Мўминларнинг онаси Софийя бинт Ҳуяй розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирган эдилар. У зотни зиёрат қилгани бориб, гаплашиб ўтирдим. Сўнг кетиш учун турдим. У зот ҳам мени кузатиб қўйиш учун турдилар.
Шунда ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан юришни тезлатишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошилманглар! Бу Софийя бинт Ҳуяй», дедилар. Улар: «Субҳаналлоҳ, эй Аллоҳнинг Расули (сизни бегона билан турибди деб ўйлармидик?!)» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шайтон одам боласининг қон оқар жойларида юради. Шунинг учун қалбингизга бирор ёмонлик (ёки бирон нарса) ташлашидан қўрқдим», дедилар» Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
“Солиҳлар гулшани” китобидан
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Эй Абу Ҳурайра, фароиз (мерос) илмини ўрганинглар ва одамларга ўргатинглар. Чунки у илмнинг ярмидир. У энг биринчи унутиладиган илмдир. Умматим орасидан энг биринчи кўтариладиган илм ҳам шудир".
Саиджамол домла МАСАЙИТОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламоси.