Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Июн, 2025   |   14 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:28
Аср
17:37
Шом
19:59
Хуфтон
21:36
Bismillah
10 Июн, 2025, 14 Зулҳижжа, 1446

08.01.2021 й. Илмли ёшлар – юрт келажаги

04.01.2021   5494   13 min.
08.01.2021 й. Илмли ёшлар – юрт келажаги

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَم، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الأَكْرَم وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

 

Муҳтарам азизлар! Тарихдан маълумки, барча буюк давлатларда ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, айнан жисмонан соғлом ва ақлан салоҳиятли ёшлар ўз юртининг қудрати ва равнақига замин яратади. Ҳар бир ота-она ҳам ўз навбатида фарзандининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Шундай экан, ота-она ўз фарзандининг ёшлик чоғини мазмунли, намунали, фойдали ишлар ва савобли амаллар билан ўтказишига ёрдамчи бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ

яъни: “Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз” (Таҳрим сураси 6-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “ўзларингизни ва аҳл-оилангизни дўзахдан сақланглар!” оятини тиловат қилдилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, биз оиламизни дўзахдан қандай қилиб сақлаймиз?” – дейилди. У Зот: “Уларни Аллоҳ яхши кўрадиган нарсага буюрасизлар, Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсадан қайтарасизлар”, – дедилар” (Имом Ибн Мардавайҳ ривоятлари).

Ислом динида болаларни ҳали болалигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади:

 ﴿عن عُمَرَ بْنَ أَبِى سَلَمَةَ يَقُولُ، كُنْتُ غُلامًا فِى حِجْرِ النَّبِىّ صلى الله عليه وسلم وَكَانَتْ يَدِى تَطِيشُ فِى الصَّحْفَةِ فَقَالَ لِى رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "يَا غُلامُ سَمِّ اللَّهَ وَكُلْ بِيَمِينِكَ وَكُلْ مِمَّا يَلِيكَ فَمَا زَالَتْ تِلْكَ طِعْمَتِى بَعْدُ" (رواه الامام البخاري).

яъни: Умар ибн Абу Салама разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг қарамоғларида ёш бола эдим. Овқат вақтида қўлимни товоқнинг ҳамма ерига узатар эдим. Шунда Расулуллоҳ менга: “Эй болакай! Аввал, “Бисмиллоҳ”ни айтгин, сўнгра ўнг қўлинг билан, ўзингни олдингдан егин”, – деб ўргатдилар. Шундан бери ўшандай овқатланадиган бўлдим” (Имом Бухорий ривоятлари).

Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилдилар:

﴿لَأَنْ يُؤَدِّبَ الرَّجُلُ وَلَدَهُ خَيْرٌ مِنْ أَنْ يَتَصَدَّقَ بِصَاعٍ (رواه الإمام الترمذي عن جابر بن سمرة)

яъни: “Киши ўз фарзандини тарбия қилиб бир нарса ўргатиши – бир соъни садақа қилишидан яхшироқдир” (Имом Термизий ривоятлари). (Бир соъ –  тақрибан, икки кг майизнинг қийматига тенг бўлади).

Ёшларнинг жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадан тарбия машқлари билан шуғулланиш балки инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, балки ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш назарда тутилади. Қуйидаги ҳадиси шариф шунга далолат қилади:

﴿عَنْ أَبِي رَافِعٍ، قَالَ: "قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ، أَ لِلْوَلَدِ عَلَيْنَا حَقٌّ كَحَقِّنَا عَلَيْهِمْ؟" قَالَ: "نَعَمْ، حَقُّ الْوَلَدِ عَلَى الْوَالِدِ

أَنْ يُعَلِّمَهُ الْكِتَابَةَ وَالسِّبَاحَةَ وَالرَّمْيَ، وَأَنْ يُؤَدِّبَهُ طَيِّبًا" (رواه الإمام البيهقي).

яъни: Абу Рофиъ айтадилар: Мен: Ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам! Бизнинг болаларимизда ҳаққимиз бўлгани каби, уларнинг ҳам бизда ҳақлари борми? – деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, боланинг отадаги ҳаққи унга ёзишни, сузишни, камондан отишни ўргатиши ҳамда ҳалол ва покиза нарсалар бериб тарбиялашидир”, – дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).

  Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ёшларимизнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланиб,  уларга касб-ҳунарни ўргатишимиз – айни муддаодир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнаткаш ва касб-ҳунарли кимсаларни мақтаб шундай деганлар:

﴿اِنَّ اللهَ يُحِبُّ الْعَبْدَ المُحْتَرِفَ (رواه الإمام الترمذى).

яъни: “Аллоҳ таоло касб-ҳунарли кишини яхши кўради” (Имом Термизий ривоятлари).

Муҳтарам жамоат! Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ва дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг асосан охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм инсоннинг асосан дунёсини ободлиги учун зарурдир. Бу ҳақда Имом Суютий  раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини “Ал-Жомиъус соғир” асарларида қуйидаги хабарни келтирганлар:

"خَيْرُكُمْ مَنْ لَمْ يَتْرُكْ آخِرَتَهُ لِدُنْياهُ ولا دُنْياهُ لآخِرَتِهِ ولَمْ يَكُنْ كَلاًّ على النَّاس" (رواه الإمام الخطيب والإمام الديلمي).

яъни: “Сизларнинг энг яхшингиз бу дунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирувчи бўлмаганингиздир”. Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.

Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Жумладан, ёшларни аҳли солиҳ кишилар билан дўсту биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида шундай деганлар:

﴿مَثَلُ الْجَلِيسِ الصَّالِحِ وَالسُّوْءِ كَحَامِلِ الْمِسْكِ وَنَافِخِ الْكِيرِ فَحَامِلُ الْمِسْكِ إِمَّا أَنْ يُحْذِيَكَ وَإِمَّا أَنْ تَبْتَاعَ مِنْهُ وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ مِنْهُ رِيحًا طَيِّبَةً وَنَافِخُ الْكِيرِ إِمَّا أَنْ يُحْرِقَ ثِيَابَكَ وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ رِيحًا خَبِيثَةً (رواه الإمام البخاري عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ).

яъни: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишингиз, ҳеч бўлмаса унинг хушбўйидан баҳра олишингиз мумкин. Аммо темирчининг босқони эса, ё кийимингизни куйдиради, ҳеч бўлмаса тутуни димоғингизни ачитади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни одамларга: “Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади?” – деб савол бердилар. Улар: “Ҳосили йиғиб олинади”, – дейишди. Шунда Ҳасанул Басрий: “Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат, касаллик етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин”, – деб ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишга, кишининг ёшлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар. Ёшлик даври – қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.

Ҳар бир киши фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлар экан, фарзандини ёшлигиданоқ одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил бузғунчи оқимлар ва кимсалар фитналаридан сақланиши ва бошқа зарурий нарсаларни ўргатиши ҳам лозим бўлади. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг жиддий ва катта камчилиги ҳисобланади.

Уламоларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Ёшларни ҳам “ҳали ёшку” демасдан, уни ўз вақтида одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандларимиздан ҳам Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Алишер Навоий, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний каби буюк олиму алломалар чиқади, иншааллоҳ.

 Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилдилар:

﴿مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ (رواه الإمام الترمذي).

яъни: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидаги йигитлар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ва тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар.

Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон аппаратларига топшириб қўйилган. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.

Муҳтарам жамоат! Ёшлар тарбияси ва камолоти мақсадида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига ўзингиз гувоҳ бўлмоқдасиз. Ёшлар орасида китобхонликни ошириш учун жойларда янги кутубхоналар ташкил этилаётгани, мусобақалар ўтказилаётгани, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун жойларда тўгараклар, технопарклар очилаётгани, ёш олимлар учун берилаётган турли имтиёзлар шулар жумласиндандир.

Жумладан, 2020 йил 28 декабрь куни муҳтарам Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилиниши ҳам баркамол авлоднинг тарбиялаш ишларига бунданда кўпроқ аҳамият қаратилишини англатади.

Зеро, имон-эътиқоди мустаҳкам, илм-маърифатли, жисмонан соғлом ёшлар юртнинг буюк келажаги гаровидир. Буларнинг барчаси ҳукуматимиз томонидан фарзандларимизнинг илм олишлари, аждодларига муносиб авлод бўлишларига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Умид қиламизки, ушбу ташаббуслар яқин тарихимизда ўзининг самарасини беради, иншааллоҳ.

Муҳтарам азизлар! 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида нишонланади. Дарҳақиқат, Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, унинг равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш – ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор.

Динимизда Ватанни ҳимоя қилиш ишига ўзини бахшида этиш энг улуғ савобли амаллардан эканлиги айтилган. Бу тўғрида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадиси шариф ривоят қилинган:

﴿عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ اللهِ وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ اللهِ﴾) رواه الإمام الترمذي).

яъни: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири  – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб бедор бўлган кўз” (Имом Термизий ривоятлари).

Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етиши улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд бўлиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кундуз ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи (нафл) рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”(Имом Насаий ривоятлари).

Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан омонда сақласин! Омин!

 

Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси Намозга оид аҳкомлар баёниҳақида бўлади, иншааллоҳ.

Бошқа мақолалар

Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги

09.06.2025   3856   4 min.
Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги

Муҳтарам ватандошлар!

Сиз, азизларни, барча мўмин-мусулмон юртдошларимизни, бутун халқимизни улуғ ва мўътабар айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

Жамики ислом уммати учун қадрли бўлган ушбу шукуҳли байрам – Ийд ал-Адҳони эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун, аввало, меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.

Ҳеч шубҳасиз, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ижтимоий, халқчил давлат барпо этиш, унинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ва таъсирчанлигини оширишда муқаддас ислом дини, унинг асосий байрамларидан бири бўлган Қурбон ҳайити ҳам муҳим роль ўйнамоқда.

Айниқса, бу байрамнинг инсонпарварлик, аҳиллик, саховат ва олижаноблик каби фазилатлари юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, кексалар, ёшлар ва хотин-қизлар ҳақида алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурларимиз самарасини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Азиз дўстлар!

Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий меросимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, ислом динининг эзгу тамойилларини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси – Самарқанд шаҳри 2025 йилда ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари қаторига, шу йил Бухоро шаҳрида ўз фаолиятини бошлайдиган Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳам қўшилди.

Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ва халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин  тимсоли сифатида Янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланади, деб ишонаман.

Ҳурматли юртдошлар!

Шу саодатли кунларда 15 минг нафар ватандошимиз муқаддас ҳаж зиёратини адо этмоқда. Эзгу дуо ва ниятлар ижобат бўладиган мана шундай мунаввар лаҳзаларда уларни ҳам Қурбон ҳайити билан самимий қутлаб, Яратгандан юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини сўраймиз.

Умид қиламизки, муҳтарам ҳожиларимиз жамиятимизда бирдамлик, оила ва маҳаллаларимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларимиз тарбиясини кучайтириш, уларни илм-маърифатга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, Ватан ҳимоячиси бўлишга тарғиб этиш, муҳтож инсонларга кўмак беришда алоҳида ибрат ва намуна кўрсатадилар.

Қалбларимиз қувончга тўлган ушбу файзли кунларда хорижий давлатларда бўлиб турган ватандошларимизни ҳам бугунги улуғ айём билан чин дилдан қутлаб, уларга соғлик-омонлик, бахт ва омад тилаймиз.

Жаҳоннинг узоқ-яқин ўлкаларидаги мусулмон умматини ҳам қизғин табриклаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Ҳозирги кунда дунё нақадар мураккаб ва таҳликали бўлиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Бундай кескин шароитда юртимизда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини сақлаб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб кўзлаган юксак мақсадларимизга ета оламиз.

Албатта, ўз тарихида не-не синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва олижаноб халқимиз бунга ҳар томонлама қодир.

Бу йўлда эл-юртимизга мансуб меҳр-оқибат, ўзаро бирлик ва жипслик биз учун беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.

Сиз, азизларни муқаддас Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Қутлуғ айём барчамизга муборак бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти