иш эмас.

Гўзал ахлоқ – ширин сўз, яхши муомала, муҳаббат, табассум, марҳамат кўрсатиш, аввало, инсоннинг ўзидан бошланиши керак. Яъни, инсон ўзига яхшилик қилиб, боқий дунёда хайр ва саодатга эришиши учун ана шу яхшиликларга қўл уриши лозим. Зеро, бу амаллар ўз ўрнида уни ҳаловат ва бахт кўчасига олиб киради.

Инсон ўз яратилишига мувофиқ, эзгу ниятлар билан ҳаракат, ҳалол меҳнат қилса, умри давомида муваффақият қозонади, чунки олға қадам ташлаш учун арзирли мақсади бор. Бу хатти-ҳаракатлари, аввало, ўз оиласига, кейин атрофидагиларга хотиржамлик, ижобий муҳит ва албатта ишонч беради. Мўминнинг ишончли ва омонатдор бўлишининг сири ҳам мана шунда.

Таъкидлаш лозимки, инсоннинг бу ҳаракатларидан ҳосил бўлаётган ишонч ва омонатдорлик ҳисси вақт ўтиши билан яқинларидан ўзига қайтади. Бора-бора бу ижобий фазилатлар атрофоламга ёйилади ва ўзи яшаётган, келажакда фарзандлари яшайдиган муҳит ижобийлашувига туртки бўлади. Худди Расулуллоҳ алайҳиссалом яшаган саодат асридагидек… Худди жаҳолат сабаб кин, адоват ва маишатдан бўшамаган инсонлар жамиятида бир бурда нонини ҳам мўмин биродарлари билан бўлишиб еган саҳобаи киромлар шаклланганидек…

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Устозлик қилиш Аллоҳнинг раҳматидир

30.09.2025   881   2 min.
Устозлик қилиш Аллоҳнинг раҳматидир

Илм руҳнинг озуқаси. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. “Устоз отангдек улуғ” деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: “Отам мени жисмимни тарбиялаб ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб кўкка етишимга сабаб бўлди”, деган экан.
Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.
Барча соҳаларда бўлгани каби  диний соҳада ҳам устоз-мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Ёш авлодда хизмат кўникмаларини шакллантиришда бой иш ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган ходимлар ҳамда фахрийларнинг панд-насиҳатлари алоҳида таҳсинга сазавордир. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда бундай марҳамат қилганлар:
“Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва хаттоки балиқгача одамларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтадилар”.
Муҳаддислар имоми Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан бири Фирабрий айтади: "Устозим Имом Бухорий менга кўп ҳадис ривоят қиларди. Баъзан малолланиб, зерикиб қолмаслигим учун шижоатимни орттирадиган сўзлардан айтарди. Кунларнинг бирида бундай деди: "Ўйин-кулги қилувчилар истироҳат боғларида, ишлаб чиқарувчилар ўз ҳунарида, савдогарлар эса тижоратида. Сен эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг асҳоблари билан биргасан". 
Демак, устозлар таълим бериш билан бирга сабр матонатли бўлиши учун тарбиячи ҳам эканликлари маълум бўлади.


Муҳиббуллоҳ Худойбердиев, 
Тўрақўрғон туман бош имом хатиби

Мақолалар