Дунё асли зулматдир! Магар уламолар мажлисигина мустасно.
Ҳасан Басрий
***
Ўзингда йўқ нарса билан ясанишга уринма!
Танилганлар танилмасликни хоҳламагунларигача танилмадилар!
Суфён ибн Уяйна
***
Тиши чиққан болага чайнаб берган ош бўлмас
Абдулла Қаҳҳор
***
Муҳаббат уйғонган жойда ҳар қандай қонун ва қолиплар чекинади.
Саййид Аброр Умар
***
Кишининг олим бўлишига Аллоҳ таолодан қўрқмоғи, илмсиз қолишига эса амалига мағрурланиши кифоя қилади.
Масруқ
***
Ҳақ таоло ҳар замонда олимларни ўшал замона халқининг амалларига муносиб сўзлар билан гапиртириб қўяди.
Абу Туроб Нахшабий
***
Ихлос билан қилинмаган ҳар қандай иш беҳуда бўлиб, зое кетади.
Маҳмуд аз Замахшарий
***
Фарзандларингиз эмас ўзингизни тарбияланг, улар барибир сизга ўхшашади.
Тарих муҳрлаган сўзлар
***
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ёмон фикрлар нотўғри қарорларнинг сабабидир”.
Имом Муслим ривояти
***
“Эй, инсонлар, гумондан қўрқинглар (бошқа инсон ҳақида ёмон хаёлга борганингизда, сиз ҳеч қандай исботсиз уни гуноҳ қилганликда айблайсиз), бундай гумон – инсон онгининг энг ёмон нутқидир. Қулоқ солманг (билинтирмасдан) ва айғоқчилик қилманг…”
Ҳадис
***
“Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир”.
Ҳужурот сураси, 12-оят
***
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم
“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.