Олдин хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2020 йилнинг “Энг обод масжид”и ва ҳар томонлама фаол ва намунали фаолият кўрсатган “Йил имоми”ни аниқлаш бўйича интернет фойдаланувчилари ўртасида сўров ўтказмоқда.
Ушбу танлов шу йил 10 январга қадар давом этади. Шундан сўнг натижалар эълон қилиниб, ғолиблар тақдирланади.
Йилнинг “Энг обод масжид”и ва энг яхши ишлаган “Йил имоми”ни аниқлашда фаол иштирок этинг ва буни яқинларингизга ҳам улашинг.
Сўровнома ботига ўтиш учун ушбу ҳаволага киринг:
@tanlov_muslimuz_bot
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони каримда “ОНА” сўзи улуғвор ва мўътабар нарсаларни ифодалаш учун қўлланилади. Шунингдек, Аллоҳ таоло уларга ҳеч кимга насиб қилмаган буюк мақомни инъом этган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Луқмон сурасида: “Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир” деган (14-оят).
Муфассир Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида: “Аллоҳ таоло бу оятда онанинг хизматини алоҳида таъкидлаб ўтгани, оналарнинг даражаси юқори эканига ишора қилади”, деган.
Ўз ҳавои нафсларидан бирор сўз айтмаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кимга яхшилик қилиш кераклиги сўралганда уч бора “онангга яхшилик қил” деб жавоб берганлар.
Онанинг вазифаси – фарзандни дунёга келтириш, боқиш ва уни тарбиялаб вояга етказиш билан чекланадими ёки уларнинг бунданда бошқа муҳим ҳамда каттароқ масъулиятлари борми?
Бу саволга замонавий илм-фан бизга жавоб беради...
Келинг, саволга жавобни она қорнида ривожланадиган ва она танасининг ажралмас қисми ҳисобланган ҳомиладан бошлайлик. Онанинг жисмоний ҳолати ва унинг овқатланиши ҳомилага таъсир қилганидек, онанинг ҳиссий ҳолати ҳам таъсир қилади.
2013 йилда Гранада (Испания) университети олимлари 5 йил давомида тадқиқот ўтказишди. 17 минг нафар оналар ва 18 минг чақалоқлар қамраб олган тадқиқотда соғлом овқатланиш ва эмизишнинг фарзанд саломатлигига таъсирини кузатдилар.
Унга кўра, ҳомиладорлик вақтида оналарнинг тўғри овқатланиши ва диета қилиши – фарзанднинг соғлом туғилиши ва ривожланиши учун асосий омил бўлиб хизмат қилиши аниқланган. Тадқиқотда онанинг ақлий салоҳиятининг юқори бўлиши фарзандга катта таъсир этиши исботланган.
Шунингдек, онанинг руҳий ҳолати ҳомилага тўғридан-тўғри таъсир қилиши кузатилган. Руҳий тушкунлик, депрессия, қайғу ва ташвиш ички стресс, хусусан, кортизол гормонини келтириб чиқаради.
Она тушкунликка тушганда кортизол фарзанд миясининг ривожланишига салбий таъсир қилади. Натижада бола мия қисмидаги ўзгаришлар сабабли безовтаналади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кортизол гормони қондаги кислород миқдорига, натижада боланинг нафақат туғма нуқсонлар билан ёки эрта туғилиши, ҳатто унинг бутун келажакдаги ҳаётига таъсир қилиши мумкин.
Стрессни бошдан кечирган ҳомиладор аёллардан дунё келган фарзандларда руҳий касалликлар, семириш, қанд касаллиги, саратон ва асаб тизими касалликлари эҳтимоли ҳам уларда юқори бўлган.
Хавотирли ери шуки, бу аломатлар келгуси авлодга ҳам ўтган. Ҳа, унинг асорати нафақат фарзандлари, балки набираларининг ҳаётларига таъсир ўтказган.
Онанинг боласига бўлган ғамхўрлиги ва меҳри фарзанднинг мактабдаги фанларни яхши ўзлаштиришни, айниқса, математика ва чет тиллари каби фанларни пухта ўрганиш қобилиятини ҳамда ўқиш кўникмаларини шакллантиради.
Шунингдек, олимларнинг таъкидлашича, болага ижобий таъсир кўрсатадиган энг муҳим омиллардан бири бу – она-бола ўртасидаги илиқ муносабатлар саналади. Онанинг стресс ҳолати эса, фарзанднинг миясига жиддий таъсир қилади.
Миянинг тубига кириб боришга имкон берувчи сўнгги технологиялар онанинг меҳр-муҳаббати бола миясининг гиппокампус деб аталадиган қисмига таъсир қилиши аниқланган. У хотира ҳужайраларининг янгиланиши, ёдлаб қолиш қобилияти ва стрессга жавоб бериш вазифаларини бажаради.
Бошқа бир тадқиқотга кўра, гиппокампус кўрсаткичи онасидан меҳр кўрганларда меҳр кўрмаган болаларга қараганда юқори экани кузатилган.
Руминияда ёшлигидан стрессда, бепарво муносабатда улғайган болалар устида олиб борилган тадқиқот натижаларида уларнинг мия қисмида қора туйнуклар борлиги аниқланган.
Герҳард Сую ўзининг “Муҳаббат қандай таъсир қилади?” номли китобида “Фарзандга қилинган ҳар қандай муносабат унинг мия фаолиятига таъсир қилади. Агар фарзандга доимий равишда қаттиққўллик, дўқ-пўписа қилинса, у асабий, қўрқоқ, ўз фикрини эркин баён эта олмайдиган бўлиб вояга етади”.
АҚШда 3 мингга яқин шахслар ўртасида ўтказилган сўровномада, она ва бола ўртасида соғлом ҳиссий муносабатлар мавжуд бўлса, уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига ижобий таъсири 74 йил давом этиши мумкинлигини аниқланган.
Демак, фарзанднинг нафақат соғлом, балки салоҳиятли бўлишида ҳам Оналарнинг ўрни ва масъулияти шунчалик юқори экан.
Даврон НУРМУҲАММАД