Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кеч киргач, болаларингизни (уйда) ушлаб туринг. Чунки бу пайтда шайтон (жин)лар изғийди. Бир соат ўтгач, болаларингизни эркин қўйинг...”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Қуёш ботгач, фарзандларингизни уйдан чиқарманг, ташқарида юрган бўлишса, уйга киргизиб керакли машғулотлар билан банд қилинг. “Чунки бу пайтда шайтон (жин)лар изғийди”. Тун шайтонлар қўзғалиши учун қулай фурсатдир. Улар бу вақтда ташқарида юрган болаларга зиён етказиши мумкин.
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Устозимиз шайх Жамолиддин Ҳошим ҳафизаҳуллоҳ бир суҳбатларида устозлари шайх Абдуссобур Азҳарий (1941-2015) раҳимаҳуллоҳни эслаб бундай дедилар: “Устозим шайх Абдуссобур раҳимаҳуллоҳ ўзида Азҳарнинг барча илмларини жамлаган эди. У тафсир, фиқҳ, араб тили, фалсафа, мантиқ илмларининг билимдони, етук нотиқ, Аллоҳ таолонинг фозил бандаларидан, авлиёларидан эди.
Унинг икки кўзи ожиз бўлсада, қалби очиқ эди. Унинг жуда кўп ажойиб хислатлари бор эди. Энг эътиборлиси, у доим бутун вужуди билан Аллоҳ таолога боғланар эди. Ҳар бир ҳаракати, вақти зикр, дуо ёки тасбеҳсиз ўтмас эди.
Оддий ҳолатларда ҳам дуо қиларди. Масалан, уйи деразасини ёпмоқчи бўлса, “Ё Роббим, деразамни уйимга бировнинг назари тушмасин деб ёпмоқдаман, Сен назарингни, раҳматингни узиб қўймагин!” дер, телефон жирингласа, “Ё Роббим, менга яхши сўзни эшиттиргин” деб сўнг қўнғироққа жавоб қиларди.
Олдига биров кирса, очиқ юз билан, гўё устозини кутиб олгандек, «Ё неъмат берувчи Зотнинг марҳамати, хуш келибсан!» дер эди.
Вафот этганда уни сўнги манзилга кузатиш ҳолати ҳамон ёдимда: ҳаётлик чоғида кишилар билан қандай очиқ юз билан кўришса, вафотидан кейин ҳам шундай табассум қилиб ётар, юзи нурли, қўллари гўё суяксиз юмшоқ, териси мулойим эди”...
Ушбу сўзларни тинглаб, ҳозирда энг катта камчилигимиз Аллоҳ таолони доимий зикридан ва дуодан узилиб қолганимизни ҳис этдим. Одатда ибодатдан кейин ёки овқатланиш сўнгидан ва бирор ҳожатимиз бўлсагина дуо қиламиз. Бошқа ҳаракатларимизни гўё ўзимиз уддалайдигандек, бепарволик билан бажарамиз.
Ваҳоланки, Аллоҳнинг ёрдамисиз ҳеч бир ишга қодир эмасмиз. Зикр ва дуосиз ғафлатда ўтган вақтимиз ҳам зараримизга ҳужжат бўлиши мумкин, Ўзи асрасин!
Аллоҳ таоло бизга ҳам Ўзига шундай муҳаббат, қалбан яқинликни, доимий зикри, ижобат бўлувчи дуолар билан боғланишни насиб этсин!
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим